Коронавируснинг мутацияга учраган янги штамми қанчалик хавфли? ССВ изоҳ берди
Буюк Британия олимлари коронавируснинг янги штамми тарқалаётгани ҳақида маълум қилишди. Уларнинг таъкидлашича, бу турнинг аввалги коронавирус инфекциясига нисбатан юқумлилиги 71 фоиз бўлиб, одатий COVID-19’га қараганда ўта юқумлидир.
Шундан келиб чиқиб, қатор мамлакатлар Буюк Британия билан авиақатновларни вақтинча тўхтатди. Хўш, дунё аҳлини таҳликага солиб турган коронавируснинг мутацияга учраган штамми қанчалик хавфли, у инфекциянинг ҳозирги шаклидан қандай фарқ қилади? ССВ матбуот хизматининг шу каби саволларига вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди.
“Биз шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар қандай вирус атроф-муҳитга мослашиш даврида мутацияга учрайди. Мутациянинг қанчалик кенг кўламда бўлиши вирус тарқалувчанлиги билан боғлиқ, яъни касалликни юқтирган ҳар учинчи, тўртинчи одамда бу вирус мутацияси кузатилади. Коронавируснинг кенг тарқалаётган мутацион штамми сентябр ойида биринчи бор Буюк Британияда аниқланган, бугунги кунда 60дан ортиқ ҳудудда бу штамм кузатилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Олимлар кузатиши бўйича COVID-19’нинг мазкур штамми кўпроқ болалар ва ёшларда аниқланмоқда ҳамда касаллик белгиларида деярли ўзгариш йўқ. Лекин бу штамм аниқланганига ҳали кўп вақт бўлмагани боис, касалликнинг оғир ва ўта оғир даражада кечуви ҳақида маълумотлар етарли эмас. Бу эса бизни янада ҳушёр бўлишга чорлайди”, - дейди штаб аъзоси.
Унинг таъкидлашича, янги штамм таҳлиллари мутациядан сўнг вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлганини кўрсатмоқда. Булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтовчи қисмидир. Вирус шу тожлар орқали тана ҳужайраси юзаси билан контактга киришади. Ишлаб чиқилаётган вакциналар коронавируснинг ташқи қобиғи, яъни ёғ кислотаси мавжуд S-оқилли қобиғига таъсир қилади. Коронавирус мутацияга учраб, ўз генетик штаммини ўзгартирса ҳам вакциналар унинг янги штаммларига таъсир кўрсатиши тўғрисида Буюк Британия ва Россия олимлари таъкидлаб келмоқда.
“Вакцина иммун тизимини вируснинг турли таркибий қисмларига ҳужум қилиш учун тайёрлайди, бу эса тожнинг муайян қисми мутацияга учраса ҳам, вакцина самараси сақланиб қолишини англатади. Дунё олимлари вирус вакцинага қарши тура оладиган мутантларни келтириб чиқарса, коронавирусга қарши вакциналарни касалликка мослаштириб бориш мумкинлиги ҳақида айтишмоқда.
Унгача касалликдан ҳимояланиш учун эса, доимий равишда карантин ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак. Жумладан:
ниқобларни тўғри тақиш ва ўз вақтида алмаштириш;
уйдан ташқарига чиққанда ўзаро масофа сақлаш;
қўлларни доим совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш;
уйга қайтганда, оила аъзолари билан кўришишдан олдин кийимларни алмаштириш, қўлларни совунлаб 20 сониядан кўп ювиш, томоқ ва бурунни 3 мартадан ортиқ иссиқроқ сувда чайиш, юзларни ювиш;
соғлом ва рационал овқатланиш, мева-сабзавотларга бой овқат истеъмол қилиш (овқат тўлиқ термик таъсирдан ўтган бўлиши керак);
енгил жисмоний ҳаракатлар билан доимий шуғулланиш, нафас машқларини бажариш ва аста-секин жисмоний фаолликни кўпайтириб бориш лозим”, - дея маълум қилди Севара Убайдуллаева.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Республика махсус комиссияси бир неча давлатлар қатори Буюк Британия билан ҳам авиақатновларни вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилди.
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023