ХМК вице-президенти — Ўзбекистон иқтисодиётини тоза энергияга ўтказиш ҳақида
Халқаро молия корпорацияси вице-президенти Жоржина Бейкер Kun.uz'га тақдим этилган мақоласида Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия ечимларини жорий этиш масаласида сўз юритади.
Ўзбекистон пандемиядан кейинги дунёга барқарор ва зарбаларга бардошли иқтисодиёт билан кириш имкониятига эга. Бу келажакнинг калитларидан бири – тоза энергиядир.
Электр энергияси тақчиллигини бартараф этиш бизнес самарадорлиги ва ўсишни таъминлаш, иш ўринлари яратиш ва қашшоқликни камайтириш учун жуда муҳимдир. Марказий Осиёдаги энг йирик энергия бозорларидан бири сифатида, ҳозирда ишлаб чиқариш қуввати 12,9 гигаватт бўлган Ўзбекистон ушбу сектордаги муаммоларни ҳал қилиш ва мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш учун жуда яхши имкониятларга эга.
Сўнгги 15 йил ичида Ўзбекистоннинг энергия сиғими тахминан 45 фоизга камайди. Бироқ мамлакат дунёдаги энг кўп энергия сарфлайдиган мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда – бу рақам қўшни Қозоғистондан 35 фоиз ва Германиядан уч баравар юқорироқни ташкил қилади.
Яхши томони шундаки, Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия манбалари салоҳияти, яъни гидроэнергетика, қуёш ва шамол энергияси мамлакатнинг ўсиб бораётган энергия эҳтиёжларини қондириши ва тоза энергия иқтисодиётига ўтишини таъминлаши мумкин. Аммо, гидроэнергетикадан ташқари, қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш даражаси пастлигича қолмоқда. Буни ўзгартириш талаб этилади.
Қайта тикланадиган энергия мамлакатда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиясининг 85 фоизини ташкил этувчи табиий газга бўлган боғлиқликни камайтиришга ёрдам беради.
Қайта тикланадиган энергетика соҳасини ривожлантириш бизнес учун янги имкониятлар яратади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукуматига 2010 йил билан солиштирганда 2030 йилга келиб ялпи ички маҳсулотнинг бирлигига нисбатан атмосферага чиқариладиган газ миқдорини 10 фоизга камайтириш бўйича ўз мажбуриятини бажаришда ёрдам беради.
COVID-19 сабабли Ўзбекистонда январ-июн ойларида татбиқ этилган карантин чораларининг икки тўлқини иқтисодий фаолиятни секинлаштирди. Натижада ЯИМ ўсиши 2020 йилнинг биринчи ярмида биринчи чоракдаги 4,1 фоиздан 0,2 фоизгача пасайиб кетди. Инфратузилмадаги муаммоларни бартараф этиш ва қайта тикланадиган энергия ечимларини жорий этиш халқнинг барқарорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматларини кўрсатиш учун ресурсларни бўшатиш ва иқтисодиётни тиклашни рағбатлантириш учун жуда муҳимдир.
Ҳукумат аллақачон электр энергиясини ишлаб чиқариш таркибини диверсификация қилиш устида ишламоқда ва 2030 йилга қадар электр энергияни ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган манбалар улушини умумий электр энергиясининг 25 фоизигача оширишга эътибор қаратган.
Бунга эришиш учун ислоҳотлар энергия ва ресурсларни тежашдаги учта тўсиқни – норматив-ҳуқуқий ва институционал, молиявий ва техник тўсиқларни бартараф этишга қаратилган бўлиши керак. 2019 йил март ойида ҳукумат учта йўналишли ёндашувни, яъни вертикал равишда бирлаштирилган тизимни ажратиш, тариф ислоҳотини ва энергия ишлаб чиқаришга хусусий сектор сармояларини жалб қилишни назарда тутадиган илғор ва кенг кўламли ислоҳотлар режасини ташаббус қилди.
Жаҳон банки кўмагида ислоҳотларнинг асосий қадамларига янги Энергетика вазирлигини ташкил этиш, вертикал-интеграллашган электр энергияси компаниясини («Ўзбекэнерго») бўлиш ва ДХШни ривожлантириш агентлигини яратиш орқали қўйиб бўлинган.
Секторни инвестициялар учун очишнинг асосий одими – вертикал равишда бирлаштирилган давлат электр таъминоти корхонасини электр энергияси ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва узатиш учун учта алоҳида ташкилотга қайта тузилиши бўлди.
Ушбу ислоҳотлар энергия тежайдиган ускуналар ва технологиялардан фойдаланиш ҳамда соҳага хусусий сармоялар оқимини оширишга ёрдам беради.
Келажакдаги истиқболлар
Келажакда электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириш учун Ўзбекистонга муҳим инфратузилма сармоялари талаб этилади. Қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 14,7 миллиард доллар керак бўлади. Бунинг учун барча мумкин бўлган молиялаштириш манбаларини ва давлат ва хусусий секторнинг, шунингдек маҳаллий ва халқаро ташкилотлар инновацион бизнес моделларидан фойдаланган ҳолда биргаликда ишларни сафарбар этиш талаб этилади.
Молиялаштиришдаги камчиликларни бартараф этиш учун ҳукумат сармоядорларни жалб этиш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий-норматив тузилма ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) фаолиятини йўлга қўймоқда.
ДХШ орқали хусусий секторни жалб қилиш ҳукуматга молиялаштириш хавфини бўлишишга имкон беради. ДХШ лойиҳалари, шунингдек, Ўзбекистонга хусусий сектор тажрибаси ва самарадорлигидан фойдаланиш, хусусий капитални жалб қилиш ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш имконини беради.
Самарали ДХШ лoйиҳалари инфратузилма лойиҳаларини, шу жумладан узоқ муддатли активлар учун катта миқдордаги доимий харажатларни талаб қиладиган энергетика лойиҳаларини молиялаштиришда айниқса муҳим аҳамият касб этади. ДХШ, шунингдек, асосий хизматларни кенгайтиришга ёрдам бериши ва анъанавий секторни хусусий сектор иштирокининг турли шакллари билан тўлдириши мумкин.
Жаҳон банки гуруҳи IFC консултация дастури орқали Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида биринчи рақобатдош ДХШ лойиҳасини амалга оширишда ёрдам берди. Лойиҳа Жаҳон банки гуруҳининг ҳукуматларга қуёш энергияси бўйича лойиҳаларни хусусий молиялаштириш ҳисобига рақобатбардош нархларда амалга оширишни тезлаштиришга ёрдам берадиган «ягона ойна» бўлган Scaling Solar ташаббуси доирасида амалга оширилди.
2019 йил октябрда ушбу очиқ, ошкора ва рақобатдош ДХШ танлови ривожланаётган бозорларда қуёш энергиясининг энг паст тарифларидан бирига, яъни киловатт соатига 2,7 цент қийматига эришиш имконини берди.
Лойиҳа Ўзбекистондаги электр станцияларининг ўрнатилган қувватига 100 мегаватт қўшади. Лойиҳа томонидан ишлаб чиқарилган энергия 31 мингдан ортиқ хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш учун етарли бўлади.
Лойиҳа доирасида 110 миллион доллар хусусий маблағлар жалб қилинди, шунингдек, тармоққа 270 гигаватт/соат қўшимча қайта тикланадиган электр энергияси узатилади ва бу йилига 156,000 метрик тонна иссиқхона газлари чиқарилишининг қисқаришига олиб келади.
Электр энергияси мамлакатнинг барқарорлигини яхшилашда, муҳим инфратузилма иншоотларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда ва уй ҳамда корхоналарни керакли электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Навоий вилоятидаги янги қуёш электростанциясида ишлаб чиқариладиган электр энергияси 25 йил давомида янги ташкил этилган Ўзбекистон миллий электр тармоғи номли давлат энергетика корхонасига сотилади. Биринчи тендер муваффақиятли ўтганидан руҳланиб, 2020 йил феврал ойида Ўзбекистон ҳукумати умумий қуввати 400 мегаватт бўлган қуёш электр станцияларини қуриш бўйича қўшимча ДХШ лойиҳаси учун яна бир танлов эълон қилди.
Бу ўз вақтида амалга ошмоқда, чунки Ўзбекистон 2030 йилгача 5 гигаваттгача қуёш энергиясини ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Ҳукумат тоза энергиядан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш учун энергия тежайдиган батареялар каби янги технологияларни ҳам ўрганмоқда. Бу тоза энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда хусусий ва тижорат маблағларини жалб қилиш орқали мамлакатнинг энергия балансини диверсификация қилади.
Ушбу лойиҳа шуни кўрсатадики, Ўзбекистоннинг тоза энергияга ўтиши, хусусан, давлат ва хусусий манфаатларни мувозанатлаштирган ҳолда, ДХШ орқали қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга ошириш орқали амалга оширилади. Ва бу Ўзбекистон кам углеродли ва ресурслардан тежамли иқтисодиётга биринчи қадам қўйганининг умидли белгисидир.
Жоржина Бейкер,
Халқаро молия корпорацияси (IFC) вице-президенти,
Жаҳон банки гуруҳи аъзоси.
Мавзуга оид
23:32 / 04.11.2024
Электромотоцикл Африка бўйлаб қуёш энергиясида 6 минг километр йўл босиб ўтди
10:56 / 03.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосида рекорд даражада ифлосланиш қайд этилди
14:30 / 02.11.2024
ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тасдиқланди
21:13 / 31.10.2024