Барча оилалар болаларига универсал нафақалар берилиши керак
Бола ҳаётининг биринчи 1000 куни – боланинг бутун ҳаёти давомидаги саломатлиги учун асослар қўйиладиган вақт. Айни шу даврда уларни максимал даражада қўллаб-қувватлаш ва етарли озуқаларни олиши жуда муҳим. Шу боис имтиёзлар биринчи навбатда энг ёш болаларга берилиши керак.
«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 12-моддасига кўра, давлат болаларни тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлашни кафолатлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.
Болаларни нафақалар билан қамраб олиш – бола ҳуқуқларини амалга оширилишининг келгусида салбий иқтисодий оқибатлар хавфини камайтиради.
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тезкор эътиборни талаб қиладиган соҳадир. Уларни имтиёзлар билан қамраб олишни кенгайтириш болаларнинг овқатланишини ва ривожланишини, уларнинг ўқишдаги муваффақиятларини яхшилашни англатади, бу эса бола манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини янада рағбатлантириш борасида ютуқларга эришишга имкон беради.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги болалар вазиятининг таҳлилида келтирилишича, Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимояга киритадиган инвестициялари нисбатан паст даражада бўлиб, ЯИМнинг 6 фоизи ижтимоий ҳимоянинг миллий тизимига сарфланади.
Ўзбекистондаги болаларнинг кўпчилиги (54 фоиз) бирор ижтимоий нафақа оладиган оилаларда истиқомат қилади. Шундай бўлса-да, кам таъминланган оилаларнинг ярмидан кўпи (52 фоиз) миллий ижтимоий ҳимоя тизими томонидан ҳеч қандай кўмак билан қамраб олинмаган ва вақт ўтиши билан турли нафақаларнинг қамрови қисқарди.
Бугунги кунда 0–17 ёшдаги болаларнинг атиги 17 фоизи, бола учун мўлжалланган уч турдаги нафақаларнинг (болани парваришлаш бўйича нафақа, оилавий нафақа ва ногиронлик нафақаси) бирортасини олаётган оилаларда яшайди.
Бундан ташқари, болалари бор оилаларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган болалар нафақаларининг уч тури билан қамраб олиш даражаси мунтазам пасайиб бориши кузатилмоқда. Масалан, 2 ёшгача бўлган болани парваришлаш учун нафақа олувчилар сони 2009 йилдан бошлаб 60 фоизга камайди ва 2 ёшдан 14 ёшгача болалари бор бўлган оилаларга тўланадиган нафақалар вақт ўтиб қисқарди ва эндиликда атиги 10 фоизгина болаларни қамраб олмоқда. Болали оилалар ҳам бугунги кунда аҳолининг энг камбағал қатламларига мансуб бўлиб қолган.
Шу билан бирга, имкониятлари чекланган болаларнинг 48 фоизи ногиронлик нафақаси ола олмаяпти.
Болалар ногиронлиги бўйича нафақа тўлаш учун ажратилган бюджет паст даражада бўлиб, ЯИМдан атиги 0,21 фоизни ташкил қилган.
Шунингдек, турли ёшдагилар гуруҳлари орасида ҳам ижтимоий нафақалар билан қамраб олинганликда номутаносиблик бор. Масалан, 15–17 ёшли болалар аксарияти ижтимоий нафақалар дастурлари билан қамраб олинмаган. Болалар камбағаллиги даражаси умуман аҳоли камбағаллиги даражасидан юқоридир.
Ижтимоий ҳимоя тизимидаги ҳал этилиши зарур бўлган асосий масалаларга эътибор қаратамиз.
Нафақа олиш учун ариза бериш таомилларининг мураккаблиги, нафақаларни тўлаш даври кераклича мослаштирилмагани ҳамда ижтимоий таъминот ва ижтимоий хизматларни тақдим этиш тизимининг парчалангани сабабли ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги етарли даражада эмас.
Нафақалар олиш ҳуқуқи тўғрисидаги билимлар етишмаслиги, талабнома узатишнинг мураккаб таомиллари, кўрсатиладиган ёрдамнинг кераклича давомли эмаслиги, фуқароларнинг ижтимоий таъминот бўйича нафақалар олишга мурожаат қилмасликларига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, ёрдамга муҳтож болали оилаларга нафақа олишга оид ҳуқуқлари тўғрисида ахборот берадиган ёки талабнома узатиш учун керакли ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам берадиган профессионал ижтимоий хизматлар ёки ижтимоий ходимлар йўқ. Ушбу омиллар аҳоли ижтимоий таъминот тизими билан паст даражада қамраб олинишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, болада ногиронлик аниқланган шарти билангина болага ногиронлик бўйича нафақага эга бўлиш ҳуқуқи тақдим этилади ва бунинг тўғрисидаги хулоса тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина берилади. Тиббий кўрикдан ўтиш жараёни кўпинча касалхонага ётиш ва тегишли маблағ сарфлашни талаб қилади ва айнан шунинг учун кўпгина кам даромадли оилаларнинг бу жараёндан ўтишга имкониятлари етарли эмас.
Бундан ташқари, ногиронликни аниқлаш жараёни фаолият юритиш, ҳаётий фаолиятни чеклаш ва саломатлик бўйича халқаро таснифлашга мос эмас. Шу аснода функционал чекловлари мавжуд кўп сонли одамларнинг фақат бир қисмидагина ногиронлик эътироф этилади.
Ўзбекистон болалар ҳуқуқларини амалга оширишда янада сезиларли тараққиётга эришиши учун энг муҳтож болалар аҳволини таҳлил қилиши ва бундай муҳтожлик кўп тарқалган соҳаларда тенгсизликни қисқартиришга қаратилган миллий сиёсат ва режаларни ишлаб чиқиши зарур.
Шунингдек, мавжуд соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва болаларни ҳимоя қилиш тизимларининг фаолият юритиш негизида мужассамлашган айрим таркибий тўсиқларни ўрганиш ва бартараф этиш, болалар ҳаётига таъсир қилувчи қарорлар қабул қилинишида болаларнинг ўзи иштирок этиши механизмлари ва жараёнларини белгилаш шарт.
Бола нафақалари ота-оналарга муҳим ёрдам беради, болаларнинг асосий эҳтиёжларини, масалан, озиқ-овқат ва ўқув қуролларини қоплаш ва келажакка ишонч билан қарашга ёрдам беради.
Болалар учун нафақаларни фақат муҳтож оилаларга тайинлаш бўйича мақсадли ёндашув кўпинча маҳаллаларда кескинликни келтириб чиқаради. Маҳаллаларда одатда маблағ етишмаслиги сабабли барча муҳтож оилаларга нафақа бера олмайдилар.
Шунингдек, ҳеч кимга сир эмаски, кўпинча болалар савдоси қурбонлари – моддий аҳволи оғир, етим болалар, камбағал, кўп болали оилаларнинг фарзандларидир. Булар ота-оналар (ота-она, ота-онасини ўрнини босувчи бошқа шахс) болани боқиш, тарбиялаш ва ўқитиш бўйича вазифаларни бажара олмайдиган ҳолатлардир.
Ўз навбатида, барча оилалар болаларига бериладиган универсал нафақалар ижтимоий муносабатлар ва ижтимоий бирдамликни ривожлантиришда анча самарали.
Халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатадики, универсал имтиёзлар самаралироқ. Бундай дастурларни бошқариш осонроқ ва арзонроқ. Бундай дастурлар одатда сиёсий жиҳатдан машҳур бўлиб, аҳолининг аксарият қисмига фойда келтиргани учун ижтимоий бирдамликни тарғиб қилади.
Умумжаҳон (потенциал нафақа олувчиларнинг 100 фоиз йўналтирилгани, масалан, болаларга нафақа бериш ҳолатида бўлган болалар) ёки квазиуниверсал (яъни потенциал нафақахўрларнинг кўп қисми қамраб олинишини англатади, масалан 75–80 фоизи) нафақа олувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини сақлашга ёрдам беради.
Мақсадли ёндашув билан нафақалар оилаларга кам таъминланган деб топилган тақдирдагина тайинланади. Ушбу мақом нафақа олувчиларнинг қадр-қимматига путур етказиши мумкин.
Энг муҳими, болаларни қўллаб-қувватлаш бу хайрия эмас, балки мамлакатдаги инсон капиталини ривожлантиришга зарур сармоядир. Болалар учун нафақалар оилаларга фарзандларини яхши овқатланишини таъминлашга ёрдам беради.
Яқинда ЮНИСЕФ томонидан ўтказилган овқатланиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда 6 ёшдан 23 ойгача бўлган болаларнинг 95 фоиз минимал қабул қилиниши зарур бўлган овқатланиш меъёри бўйича таом истеъмол қилмайди.
Бундан ташқари, болаларнинг тўртдан бир қисми камқонликдан азият чекмоқда. 5 ёшгача бўлган болаларнинг 9 фоизи учун бу ўсишнинг сустлашишига олиб келди, бу эса ўз навбатида когнитив ривожланиш ва ўқиш самарадорлигини пасайтиради, сурункали касаллик хавфини оширади.
Ушбу муаммони ҳал қилишда болалари бўлган оилаларни нафақалар билан қўллаб-қувватлаш ва яхши овқатланиш тўғрисида хабардорликни ошириш зарур.
Болаларнинг имтиёзлари болаларни ўрганиш ва ривожлантириш учун уй шароитида қулай муҳит яратишга ёрдам беради. Болалар таълимини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар фақат мактаб тизимига инвестициялар билан чекланмаслиги керак.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги бошланғич мактаб ёшидаги болаларга таълими бўйича ўтказилган тадқиқоти шуни кўрсатадики, уй шароитлари, масалан, ўқув қуроллари, ўқиш учун китоблар, стол, болаларнинг мактабдаги фаолиятини белгилашда муҳим рол ўйнайди.
Шуни таъкидлаш керакки, уй шароитининг болалар мактабидаги фаолиятига таъсирини кўплаб мамлакатларда кўриш мумкин. Шундай қилиб, уй шароитларини қўллаб-қувватлашга ёрдам бериш орқали ҳукуматлар мактаб тизимига сармоялар рентабеллигини сезиларли даражада ошириши мумкин.
Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга қўйилган сармояларнинг самарадорлиги, мамлакатда оилалар орасида кенг тарқалган қашшоқлик муаммосини ҳал қилишга қодир бўлиши билан боғлиқ. Ушбу муаммони фақат бандликка кўмаклашиш дастурлари орқали ҳал қилиб бўлмайди, чунки тузилмавий тўсиқлар ва юқори ишсизлик туфайли меҳнат бозорида муносиб иш ўринлари етишмаяпти.
Бугунги кунда болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, масалан, нархлар ва тарифларни эркинлаштириш мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилганига қарамай, улар заиф оилалар учун вақтинчалик хавф билан боғлиқ.
Коронавирус пандемиясидан келиб чиқадиган иқтисодий тушкунлик ҳам заиф оилалар учун хавфни оширди. Масалан, сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, дунёда қашшоқликда яшовчи болалар сони 15 фоизга кўпайиши мумкин. Европа ва Марказий Осиёда бу ўсиш 44 фоизга етиши мумкин.
COVID-19га қарши курашиш ва пандемия таъсирини юмшатиш учун Халқаро болаларни қутқариш ташкилоти ва ЮНИСЕФ болалар зудлик билан эҳтиёжларини қондириш ва келажакдаги мумкин бўлган зарбалардан ҳимоя қилиш учун болаларга бериладиган нафақаларни зудлик билан ва кенг миқёсда кенгайтиришга чақиришмоқда.
Болаларга нафақа беришнинг самарали тизими ушбу хавфларни камайтириши ва шу билан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишини қўллаб-қувватлаши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати болалар учун нафақа олувчилар сонининг 10 фоизга кўпайишини эълон қилди ва бу муҳим қадам бўлди. Бироқ, мавжуд вазият оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатга бугун ва келажакда зарур бўлган инсон капиталини ривожлантириш учун қамровни янада кенгайтиришни талаб қилмоқда.
Болалар учун нафақалар қамровини кенгайтириш қўшимча маблағларни талаб қилиши аниқ. Буни мамлакат бюджетига катта юк тушмасдан бажаришга имкон берадиган усуллари мавжуд. Масалан, 80 фоиз оилаларга болаларига нафақа бериш ва ўз фарзандларини ўзлари таъминлашга қодир бўлган иқтисодий жиҳатдан энг фаровон оилаларнинг 20 фоизини ҳисобга олмаган ҳолда ўйлаб кўриш мумкин.
Молиялаштириш талабларининг сезиларли даражада ошишига йўл қўймаслик учун болаларга бериладиган нафақаларни қамраб олиш босқичма-босқич кенгайтирилиши мумкин.
Бола ҳаётининг биринчи 1000 куни – бу боланинг мияси ўсиб, ривожлана бошлаган ва бутун ҳаёт давомида соғлиқ учун асослар қўйилган вақт. Боланинг ҳаётининг биринчи 1000 кунида максимал даражада қўллаб-қувватлаш ва етарли овқатланишни олиш муҳимлигини ҳисобга олиб, имтиёзлар биринчи навбатда энг ёш болаларга берилиши керак.
Бундан ташқари, дастур ҳар йили болалар нафақалари учун ёш чегарасини кўтариб, охир-оқибат 18 ёшгача бўлган болаларни қамраб олиши мумкин.
ЮНИСЕФ таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу таклиф молиявий жиҳатдан мақсадга мувофиқдир ва аҳоли фаровонлигини сезиларли даражада оширишга, хусусан, 2030 йилга келиб қашшоқликнинг умумий даражасини 21 фоизга камайтиришга имкон беради. Энг камбағал оилаларга кўпроқ фойда келтиради.
Ҳеч кимга сир эмаски, аксарият минтақалар аҳолиси, айниқса қишлоқлар даромад манбаларига эга эмаслар. Барча мамлакатларда бўлгани каби, бизда ҳам аҳолининг кам даромадли қатламлари мавжуд. Турли хил ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 12–15 фоизни ташкил қилади. Гап мамлакатимизнинг 4–5 миллион аҳолиси ҳақида кетмоқда.
Кўпчилик бу муаммони нафақалар ва моддий ёрдамни тўлаш ёки уларнинг ҳажмини ошириш орқали ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайди. Бироқ бу – муаммони тубдан ҳал қилмайдиган бир томонлама ёндашув.
Қашшоқликни камайтириш учун кенг қамровли иқтисодий ва ижтимоий сиёсат – тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришдан тортиб, аҳолининг қобилиятлари ва салоҳиятини сафарбар қилиш, янги иш ўринлари яратишга қадар амалга оширишни талаб қилади.
Бироқ, биласизки, ҳар ким ҳам тадбиркорлик қобилиятига эга эмас. Шунинг учун биз бундай одамларга алоҳида эътибор қаратишимиз ва уларни касбий қайта тайёрлаш орқали муносиб иш билан таъминлашимиз керак.
Биз иш ўринлари яратадиган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак.
Ижтимоий нафақаларни тўлашнинг янги тизимини, шу жумладан кам таъминланган оилаларни қамраб олишни кенгайтириш ва бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлашни жорий этиш зарур.
Шу билан бирга, мезонларни қайта кўриб чиқиш ва имтиёзлар беришнинг шаффоф тизимига ўтиш, маҳалланинг бу ишдаги иштирокига танқидий баҳо бериш керак.
Умуман олганда, янги тизим фуқароларнинг ижтимоий нафақа олиш учун мурожаат қилишлари учун ишлаши керак, улар шу куни барча керакли ҳужжатларни тайёрлайди ва муаммони ҳал қилади.
Саттор Раҳматов,
Омбудсман котибиятининг Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири
Мавзуга оид
07:50 / 28.10.2024
Фуқарога нафақа қилиб беришни ваъда қилган тиббиёт ходими пора билан ушланди
08:10 / 26.10.2024
Тошкентда 15 ёшли болани поезд уриб кетди
09:30 / 23.10.2024
Болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди
20:56 / 20.10.2024