Спорт | 14:03 / 26.12.2020
9705
13 дақиқада ўқилади

«Boxing Day»га 4 савол. АПЛнинг энг қизғин палласи олдидан ҳафта ўйинлари анонси

Бугун Англия Премьер-лигасида «Boxing Day». Нафақат Премьер-Лига, балки Англиянинг барча профессионал лигаларидаги жамоалар навбатдаги тур ўйинларини ўтказишади. Бу кунда футбол ўйнаш Англияда одат тусига кирган, ҳар йилнинг сўнгги ҳафтасига АПЛ бир эмас, бир нечта тур ўйинларини сиғдириб, мухлисларга ўзига хос байрам совға қилади.

Boxing Day тушунчаси футбол оламида баъзан бироз нотўғри тушунилади. Йилнинг сўнгги ўн кунлигида Англияда бир неча тур ўтказилишини эътиборга олиб, кўпчиликда, бу термин ҳақида бироз нотўғри фикр шаклланган.

Аслида бу терминнинг илдизи boxing, яъни «бокс» эмас, «The Box» яъни «қути» маъносини англатади. Тарихда Christmas (25 декабр) байрамининг эртасида зодагонлар ўз хизматкорларига дам олиш имконини беришган ва уларга қутида совға улашилган. Бу куннинг алоҳида байрамга айланиши айнан ўша одатга асосланади, кейинчалик, бу кунда инглизлар бир-бирларига қутиларда совға беришга одатланишди.

Бир неча спорт турларида, хусусан футболда ҳам 26 декабрда ўйинларни ўтказиш урфга кирди ва ҳар йили бу санада ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар тур ўйинлари ўтказиладиган бўлди. Шунинг учун ҳам кўпинча чемпионатнинг 18- 19-турларига тўғри келадиган бу кунга алоҳида эътибор бериладиган бўлди ва алоҳида ҳисоб-китоблар юритилиши мухлислар учун қизиқдир.

Албатта, биратўла ўша сўнгги ўн кунликни эътиборга олиб, «Боксинг дэй»ни умумий қилиб, 3-4 тур деб тушунилиши у қадар зарар эмас. Филологияда ҳам бутунни қисм билан ифодалаш қоидалари бор, масалан. Таҳлилчилар, журналистлар кетма-кет ўтказиладиган мана шу турларни умумий маънода шу атама билан номлашларини тушуниш учун ҳам, бу кунларнинг ўзига хослиги нуқтайи назаридан ҳам у қадар нотўғри туюлмайди.

Афсуски, бу сафарги байрамлар бироз фарқ қилади, пандемия билан боғлиқ чекловлар, аксарият ўйинларнинг умуман мухлисларсиз ўтиши, бунинг устига Британияда тарқалган янги турдаги вирус ваҳимаси футболга бироз соя солиши шубҳасиз. Аммо айтиш керакки, футболни телевизордан кўришга кўникиб бўлинди, уйдаги сокин муҳитда футбол томоша қилиш диққатни жамлашга ва жамоаларнинг имконияти, турнир ҳолатида таҳлилийроқ назар ташлаш имконини ҳам беради. Шу томондан позитив қараш ҳам мумкин.

Айни қизғин паллада турнир жадвали ҳам жуда тиғиз шаклланиб қолган ва бир неча жамоа учун ҳақиқий синов бошланяпти. Мана шу турлардаги натижалар уларнинг мавсумдаги асосий амбицияларини белгилаб беради. «Юнайтед» чемпионлик учун кураша оладими, Эллардайс бу сафар эплайдими, Артетани нималар кутиб турибди ва яна бир қатор қизиқарли саволларга жавоб олиш остонасида турибмиз.

«Ливерпуль»нинг таъқибчиси ким?

«Лестер» ўтган турда ҳам шу мақомдаги учрашувда майдонга тушган ва сафарда «Тоттенҳэм» устидан ғалабага эришганди. Рожерс шогирдлари ҳозирча 27 очко билан пешқадамдан 4 очко ортда қолган ҳолда 2-ўринда боришмоқда. Аслида эса, йўқотилган очколар бўйича «Манчестер Юнайтед» иккинчи, фақат манчестерликларнинг захирада «Бёрнли»га қарши ўйини турибди. Демак, бугунги ўйин натижаси АПЛдаги соф иккинчи жамоани аниқлаб беради. Аммо жадвал шу қадар тиғиз юзага келганки, масалан, «МЮ» бугун ғалаба қозонса, ҳатто йўқотилган очколар бўйича турнирда асл пешқадамга айланиб олиши, аммо мағлубиятга учраса, 8-ўринга тушиб кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд.

«Юнайтед» қачон-қачон, айнан шу мавсумда чемпионлик учун курашга мажбур. Чунки «Ливерпуль» бу йил ҳам чемпионликни сақлаб қолса, умумий ғалабалар сони бўйича «Юнайтед»га етиб олади. «МЮ» бунга халақит беришдек буюк вазифани бошқа жамоага ишониб топширмаслиги шарт.

«Лестер» ва «Юнайтед» ўртасидаги тўқнашувлар доим қизиқарли ва шиддатли бўлиб келган бўлса-да, натижа эътибори билан қарасак, «тулкилар»нинг сўнгги ғалабаларига ҳам олти йилдан ошди. Эсингизда бўлса, Луи ван Гал жамоаси 3:1 ҳисобида хотиржам олдинда борган, кейин Вардининг голи ва 4 ассисти ёрдамида мезбонлар 5:3 ҳисобида ғалаба қозонгандилар. Шундан буён кечган 12 учрашувнинг 9 тасида «қизил иблислар» устун келдилар, уч ўйин дуранг билан якунланди. Ўтган мавсумнинг ҳал қилувчи ўйини ҳам айнан шу стадионда, шу рақиблар иштирокида кечган, «Юнайтед» 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритганди. Умуман сафар ўйинлари ва «МЮ» алоҳида мавзу – Сульшер жамоаси қаторасига 13 учрашувдан буён АПЛ жамоалари (кубок ва чемпионат доирасида) устидан фақат ғалаба қозониб келмоқда. Бу ҳам рекорд.

Таркибларга тўхталсак, «Лестер» сафига Ндиди қайтгани катта плюс. Рикардо Перейра ҳали тиклангани йўқ, Суюнжу машғулотларга қайтган бўлса-да, бугун жамоага ёрдам бериши шубҳа остида турибди. «Юнайтед»дан эса, фақат Скотт Мактомини номаълум – у «Лидс» билан ўйиннинг охирларида жароҳат туфайли майдонни тарк этганди.

26 декабрь (шанба)

Англия Премьер-лигаси. 15-тур

ЛЕСТЕР – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Ўйин бошланиш вақти: 17:30
ТВ-трансляция: FutbolTV

Артетанинг сўнгги қўшиғи?

Икки йил олдин Жозе Моуриньо «Ливерпуль»га қарши ўйинда сафарда 1:3 ҳисобида ютқазгач, истеъфога чиқарилганди. Бир қарашда, нима бўлибди, ўша пайтнинг ҳам энг кучли жамоасидан сафарда ютқазиш у қадар катта муваффақиятсизлик эмас-ку, тўғрими? Аслида эса ўша ўйин Моуриньо учун истеъфодан қутулиш имконияти бўлганди холос, ёмон натижалар илгарироқ рўй бериб бўлганди.

Бугунги Артетанинг ҳолати ҳам шунга ўхшаш. Жамоа АПЛда 8 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти, уч кун олдин «Манчестер Сити»га Лига кубоги ҳам бой берилди, лондонликлар 14-турдан сўнг атиги 15-ўринда боришмоқда. Бугун яна бир синов – «Челси» кутиб турибди. Бу ўйинда ҳам мағлубият қайд этилса, Артетанинг истеъфоси масаласи ҳам муҳокамаларга янада очилади. Имконият дейилганига яна бир сабаб, Артетанинг муваффақиятлари, яъни уни мураббий сифатида намоён қилган ўйинлари айнан топ клубларга қарши бўлган. АПЛдаги сўнгги ғалаба ҳам «Олд Траффорд»да эди, «Челси» эса ёзда Англия кубоги финалида мағлуб этилганди. Бошқа томондан, эсланган ўйинларда «Арсенал» бир мушт, бир аҳил куч сифатида мураббий кўрсатмаларидан чиқмай ҳаракат қилган, ҳозирги «Арсенал» эса, бундай ўйнай олишига ҳам ишониш қийиндек. Олдинги чизиқдаги беқарорлик, сўнгги ўйинлардаги қизил карточкалар бунга ёрқин мисол. Маълумотларга қараганда, жамоа ичида ҳам бўлинишлар бор ва бир гуруҳ футболчилар Артетага ишончларини йўқотишган.

«Челси»нинг ҳам ўз муаммолари бор. Икки ой давомида жуда юқори савиядаги ўйин ва натижалар намойиш этиб, чемпионликка даъвогар сифатида эътироф этиб келинган Лэмпард шогирдлари кутилмаганда, қаторасига 2 ўйинни бой беришди ва 5-ўринга тушиб кетишди. «Сити» ва «Астон Вилла»да захира ўйинлар борлигини инобатга олсак, ундан ҳам пастроқ бўлиши мумкин. Дербидаги мағлубият «Челси»нинг аҳволини янада оғирлаштиради, анчагина осон тақвимга эга бўлган «Ливерпуль» билан ўртадаги фарқни катталаштириб юборади. Бунинг устига «Челси»нинг кейинги ўйинлари «Астон Вилла» ва «Манчестер Сити»га қарши – бугун очко йўқотилмаслиги шарт.

26 декабр (шанба)

Англия Премьер-лигаси. 15-тур

АРСЕНАЛ – ЧЕЛСИ

Ўйин бошланиш вақти: 22:30
ТВ-трансляция: FutbolTV

Моуриньо пойгага қайтадими?

Жозенинг «Тоттенҳэм»и ҳам худди «Челси»нинг ҳолатига тушди, бир муддат турнир жадвалини ҳам бошқарган жамоа қаторасига уч ўйинда очко йўқотди. «Кристал Пэлас» билан сўнгги дақиқаларда ғалабанинг қўлдан чиқарилиши, «Ливерпуль» билан ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтдаги Фирминонинг ҳал қилувчи голи, «Лестер» билан ўйиндаги кутилмаган мағлубият. Моуриньо жамоаларидаги анъанавий ҳолат, агар натижалар яхши бўлиб турса, жуда аҳил, жипс бир «банда»ни эслатади, аммо муваффақиятсизлик гирдоби бошланиши билан муҳитда ҳам муаммолар бошланади. Мана шу нозик чегарада рақиб ҳам хавфли – «Вулверҳэмптон». «Бёрнли» ва «Астон Вилла»дан мағлубиятлар орасида «Челси»ни ютиб қўяверадиган жамоа. Ҳимоядаги ишончли ўйин, жисмоний тайёргарлик ва рақибларга ўта ноқулай темпни тақдим этадиган, қайсидир маънода Моуриньонинг услубини ҳам эслатиб юборадиган португалча характердаги «Вулверҳэмптон». Табиийки, бу сафар ҳам «Тоттенҳэм»га осон бўлмайди. Агар бир нечта гол билан масала ҳал қилинмаса, сўнгги дақиқаларгача барчаси ўзгариб кетиши хавфи борлигини «Челси»дан сўраб кўриш мумкин.

Ўзаро ўйинлардаги парадокс ҳам кўп нарсани айтиб турибди. «Вулверҳэмптон» АПЛга қайтган пайтдан буёғидаги икки мавсумни олсак, барча тўрт ўйинда меҳмонлар ғалаба қозонишган. Биринчи даврада «Тоттенҳэм» гўёки класс ҳисобига меҳмонда ғалаба қозониб қайтишса, иккинчи даврада нуқул сюрприз қабул қилаверган. «Вулверҳэмптон» Лондонда 3:1 ва 3:2 ҳисобида ғалабаларга эриша олган. «Бўрилар» ғалаба қозониб, ўтган йилдаги каби еврокубоклар учун курашишадими ёки келаси икки турда очко йўқотиб, ортдан қувиб келаётганларнинг таъқиби остида қолиб, жадвалнинг иккинчи ярмига тушиб кетадими, тез кунларда билиб оламиз. Рақиблар анойи эмас – «Тоттенҳэм»дан уч кун ўтиб «Олд Траффорд» сафари кутиб турибди.

27 декабр (якшанба)

Англия Премьер-лигаси. 15-тур

ВУЛВЕРҲЭМПТОН – ТОТТЕНҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 00:15
ТВ-трансляция: FutbolTV

«Манчестер Сити»да яна бир муаммо

Аксарият мутахассислар Англияда «Ливерпуль»га чемпионлик рақобатини кўрсата оладиган асосий номзод сифатида барибир ҳам «Манчестер Сити»ни кўрсатишда давом этишмоқда. Албатта, сўнгги икки йилда фақат Гвардиола бу ишни қила олди, шунингдек, анча кенг таркибга эга бўлган «Манчестер Сити» айнан «боксинг дэй» ўйинларида керакли очколарни олиб, вазиятни ўнглаб олиши кутилаётганди.

Аммо бошқа муаммо чиқди – жамоанинг асосий ўйинчилари Габриэл Жезус ва Кайл Уокерда коронавирус аниқланди. Албатта, буларсиз ҳам жамоа керакли натижани қўлга кирита олади, аммо бу ҳолат айнан мана шу тиғиз пайтда рўй бераётгани биринчидан, Гвардиоланинг ротация имкониятларини чеклайди, иккинчидан, жамоа кайфиятига ҳам таъсир кўрсатади. Уокерку, майли, ҳимояда йўли топилар, аммо Жезус ҳужум чизиғида ягона номзод сифатида қолаётганди. Агуэро сафга қайтган бўлса ҳам, бу мавсумда бирор маротаба ҳам тўлиқ ўйин ўтказгани йўқ. Бундай формадаги футболчини бир ўйинга эмас, қаторасига 3 ўйинда тўлиқ тушириш катта риск, турли экспериментлар вақти ҳам эмас.

«Ньюкасл» билан ўйинда-ку, Пеп бир иложини топар, қулай рақиб, АПЛдаги охирги 18 ўйиннинг 15тасида «Сити»нинг қўли баланд келган, атиги бир бор мағлубиятга учраган. Аммо кейинги ўйинларда «Эвертон» ва «Челси»га сафар қилинади. Шу бир ҳафта ичида. Агар Лига кубоги яримфиналидаги Манчестер дербисини ҳам қўшсак, «Манчестер Сити»ни бу ўйиндан кейинги бир ҳафтада учта қийин сафар кутиб турибди. Бу ҳафтада агар ғалабалар бўлмаса, Гвардиола чемпионатда пешқадамдан анча ортда қолиб кетиши ва сўнгги уч йилда қаторасига ютиб келаётган Лига кубогидан чиқиб кетиш хавфи бор. Айнан шу ўйинларда Жезус ва Уокер жамоага ёрдам бера олмайди. Хўш, испаниялик мураббий бундай тўсиқларни қандай ошиб ўтади?

26 декабр (шанба)

Англия Премьер-лигаси. 15-тур

МАНЧЕСТЕР СИТИ - НЬЮКАСЛ

Ўйин бошланиш вақти: 00:15
ТВ-трансляция: FutbolTV.

АПЛ. 15-тур.
26 декабр (шанба)
17:30. Лестер – МЮ
20:00. Фулҳэм – Лестер
20:00. Астон Вилла – Кристал Пэлас 
22:30. Арсенал – Челси 
01:00. Манчестер Сити – Ньюкасл 
01:00. Шеффилд Юнайтед – Эвертон 

27 декабр (якшанба)
17:00. Лидс – Бёрнли
19:15. Вест Ҳэм – Брайтон
21:30. Ливерпуль – Вест Бромвич
00:15. Вулверҳэмптон – Тоттенҳэм.

Мавзуга оид