Ўзбекистон | 15:04 / 26.12.2020
5837
2 дақиқада ўқилади

Деҳқон хўжалиги ўз маҳсулотини қўшимча рухсатномаларсиз сотиш ҳуқуқига эга экани белгиланмоқда

2020 йил 26 декабр куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар деҳқон хўжалигини ташкил этиш ва юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилди.

Қонун лойиҳасида деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилиши ва ундан ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун фойдаланиши кераклиги белгиланмоқда. Ердан деҳқон хўжалиги ихтисослашувида назарда тутилмаган бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини асосий қишлоқ хўжалиги экинлари қатор ораларига экиш ёки асосий ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини навбатлаб экиш йўли билан етиштириш учун ҳам фойдаланилиши мумкинлиги назарда тутиляпти.

Шунингдек, ҳужжатга кўра, деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бино ва иншоотлар, шу жумладан, ерости иншоотларини қуриш тақиқланмоқда. Бундан енгил конструкцияли иссиқхона ва бошқа шу каби қурилмалар, шунингдек, суғориш иншоотларини қуриш мустасно. Ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан бир вақтда 10 бошдан ортиқ бўлмаган миқдордаги чорва молини ўтлатишга йўл қўйилади. Ўз тасарруфидаги ер участкасидан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолишига йўл қўйилмайди.

Деҳқон хўжалиги томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ихтисослашувга кўра амалга оширилмаган тақдирда, ер солиғи уч баравар миқдорда ундирилади. Бу, депутатларнинг қайд этишича, ердан самарали ва оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасида деҳқон хўжалиги ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотини даласида, деҳқон бозорларида ва савдо марказларида, шунингдек, аҳоли пунктларида сайёр савдо ташкил этиш йўли билан қўшимча рухсатномаларсиз реализация қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Деҳқон хўжалиги томонидан ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олган даромадларига солиқ солинмаслиги назарда тутиляпти.

Мавзуга оид