Ўзбекистон | 17:00 / 27.12.2020
25333
2 дақиқада ўқилади

Жиззах вилояти ҳокимининг қизига тегишли компания 1,9 млрд сўмлик яна бир тендерни ютиб олгани маълум бўлди

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи Наргиза Солиева 50 фоиздан ортиқ улушга эгалик қиладиган «My Flower» компанияси 2020 йилнинг июнида Жиззах шаҳри марказий кўчаларини ободонлаштиришда мавсумий гуллар ва манзарали ўсимликлар экиш бўйича тендерда ҳам ғолиб чиққан.

2020 йил 20 июнида бўлиб ўтган тендер комиссиясига вилоят ҳокимининг ўринбосари Акром Раҳмонқулов раислик қилган. Тендерда «My Flower»дан ташқари «Ishtixon Trans Servis» компанияси ҳам қатнашган. Комиссия вилоят ҳокими қизининг 1,9 миллиард сўмлик таклифини «энг маъқул ва мақсадга мувофиқ» деб топган.

Аввалроқ «My Flower» вилоятнинг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан 2020 йил феврал ва ноябр ойларида ўтказилган, умумий қиймати қарийб 2 миллиард сўмлик танловларда ҳам ғолиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Ноябрдаги танловда ҳам «My Flower»га «Ishtixon Trans Servis» компанияси рақобатчи бўлган.

26 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу ҳолатларни «ўз ваколатлари доирасида ўрганишни бошлагани», бу бўйича Жиззах вилоятига сўров юборилганини маълум қилганди.

Мавзуга оид