Шавкат Мирзиёев Кўксаройда давлат мукофотларини топширди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонларига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Бугун, 28 декабр куни Кўксаройда мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Давлат раҳбари мукофотланганларни табриклаб, уларга ўзининг юксак эҳтиромини билдирди.
«Биз кейинги йилларда яхши анъанани йўлга қўйиб, юртдошларимизга мукофотларни байрам кунида топшириб келаётган эдик. Афсуски, бу йилги пандемия шароитида одамларимизнинг соғлиғини асраш учун ушбу хайрли тадбирни бироз кейинга суришга тўғри келди. Эзгуликнинг кечи йўқ, дейдилар. Насиб этган экан, мана бугун сизлар билан Янги йил байрами арафасида юзма-юз кўришиб, дийдорлашиб турибмиз», – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳаётда хурсандчилик билан турли синов ва қийинчиликлар ёнма-ён юради. Бу йил коронавирус пандемияси бутун инсоният бошига катта ташвишлар солди. Халқимиз бу касалликка қарши курашиш билан бирга бошқа синовларга ҳам дуч келди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган офатлар рўй берди.
«Эл-юртимиз бу муаммолар қаршисида саросимага тушиб қолгани йўқ. Аксинча, қийинчиликлар бизни янада бирлаштирди, бир-биримизга меҳримиз ортди. Мураккаб вазиятга қарамасдан, кўпни кўрган, азму шижоатли халқимизнинг фидокорона меҳнати билан бу синовларни мардона енгиб ўтяпмиз. Барака ҳамжиҳатликда, деган гап ҳаётимизда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Пандемия ва глобал инқироз оқибатларини камайтириш бўйича кўраётган чора-тадбирларимиз ўз самарасини беряпти», – деди президент.
Аҳоли соғлиғини асраш, иқтисодиётни ривожлантириш ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётгани таъкидланди. Юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар, янги транспорт тизимлари барпо этилмоқда. Биргина шу ойда Тошкент металлургия заводи, янги метро йўналиши ишга туширилди. Жорий йилда пойтахтимизда Болалар миллий тиббиёт маркази, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони бунёд этилди. Барча вилоят ва туманларда замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, янги-янги боғчалар, мактаблар, маданият ва санъат ҳамда спорт масканлари қад ростламоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилмоқда. Давлат дастурлари асосида шаҳар ва қишлоқларимиз, юртимиз қиёфаси тобора обод бўлиб бормоқда. Миришкор деҳқон ва фермерларимиз пахта, ғалла ва бошқа экинлардан мўл ҳосил етиштирдилар.
«Биз бугунги натижаларга эришиш учун пандемия шароитида – ғоят мураккаб бир вазиятда иш олиб бордик. Бунинг учун 2-3 карра кўпроқ меҳнат қилишга, изланиш, янги имконият ва ресурсларни қидириб топишга тўғри келди. Аввало, фидойи шифокорларимиз ўз жонини гаровга қўйиб, халқимиз соғлиғини асраш учун беқиёс жасорат ва матонат кўрсатдилар. Бу борада Қуролли Кучлар, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мард ва жасур ходимларининг хизматларини алоҳида қадрлаймиз. Айни вақтда, бунёдкор қурувчилар, саховатли тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, муҳтарам нуронийларимиз, навқирон ёшларимиз, илм-фан, маданият ва спорт соҳаси вакиллари эл-юртимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиқдилар. Ҳар қандай синовни бирдамлик билан енгиб ўтадиган халқимиз мана шундай оғир кунларда қудратли кучга айланди. Фурсатдан фойдаланиб, сабр-матонатли, заҳматкаш, олижаноб ва фидойи халқимизга, унинг буюк қаҳрамонлиги учун яна бир бор бош эгиб, таъзим қиламан», – деди Шавкат Мирзиёев.
«Дунёда инсон ўзини қачон бахтли деб билади? Буюклик нимада? Элга ҳалол, пок меҳнат қилиб, натижаси мана шундай мукофот бўлганда. Бу ерда ўтирганлар бугунги куннинг қаҳрамонлари, мардона халқимизнинг буюк вакиллари», – дея таъкидлади президент.
Юртдошларимизнинг фидокорона хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида бу йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвони, «Олий Даражали Дўстлик», биринчи ва иккинчи даражали «Саломатлик» ҳамда «Фахрий мураббий» орденлари, «Соғлом турмуш» медали каби янги давлат мукофотлари таъсис этилди.
Бундан ташқари, «Меҳр-саховат» кўкрак нишони жорий қилиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшган қарийб 25 минг ватандошимиз ушбу мукофот билан тақдирланди.
Айни кунларда жойларда юзлаб ҳамюртларимизга ана шу фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
Давлат раҳбари мукофотланган барча ватандошларимизга йиғилганлар номидан табрик йўллади.
Шундан сўнг мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Маълумки, Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида жадидчилик ҳаракати намояндалари – Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган эди.
Маросим аввалида ана шу мукофотлар маърифатпарвар боболаримизнинг невараларига топширилди. Бундай эҳтиром улуғ аждодларимизнинг ўлмас мероси бугунги кунда ҳам қадрли эканидан, халқимизга беқиёс маънавий куч бағишлаб келаётганидан далолат беради. Айни вақтда, эл-юртимизнинг миллий уйғониш ва тараққиётга интилиши барқарор эканини намоён этади.
Шунингдек, тиббиёт, иқтисодиёт, фан, таълим, адабиёт ва бошқа соҳалар намояндалари, давлат ва жамоат ишлари фаолларига мукофотлар топширилди. Самарали фаолияти, ватанпарварлиги ва ташаббускорлиги билан ёшларга ибрат бўлаётгани учун Президент уларга миннатдорлик билдириб, эзгу тилакларини изҳор этди.
«Ҳаммамиз бугун яхши орзулар ва улуғ мақсадлар билан, янги йил остонасида турибмиз. Биз барчамиз аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, халқимизга садоқат билан меҳнат қилиб, янги Ўзбекистон пойдеворини яратаётганимиз билан фахрланамиз. Дунёмиз тинч бўлсин, бағрикенг ва олижаноб халқимизни, жонажон Ватанимизни Оллоҳ таоло ҳамиша ўз паноҳида асрасин», – дея сўзини якунлади президент.
Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.
Мавзуга оид
12:27 / 09.11.2023
Рақамли божхона, саноат кооперацияси, энергетика: ИҲТ доирасида Ўзбекистоннинг таклифлари
12:06 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев ИҲТ доирасида савдони соддалаштириш тўғрисида битим қабул қилишга чақирди
11:34 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади
10:57 / 09.11.2023