Ўзбекистон | 22:28 / 29.12.2020
10420
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги 34 та корхона Россияга помидор экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлди

«Россельхознадзор» Қашқадарё ва Навоийдаги корхоналарга помидор экспорт қилиш ҳуқуқини тиклади.

Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати 2021 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги «Ўздавкарантин» инспекцияси кафолати остидаги 34 та компанияга помидорларни Россияга экспорт қилишга розилик берди. Бу ҳақда «Россельхознадзор» расмий сайтига маълумот жойлаштирилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон томони 34 та корхона маҳсулотлари «Tomato brown rugose fruit virus», яъни помидорнинг жигарранг буришиш вирусидан холи эканини тасдиқлагандан сўнг,  «Россельхознадзор» тақиқларни юмшатган.

Экспорт ҳуқуқи тикланган корхоналарнинг барчаси Қашқадарё ва Навоийда давлат рўйхатидан ўтказилган.

«Россельхознадзор» жорий йилнинг 18 декабридан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7 та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларида 2020 йилда ЕОИИ давлатлари учун карантин объектлар ва помидор жигарранг бужмайиши вируси аниқланмаганлиги туфайли ушбу корхоналардан Россия ҳудудига мазкур маҳсулотларни олиб киришга рухсат берганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқилган чорвачилик маҳсулотлари, хусусан, термик ишловдан ўтган тайёр гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда хомашёларининг Россияга экспорти учун йўл очилди.

Аввалроқ, «Россельхознадзор» 9 декабр куни расмий веб-сайтида Ўзбекистоннинг «Sunny land export» компанияси томонидан экспорт қилинган маҳсулот таркибида «Tomato brown rugose fruit virus» аниқлангани важи билан Навоий ва Қашқадарёдан помидор импортига тақиқ жорий этганди.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятидан экспорт қилинган булғор қалампири ва помидор таркибида зараркунанда топилгани важи билан ушбу ҳудуддан айни маҳсулотларни импорт қилишга тақиқ қўйилганди.  

Мавзуга оид