Жаҳон | 23:12 / 30.12.2020
8869
2 дақиқада ўқилади

Эрон Трампни генерал Сулаймонийнинг ўлимида асосий айбдор деб ҳисобламоқда

Аввалроқ Эрон инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Али Бағирий Қаний мамлакат ҳукумати Сулаймонийнинг ўлдирилишига алоқадор 48 кишининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлганини маълум қилганди.

Фото: EPA

Эрон АҚШ президенти Доналд Трампни Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлимида "биринчи рақамли" айбдор деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Эрон суд ҳокимияти раҳбари Иброҳим Раисийга таяниб Fars агентлиги хабар берди.

 "Трамп – шаҳид Сулаймонийнинг ўлимига жавобгар бўлган биринчи рақамли жиноятчи", деди Раисий.

 Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг юқори даражадаги арбоблари мазкур жиноят бўйича терговдан қочиб қутула олишмайди ва "шаҳид Сулаймонийнинг ўлими учун жавоб беришлари шарт". Раисийнинг қўшимча қилишича, Эрон бу ишни ўрганиш учун тегишли механизмларни ишга солди ва етарлича далилларга эга.

Душанба куни Эрон инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Али Бағирий Қаний мамлакат ҳукумати Сулаймонийнинг ўлдирилишига алоқадор 48 кишининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлгани ва уларни жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўрилгани ҳақида маълум қилганди.

Қосим Сулаймоний шу йил 3 январда Бағдод аэропорти яқинида АҚШ дрони зарбаси натижасида ўлдирилганди. У билан бирга 4 нафар эронлик ҳарбий ва Ироқ армиясининг 5 вакили ҳалок бўлган.

Мавзуга оид