Жаҳон | 20:12 / 30.12.2020
10932
2 дақиқада ўқилади

Уғур Шаҳин: коронавирус яна 10 йилча ҳаётимизни тарк этмайди

Коронавирусга қарши mRNA усулида вакцина ишлаб чиқишга бош-қош бўлган германиялик Уғур Шаҳин пандемия ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Айни кунларда бутун дунёни ўзига қарата олган BioNTech лабораторияси асосчиси ва раҳбари профессор Уғур Шаҳин 1 миллион 800 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган коронавирус пандемияси ҳақида ўз қарашларини баён этди. Унинг фикрича, Covid-19 ҳаётимиздан тўлиқ чиқиб кетиши учун яна камида 10 йил муддат керак.

Коронавирус пандемиясининг энг аянчли оқибати ҳаёт тарзимизни буткул ўзгартириб юборганидир. BioNTech CEO’си Шаҳин «нормал ҳаёт тарзи» деган нарса ўзгариб, ўзгачароқ маъно касб этиши лозимлигини таъкидлаган. Бу жуда ўйга толдирадиган фикр эмас. Зеро, масофадан таълим олиш ва уйдан туриб ишлаш ҳаётимизга кириб келиб бўлган амалиётлар. Бошқача қилиб айтсак, энди том маънода ҳаётнинг бир қисмига айлана олди. 

BioNTech ва Pfizer вакцинаси 95 фоиз самарадорлик қайд этяпти

Уғур Шаҳин номи ҳаётимизга коронавирус пандемияси билан биргаликда кириб келди. Пандемия бошлангач, у Pfizer компанияси билан ҳамкорликда mRNA усулида вакцина ишлаб чиқишни бошлади ва дунёда биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши хавфсиз ва самарали препарат ярата олди. Ҳозирга келиб, жаҳоннинг 30дан ортиқ давлатида Уғур Шаҳин лабораториясида яратилган вакцинадан фойдаланишга рухсат берилди.

Миллиардлаб дозадаги препаратларга буюртмалар олинди ва йирик давлатлар бир неча йиллик ишлаб чиқариш қувватларига пул тўлаб қўйишди. 

Ниҳоятда самарали деб топилган вакцинага саволлар туғила бошлади. Декабр ойи бошида коронавируснинг Британияда пайдо бўлган янги штамми кўпчиликни ўйга толдириб қўйди. Уғур Шаҳин эса, ўзи яратган вакцинани ҳам, бошқа вакциналарни ҳам вируснинг мутацияга учраган шаклига таъсир кўрсата олишига ишончи комиллигини маълум қилган. Таъсири камаядиган бўлса, янги версияга қарши самарадор вакцинани ишлаб чиқиш 6 ҳафта ичида амалга ошириш мумкинлигини айтганди.

Мавзуга оид