Жаҳон | 15:05 / 31.12.2020
4161
2 дақиқада ўқилади

Хитой CNBG компаниясининг коронавирусга қарши вакцинаси жаҳон бозорида сотилишига рухсат берди

Вакцина синовлари унинг «юқори даражадаги хавфсизлиги»ни кўрсатган, самарадорлиги эса 79,34 фоизни ташкил этади.

Фото: Reuters

Хитой озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси China National Biotec Group (CNBG) компанияси ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцинанинг бозорда сотилишига рухсат берди. Бу ҳақда бошқарма бошлиғи ўринбосари Чэн Шифэй маълум қилди.

Шифэйнинг сўзларига кўра, вакцина синовлари унинг «юқори даражадаги хавфсизлиги»ни кўрсатган, самарадорлиги эса 79,34 фоизни ташкил этади.

Унинг қўшимча қилишича, вакцина Хитой ва бошқа мамлакатларда уч босқичли клиник синовлардан ўтган. Вакцинанинг жиддий ножўя таъсирлари аниқланмади, деди Шифэй. Эндиликда вакцина бозорга чиқиши ва бутун дунёда кенг қўлланилиши мумкин.

Декабрда қатор мамлакатлар Pfizer, Moderna ва AstraZeneca вакциналарини маъқуллаганди, аммо улардан асосан шошилинч фойдаланиш учун рухсат берилган.

CNBG Sinopharm фармацевтика компанияси томонидан назорат қилинади. Аввалроқ компания 2021 йилда 1 млрд дозагача вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирганини маълум қилганди. Sinopharm вакцинасидан Бирлашган Араб Амирликларидан фойдаланишга рухсат берилган, 1 млн дозадан ортиқ вакцина Индонезия, яна шунча вакцина Бразилияга етказиб берилган. Туркия 50 млн, Мексика 35 млн доза вакцинага буюртма берган. 

Мавзуга оид