Жаҳон | 13:06 / 03.01.2021
29177
5 дақиқада ўқилади

Фақат Covid-19 эмас. Инсоният тарихидаги бошқа хавфли вируслар ҳақида

2020 йилдаги энг оммабоп ва асаббузар сўз шубҳасиз коронавирус бўлди. Чиндан ҳам бу вирус замонавий тиббиётда илк пандемия қайд этилишига эришди ва бутун дунёни қамраб ола билди. Аммо инсоният шу кунга қадар ҳам даҳшатли вируслар билан олишиб келган ва уларнинг аксарияти ўлим кўрсаткичлари бўйича коронавирусни анча ортда қолдириб кетади.

Фото: AP Photo/Jerome Delay

Дунёда инсон касалланиши бўйича грипп (инфлюэнца) касаллигига тенг келадигани йўқ. Ҳар бир одам деярли ҳар йили чалинадиган бу вирус касалланишлар сони бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади. Аммо ўлим ҳолатлари бўйича ўта хавфли ҳисобланган вируслар ҳам талайгина. Яхшики грипп ёки коронавирус улар тоифасига кирмайди, йўқса инсоният қирилиб битган бўларди эҳтимол.

Қуйида эътиборингизга касаллик ўта оғир кечувчи ва аксарият ҳолларда ўлим билан якунланувчи вируслар ҳақида маълумотлар ҳавола этилади.

Эбола

Конгодаги Эбола дарёси номини ўзлаштирган бу вирус нисбатан жуда ёш ҳисобланади. Бу касаллик тарқалиши дастлаб 1976 йилда қайд этилган ва ўрганилган. 2014-2015 йилларда Эбола бутун дунёни ларзага солди. Ўшанда касаллик бутун Ғарбий Африкага тарқалиб кетди.

Манбаси кўршапалаклар бўлган вирус касалланганлар танасидан ажралаётган суюқликлар орқали тарқалади. Яъни унинг ҳаво орқали тарқалиши қайд этилмаган ва бу жуда яхши. Акс ҳолда миллионларнинг ёстиғи қуриши аниқ эди.

Лекин шунда ҳам анчагина офат келтирган бу вирус туфайли 2014 йилда 11 минг, 2019 йилда 2 минг киши нобуд бўлди. 2019 йилда бу вирусга қарши муваққат вакцина рўйхатдан ўтказилган.

SARS ва MERS

SARS — оғир респиратор синдром, атипик пневмония. Бунинг ҳам қўзғатувчиси коронавирус, фақат номи бошқачароқ – SARS-CoV. Дастлаб Хитойнинг Гуандун музофотида 2002 йилда қайд этилган. 2003 йилда бошқа давлатларга тарқалиб кетган.

Касалланиш кўрсаткичи паст бўлган, атиги 8437 киши. Аммо ўлим ҳолатлари 813та бўлгани жиддий хавотирга солган.

Яқин Шарқ респиратор синдроми MERS эса анча оғир кечган. Уни коронавируслар оиласидаги яна бир вирус MERS-CoV чақирган. 2015 йилда бошланган эпидемия туфайли 1595 киши касалликка чалинган бўлса, уларнинг 571 нафари нобуд бўлган. 2019 йилдаги ҳолатда эса 2500 кишидан 900дан ортиғи вафот этган. Яъни бу касаллик туфайли ўлим кўрсаткичи 30 фоиздан ортиб кетиши хавф даражаси юқорилигини англатади.

Парранда ва чўчқа гриппи

1997 йилда Ҳонгконгда илк бор паррандалар гриппи одамни ҳам зарарлаши қайд этилди. Ўшанда 18 киши касалланган бўлса, шундан 6 нафари вафот этган. Ҳақиқий эпидемия 2003 йилда кузатилади ва 2008 йилга қадар 361 киши бу касалликка чалинади. Беморлар сони кам туюлгани билан ўлим кўрсаткичи ўта юқори эди – уларнинг 227 нафари вафот этган. Бу касаллик туфайли миллионлаб паррандалар йўқ қилиб ташланади. Ҳозирги кунда ҳам вақти-вақти билан бу касаллик учраб туради.

Чўчқа гриппи эса 2009 йилда Мексика ва АҚШда қайд этилган ва бутун дунёга тарқалиб кетган. ЖССТ маълумотларига кўра, бу вирус 168 давлатдан топилган. Тарқалиш тезлиги юқори бўлса-да, ўлим кўрсаткичи оддий гриппга нисбатан ҳам паст бўлган бу касаллик туфайли шу вақтгача 2500 киши нобуд бўлган. 2009 йилда унга қарши вакцина ишлаб чиқилди, 2010 йилда эса ЖССТ бу касаллик жиловланганини эълон қилди.

ОИТС

Ҳаммамиз СПИД деб атайдиган бу касаллик ҳақидаги дастлабки хабар 1981 йилда пайдо бўлган. Орттирилган иммунитет танқислиги синдромини юқтириб олиш йўллари турлича ва уларга тўхталишнинг ҳожати йўқ.

Бугунга келиб мазкур касалликка чалинганлар сони 38-45 млн кишини ташкил қилади.

Бу касалликка дунё бўйлаб ниҳоятда катта эътибор берилади, миллиардлаб маблағ сарфланади, олдини олиш бўйича тарғиботлар мунтазам олиб борилади, беморларнинг ҳаётга интеграцияси бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилади.

Дастлаб бу вирус шубҳасиз ўлимга олиб борувчи, деб ҳисобланган бўлса, бугунги кунга келиб тиббиёт ривожи бу касалликни сурункали касалликлар қаторига қўшиш имконини яратмоқда. Яъни маълум қоидаларга амал қилган, мунтазам даволаниб турадиган бемор узоқ яшаши мумкин. Аммо бу вирусга қарши вакцина йўқ.

1 декабр ЖССТ томонидан бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни деб белгиланган.

Ва ниҳоят Covid-19

Роппа-роса бир йил муқаддам аниқланган бу вирус чиндан дунёни ларзага солди. Ҳали ҳеч бир касаллик бу қадар иқтисодий зарар етказмаган, ҳаракатларни чеклаб қўймаган.

Бу коронавируснинг ўлим кўрсаткичлари юқоридаги вирусларники каби юқори эмас. Аммо Covid-19 бўйича ҳали тадқиқотлар дастлабки босқичда, унинг мутациялари қандай оқибатларга олиб келиши маълум эмас.

Умид туғдираётган жиҳати зудлик билан вакциналар ишлаб чиқарилгани ва синаб кўрилаётгани бўлмоқда.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид