Ўзбекистон | 07:28 / 11.01.2021
6963
4 дақиқада ўқилади

Хорижда ўқишни режалаштираётган ёшлар учун тавсиялар

Чет элда ўқиш ва иш тажрибасига эга бўлиш – кўплаб ёшларнинг орзуси. Аммо бунинг учун яхши билим эгаллаш ва тил билишнинг ўзи кифоя эмас. Хорижда ўқишни режалаштиришда бир неча жиҳатларга эътибор қаратиш зарур.

Фото: Fotolia / WavebreakmediaMicro

Таълим учун бюджетни тўғри чамалаш

Хорижий мамлакатда ўқиш арзон эмас. Таҳсил тўловлари билан бирга, яшаш харажатлари ҳам бор. Шу боис ўқиш учун мамлакатни ва олийгоҳни танлашда молиявий имкониятларни инобатга олиш муҳим ҳисобланади.

Молиявий имкониятлар чекланган тақдирда эса бир неча муқобил вариантларни кўриб чиқиш мумкин:

  • Университетнинг грант бериш бўйича имкониятларини кўриб чиқиш;
  • Таълим харажатларини қоплаб берувчи турли дастур ва стипендияларда иштирок этиш;
  • Ўқиш билан параллел равишда ишлаш имкониятларини кўриб чиқиш.

Тўғри мамлакат ва тўғри олийгоҳни танланг

АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Германия, Ирландия хорижий талабаларнинг таҳсил олиши учун қулай мамлакатлар сифатида эътироф этилади. Аммо таҳсил ҳақида гап кетганда фақатгина мамлакатнинг жозибадорлигига учиш эмас, балки танланажак соҳанинг ўша мамлакатда қанчалик ривожлангани ва талабгир эканини ҳам инобатга олиш керак.

Шунингдек, яшаш харажатлари, маданий муҳит, сўзлашув тили, иқлим шароитлари, ватан билан ўша мамлакат ўртасидаги дипломатик кайфият, у ерда муайян миллат вакилларига нисбатан муносабат каби омилларни ҳам кўздан қочирмаслик керак.

Имтиҳонларга тайёргарлик

Германиядаги университетга ҳужжат топшириш учун Канададаги коллежда ўқиётган танишингизнинг гапларини асос қилиб олманг. Чунки хорижий олийгоҳлар номзодга қўядиган талаблар ўхшаш бўлса-да, улар орасида муайян фарқлар ҳам бор. Шу боис танланган олийгоҳ веб-cайтига кириб, қандай ҳужжатларни тайёрлаш кераклиги билан батафсил танишиб чиқинг.

Аксарият олийгоҳларда инглиз тилини билиш кўникмасини баҳоловчи IELTS имтиҳонининг натижалари сўралади. Бу имтиҳоннинг талаб этиладиган минимум балли эса ҳар бир университетда турлича.

Бундан ташқари, орзудаги олийгоҳ учун академик кўрсаткичларнинг қандай бўлиши зарурлигини билиб олиш тайёргарлик жараёнида нимага кўпроқ урғу қаратиш кераклигини кўрсатади.

Танланадиган йўналишдан келиб чиқиб, GMAT, SAT, GRE каби стандартлаштирилган имтиҳонлардан ўтиш зарурати ҳақида ҳам билиш лозим.

Ўқиш билан параллел ишлаш имкониятини кўриб чиқинг

Ўқиш давомида ишлаш танишлар орттириш, маҳаллий маданият билан яхшироқ танишиш, хорижий тил кўникмасини яхшилаш ва албатта, қўшимча даромадга эга бўлиш имконини беради.

Талабалар таълим жараёнида тўлиқ бўлмаган иш кунида меҳнат қилишлари мумкин. Фақат иш тартиби университет қонун-қоидалари билан боғлиқ. Айрим олийгоҳлар фақатгина кампус ҳудудида ишлашга рухсат берса, баъзиларида кампусдан ташқарида ҳам ишлаш мумкин.

Танланадиган иш таҳсил соҳасига боғлиқ бўлса, нур устига нур. Чунки бу назария билан параллел кечувчи амалиёт демакдир.

Ишдан фақатгина даромад олиш мақсад қилинганда эса талабалар орасида оммалашган чакана савдодаги сотувчи, энага, официант, курьер, колл-марказда оператор каби ишларни танлаш мумкин.

Таҳсилдан кейинги келажак ҳақида ўйланг

Олийгоҳни тамомлагач нима қилишингизни ҳали ўқиш бошланмасиданоқ тахминий белгилаб олинг. Айримлар ўша мамлакатда яхши ҳақ тўланадиган ишда қолишни истаса, баъзилар ўз олийгоҳида қолиб, илмий фаолиятни давом эттиришни афзал кўради. Қандай йўлни танлаш эса таълим жараёни билан параллел олиб бориладиган ишларни белгилаб олиш учун муҳим.

Маҳаллий лойиҳаларда иштирок этиш, илмий иш имкониятларини кўриб чиқиш, соҳага оид бўш вакансияларни излаш, стажировкаларда иштирок этиш кабилар шулар жумласидандир.

Мавзуга оид