Қирғизистонда коронавирусдан вафот этганларнинг ўлими учун собиқ бош вазирлар жавобгарликка тортилиши маълум қилинди
Собиқ бош вазирлар коронавирусга қарши курашиш доирасида келтирилган ҳуманитар ёрдамни етказиб беришда маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш иши бўйича гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган.
Қирғизистон собиқ бош вазирлари Муҳаммедқалий Абилгазиев ва Кубатбек Боронов пандемия даврида одамларнинг ўлимига олиб келган ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши лозим, деди иқтисодий жиноятларга қарши курашиш хизмати раҳбари Сиймиқ Жапикеев.
"Кимдир жавоб бериши керак, мингдан ортиқ инсон ўлди ва бунга ҳеч ким жавобгар бўлмайдими? Пандемияга алоқадор барча - Муҳаммедқалий Абилгазиев, Кубатбек Боронов, Алтинай Омурбекова (2020 йил апрелига қадар бош вазир ўринбосари), икки нафар собиқ соғлиқни сақлаш вазири ва молия вазирлиги вакили – уларнинг барчаси жавоб беради, ишни охиригача етказамиз", - деди Жапикеев.
Унинг сўзларига кўра, тергов коронавирусга қарши курашиш учун қанча миқдорда молиявий, техник ва ҳуманитар ёрдам олинганлигини аниқлайди.
"Биз пандемияга алоқадор барчани сўроқ қилишни режалаштирганмиз, ҳеч кимни аямаймиз. Биринчи навбатда одамлар ўлими учун жавобгар бўлишлари керак. Бунга алоқадор кўпчилик қўлга олиниши мумкин", - деди Жапикеев.
Хабар қилинишича, Абилгазиев ва Боронов коронавирусга қарши курашиш доирасида келтирилган ҳуманитар ёрдамни етказиб беришда маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш иши бўйича гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган. Ушбу ишда собиқ соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев асосий гумондор бўлиб турибди.
Қирғизистонда пандемия бошланганидан буён 82495та коронавирус юқтириш ҳолати аниқланган, 1374 киши вафот этган.
Абилгазиев 2018 йил апрелдан 2020 йил июнгача, Боронов июндан октябргача ҳукумат раҳбари бўлган.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024