Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун имзоланди. Кодексда нималар ўзгармоқда?
Президент Шавкат Мирзиёев суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни имзолади.
Ўзгартириш ва қўшимчаларнинг асосий қисми суд тизимининг қайта ихтисослашуви, суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши билан боғлиқ.
Жумладан, “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан кодексга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар асосан қатор жиҳатларда намоён бўлмоқда.
Вилоят даражасидаги судлар тизимида ташкилий ўзгаришлар бўлди. Яъни, вилоятлардаги жиноят ишлари бўйича судлар, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар ягона умумюрисдикция судларига бирлашди.
“Ягона суд – ягона инстанция” тамойилидан келиб чиқиб, ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти тугатилди.
Апелляция тартибидаги шикоят (протест)ларни бериш муддати 10 кундан 20 кунга узайтирилди.
Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари, ажримлари кассация тартибида қайта кўрилиши мумкинлиги белгиланди. Яъни, эндиликда иш кассация тартибида кўрилишидан олдин апелляция тартибида кўрилган бўлиши лозим этиб белгиланди. Бунинг натижасида суд ҳукми устидан дастлабки шикоят (протест) бериш муддати 1 йилдан 20 кунга қисқарди.
Иш томонларнинг аризасига асосан Олий суд раиси, бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра такроран кассация тартибида (5 нафар судьядан иборат таркибда) қайта кўрилиши мумкин бўлди.
Жиноят ишида прокурорнинг айбловдан воз кечиши суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосларига кўра тугатишга сабаб бўладиган тартиб жорий этилди. Шунингдек, прокурор томонидан қонуний кучга кирган суд ҳукми ёки ажримини суддан талаб қилиб олиш ва ўрганишга фақат томонларнинг мурожаати ёки иш бўйича ОАВда чиққан хабарга асосан йўл қўйилади.
Жиноят ишида янги очилган ҳолатлар бўйича иш юритишни тиклаш институти такомиллаштирилди. Жумладан, янги очилган ҳолатларнинг турлари аниқ белгилаб берилди. Бундан ташқари, томонлар тенглиги принципини таъминлаш учун янги очилган ҳолатлар бўйича иш юритишни тиклаш бўйича мурожаат қилиш ҳуқуқи томонларга ҳам тақдим этилди. Илгари ушбу ҳуқуқ фақат прокурорда мавжуд эди.
Маълумот учун, янги очилган ҳолатлар суднинг ҳукми ёки ажрими қонуний кучга кирган пайтда мавжуд бўлган, бироқ судга маълум бўлмаган ҳолатлардир.
Мавзуга оид
20:55 / 27.09.2023
Ҳукм устидан апелляция шикоятини бериш муддати қисқартирилди
14:41 / 13.04.2020
Жиноят процесси иштирокчиларига кўпроқ ҳуқуқ берилади
08:07 / 05.02.2020
Жиноят иши қўзғатилгунга қадар ушлаб туриш тартибида ўзгариш бўлади
08:28 / 04.02.2020