Президент ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурати ҳақида гапирди
Машинасозлик саноатини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган йиғилишда маҳаллийлаштиришни кучайтиришга урғу берилган. Ўзбекистон автосаноатига кириб келиш истагини билдираётган ишлаб чиқарувчиларга бир хил шароит қилиб бериш кўрсатма қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев 13 январь куни машинасозлик тармоғини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
«Мазкур тармоқ мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи йўналишларидан бўлиб, саноатдаги улуши 11 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, ҳисоб-китобларга кўра, ушбу соҳада ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш имконияти бор.
Бугунги кунда бир қатор компаниялар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва инвестициялар олиб кириш истагини билдирмоқда.
Шу боис давлатимиз раҳбари локализация даражасидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар учун бир хил шароитлар жорий этиш бўйича кўрсатма берди. Бунда, автомобилларни саноат усулида йиғиш, йилига 50-60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлиги таъкидланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Жорий йилда Хоразмда кузов деталларини тайёрлаш корхонаси, Андижонда 4та, Навоий вилоятида 2та маҳаллийлаштириш лойиҳалари ишга туширилади. Кооперация платформаси доирасида 122та хусусий корхона иштирокида яна 80та детал ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади.
«Мамлакатимизда барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилмоқда. Йиғилишда шу масалага эътибор қаратилиб, хорижий мутахассислар иштирокида «Ўзавтосаноат» фаолиятини трансформация қилиш офисини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Ушбу жараёнларда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги етакчи бўлиб, ишларни мувофиқлаштиради.
1 июлга қадар тармоқ таркибидаги 40та корхонани трансформация қилиш бошланади. Тармоқда рақобат муҳитини ривожлантириш учун компания таркибидаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 23та корхонани хусусийлаштиришга тайёрлаш лозимлиги қайд этилди. «Ўзавтосаноат»нинг асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган 14та ташкилотдаги улушларини сотувга чиқариш вазифаси юклатилди», дейилади хабарда.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ислоҳ қилиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама этилди. Тармоқда иқтисодий самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича вазифалар белгиланган.
Мутасаддиларга корхоналарнинг бўш ер майдонларини оптималлаштириш, техникалар таннархини 30 фоизгача тушириш бўйича кўрсатмалар берилган.
Ҳамёнбоп техникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шу йил якунигача уларнинг локализациясини 30 фоизга, келгуси йилда эса камида 45 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда белгиланган вазифалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.
Мавзуга оид
19:45 / 06.02.2024
Электромобил тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди
19:10 / 22.01.2024
Президентга спортдаги натижалар ва режалар бўйича ахборот берилди
19:05 / 22.01.2024
«Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» ташкил этилади
09:47 / 19.01.2024