Жаҳон | 22:19 / 15.01.2021
4936
2 дақиқада ўқилади

Дунёда коронавирус қурбонлари сони 2 миллиондан ошди

Дунёда пандемия бошидан бери коронавирусдан вафот этганлар сони 2 млндан, касалланганлар сони эса 93,5 млндан ошди.

Фото: Andrew Kelly / Reuters

Worldometer сайти маълумотларига кўра, АҚШ вирусдан касалланишлар ва ўлимлар сони бўйича етакчи бўлиб қолмоқда. Мамлакатда пандемия оқибатида 23,8 млндан кўпроқ киши касалланган, деярли 400 минг киши вафот этган. Шу билан бирга, 14,1 млндан кўпроқ одам соғайиб кетган. 

Касалланишлар сони бўйича 2-ўринни Ҳиндистон эгалламоқда. Ушбу мамлакатда 10,5 млндан кўпроқ киши касалланган, улардан 151 мингдан кўпроғи вафот этган. Шу билан бирга, Ҳиндистонда касалликдан соғайиш даражаси юқори бўлиб қолмоқда: мамлакатда 10 млндан кўпроқ киши шифо топган.  

Касалланишлар сони бўйича 3-ўринни Бразилия эгаллаб, Лотин Америкаси давлатида 8,3 млндан кўпроқ касалланиш қайд қилинган, вафот этганлар сони 207 мингдан ошган. Бразилияда ҳам соғайиш даражаси юқори бўлиб, 7,3 млн киши вирусдан фориғ бўлган.

Айни вақтда дунёда коронавирусдан ўлим даражаси бир миллион аҳолига 256,9тани ташкил қилмоқда.

Аввалроқ ЖССТда пандемиянинг иккинчи йили биринчисига кўра оғирроқ кечиши мумкинлиги айтилганди. Ташкилотда таъкидланишича, дунёда вирусга чалиниш даражаси яна энг юқори даражага етган ва шу сабабли прогнозлар тасалли берадиган эмас.

Мавзуга оид