Жаҳон | 22:46 / 15.01.2021
12146
2 дақиқада ўқилади

Эрон баллистик ракеталарнинг кенг миқёсдаги синовини ўтказди

Айрим манбалар Теҳрон кутилмаган ҳужум амалга оширилишидан хавотирланаётганини айтмоқда.

Фото: Tasnim News Agency

Эрон АҚШ билан муносабатлар кескинлашуви фонида янги баллистик ракеталар ва дронларнинг кенг миқёсдаги синовини ўтказди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси командири Ҳусайн Саломий Twitter-аккаунтида синовлар жараёнидан олинган лавҳаларни жойлаштирди.

Эроннинг Press TV телеканалининг маълум қилишича, 15 январ куни «Зулфиқор», «Зилзал» ва «Дизфул» ракеталари синовдан ўтказилган. Хабарга кўра, ракеталар душманнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтувчи бошқариладиган жанговар каллаклар билан жиҳозланган.

Синовлар АҚШ билан охирги ойларда кескинлашган муносабатлар фонида ўтказилди. 2 январ куни Эрон ҳарбий-денгиз кучлари Форс кўрфазидаги жанговар тайёргарликни оширгани хабар қилинганди. Декабрда эса Пентагон Ироқдаги Айн ал-Асад ҳарбий базасини кучайтирган.

Айрим манбалар Теҳрон кутилмаган ҳужум амалга оширилишидан хавотирланаётганини айтмоқда.

Аввалроқ АҚШ ва Саудия Арабистони Эронга қарши туриш учун ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид