Жаҳон | 22:51 / 15.01.2021
7482
2 дақиқада ўқилади

Конгрессменлар Байденнинг инаугурациясига бронежилетларда келишни режалаштиришмоқда 

Америкалик конгрессменларнинг аксарияти ўз ҳаётлари учун хавотирланаётганлари сабабли Жо Байденнинг инаугурациясига бронежилетларда келишмоқчи. Бу ҳақда республикачи конгрессмен Питер Мейер маълум қилди. 

Фото: Ting Shen/XinHua/Global Look Press

Мейернинг таъкидлашича, инаугурация олдидан конгрессменлар бронежилетлар харид қилишга тушиб кетишган, кун тартибларини ўзгартириб, тансоқчилар билан ҳаракатланишмоқда.

“Биз шундай аҳволга етиб келганимиз жуда қайғули. Бироқ кимдир бизни ўлдиришга уринишидан хавотирланмоқдамиз”, деб айтган конгрессмен.

Таъкидланишича, Мейер Трампнинг импичментини қўллаб-қувватлаган 10 республикачидан бири бўлиб, у ўз қарорини Трамп Вашингтондаги тартибсизликлар учун қисман бўлса ҳам айбдор эканини тан олмагани билан тушунтирган. 

Аввалроқ ОАВда AP, Fox ва NBC телеканалларининг Капитолий яқинидаги офисларида ойналар ва эшиклар михлаб ташлангани кадрлари пайдо бўлганди. Таъкидланишича, журналистлар Капитолий ёнида яна тартибсизликлар бошланиши ва улар қуролли ҳужумларга айланиб кетишидан хавотирланишмоқда.

6 январда Вашингтонда Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб киришганди ва тартибсизликлар уюштиришганди. Байден ва демократлар вазиятнинг бундай тус олишида Трампни айблашмоқда. Уларнинг таъкидлашича, айнан Трамп ўз тарафдорларини бундай ҳаракатлар содир этишга ундаган. 

Тартибсизликларнинг эртаси куниёқ Вашингтонда комендантлик соати эълон қилинган. Воқеалар ортида конгресснинг вакиллар палатаси Трампга импичмент эълон қилган.

Байденнинг инаугурацияси 20 январга белгиланган. Тадбир давомида тартибни сақлашга 15 минг гвардиячи жалб қилинган.

Мавзуга оид