Ўзбекистон | 15:23 / 16.01.2021
8577
9 дақиқада ўқилади

Бухорода хусусийлаштириш, янгиланаётган инфратузилма ва иқтисодий ўсиш драйверлари. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари билан суҳбат

Жорий йил 11 январдан бошлаб вилоят, шаҳар-туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари Тошкентда ташкил этилган семинар-тренингга жалб этилган. Улардан бири – Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров Kun.uz’га интервью бериб, вилоятдаги иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар, 2021 йилдаги режа ва мақсадлар ҳақида гапириб берди.

– Иқтисодчилар, хусусан, сизнинг соҳангиз учун 2020 йил оғир келгани таъкидланди. Сиз учун 2020 йил қандай бошланди ва пандемия даврида қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

– 2020 йил бошидан улкан режалар қилиб олгандик, хусусан, ҳудудда иқтисодий ўсиш 105 фоизгача бўлишини кутаётган эдик. Aфсуски, пандемия бошлангач, кўп режаларни ўзгартиришга тўғри келди. Март ойи охирида кўпгина корхоналар карантин туфайли тўхтаб қолди. Президент раҳбарлигида иқтисодиёт «қўл бошқаруви» режимига ўтди, тахминан 3-4 ой давомида иқтисодиётни қайта юритишга ҳаракат қилинди. Бунга ҳудудлардаги бутун иқтисодий блок ҳаммаси жалб этилди, тахминан август ойларига келиб иқтисодиётни барқарор юритишни бошладик. Бухоро вилояти мисолида айтадиган бўлсак, октябр ойига келиб феврал ойидаги банк айланмасига чиқишга эришдик. Йил охирида тўғри олиб борилган сиёсат натижасида иқтисодиёт қайта тикланди.

– Кўрсаткич йил бошида 105 фоизга етиши кўзланган бўлса, йил якунида қанчани ташкил этганди?

– Дастлабки маълумотларга кўра, ҳудудий ялпи маҳсулотнинг 101,2 фоиз ўсиши кутилмоқда.

– Биламиз, Бухорода кўпчилик савдо, ҳунармандлик билан шуғулланади ва йирик корхоналар ташкил этади. Лекин ҳамма ҳудудларнинг ўзига хос бўлган муаммолари бор. Тадбиркорларни, пандемияни ҳисобга олмаганда ҳам, нима масалалар қийнаб келмоқда?

– 4 йил олдин тадбиркорлардан сўрасак, асосий етмаётган нарса пул, маблағ ва коммуникация масаласи дейишарди. Хабарингиз бор, охирги 3-4 йилда кредит, ресурс ажратиш кўлами кенгайди. Ер масаласи аукцион орқали ҳамда кичик ва эркин саноат зоналари ташкил этилиб, ҳал бўлмоқда. Хусусан, Бухоронинг иккита туманида ҳам эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда ва деярли ҳамма туманда камида 2-3 та кичик саноат зонаси бор. Жорий йилда ҳам 70га яқин кичик саноат зоналарини ташкил қилишни режа қилганмиз, яъни ер масаласи ечилмоқда. Бироқ бошқа тадбиркорликни ривожлантиришда фуқароларнинг билим ва кўникмалари етишмаслиги муаммоси кўзга ташланяпти. Тадбиркорликни режалаштириб, даромад олишга, ҳисоб-китоб қилишга кўникма етишмаслиги.

– Бироқ аксар тадбиркорлар билан гаплашганимизда айтадики, биринчи навбатда уларни қонун устуворлиги, яъни мулк дахлсизлиги, ҳуқуқлар кафолати масалалари кўп қийнайди ва инфратузилма жойларга етказиб келинмаганлиги, жойларда бузилишлар борлиги муаммо, дейди.

– Ҳақиқатан, коммуникация етишмовчилиги бор, лекин бу ерда қайси нуқтадан қарашга боғлиқ. Масалан, бизнинг вилоятда Ромитан туманини олсак, коммуникация қилинган ҳудуддан ер таклиф қила оламиз. Aйрим кишиларда шундай тушунча бор: уйдан чиқиб бирдан тадбиркорлик қилмоқчи, яъни ишхонаси уйига яқин бўлишини хоҳлайди. Бундай шароитни яратиш имкони йўқ. Саноат ёки хизмат кўрсатиш корхоналари учун давлат томонидан аукционга қўйиб ажратилган бўш ерлар бор. Aйтганимдек, кичик саноат зоналари орқали шу ерларни таклиф қиляпмиз.

Мулк дахлсизлиги бўйича муаммолар бор. Охирги икки йилда «снос»лар вилоятда анча тартибга тушди. Бугунги кунда «снос»лар президент қарорига асосан, вилоятда ташкил этилган жамғармалар орқали молиялаштирилиб, қурилма бузилишидан олдин мулк эгасига унинг қиймати тўлаб берилади. Вилоят жамғармасида маблағимиз бор, лекин айни пайтда «снос»га эҳтиёжимиз йўқ.

– Яқин кунларда «Социал реестер» ялпи ишга тушиши кутиляпти. Бухорода ушбу реестер ишга тушгач, иккинчи – камбағалликка қарши курашиш босқичи бошланади. Бу борада режангиз қандай?

– Тан олиш керак, камбағаллик бўйича аниқ бир механизм йўқ ва ўтган йил визуал ҳолда камбағал аҳоли қатламини аниқлаб олган эдик, жорий йилда президент аниқ механизм ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Биринчидан, камбағал қатламни аниқлаб оламиз, иккинчидан, ўша фуқароларга даромадга эга бўлиш учун комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқамиз. Ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ишлаб чиқилади, шу йўналишда ишлаймиз. Ҳар бир ҳудуд ўз имкониятларига эга, масалан, вилоятда зиёратгоҳлар жойлашган ҳудудлар, туристлар оқими кўп бўлган ҳудудларда камбағалликни қисқартиришда драйвер тарзида туризмдан фойдаланиш ёки A-«380», М-«37» магистрал йўллари ўтган, бу йўллардан жуда катта чет эл машиналарининг ўтишини ҳисобга олиб, у ерда хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш ёки Шофиркон, Пешку каби четда жойлашган туманлардаги ўзига хос хусусиятни ҳисобга оламиз, масалан, Шофиркон тумани 100 йилдан ошиқ узумчиликка ихтисослашган бўлган. Лекин охирги 10 йилларда узум экилган ерлар фойдаланишдан чиққани боис, кўникмалар унутилган. Буларни қайта тиклашимиз лозим. Пешку туманида эса чорвачилик имконияти бор, худди шундай ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусияти бор. Яъни драйверларни аниқлаб олганмиз. Иккинчи масала, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш яъни чекка қишлоқда мисол учун янги саноат корхонасини яратиш имконияти йўқ. Хонадоннинг ўзидан тадбиркорлик қилиш учун имконият яратиш механизмини қилишимиз керак. Бу паррандачилик, асаларичилик, иссиқхона барпо этиш каби бўлиши мумкин.

– Aҳоли даромадга эга бўлиши ва иш, меҳнат билан банд бўлиши яхши, бироқ уларнинг фаровон меҳнатга эришиши учун ижтимоий хизматлар сифати ҳам керак. Яъни таълим, соғлиқни сақлаш, тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжлар қондирилиши керак. Бу масалага ҳам Бухорода эътибор қаратиладими, маблағлар ажратилганми?

– Бугунги кунда вилоятда мактабгача таълим қамрови 63 фоизни ташкил этади. Биз юз фоиз қамрашга интилишимиз керак, лекин 2016 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 46 фоизни ташкил этганди. Охирги уч йилда мана шу йўналишда давлат томонидан қилинган ишлар, давлат-хусусий шерикчилик асосида маблағ ажратиш, оилавий мактабларни ривожлантириш каби ҳаракатлар натижасида қамров 63 фоизга етди. Aсосий ресурсимиз бўлган фарзандларимизниг камолга етишида мактабгача таълимнинг роли жуда катта. 2021 йилда бу кўрсаткични 71 фоизга ошириш бўйича ишлар қиляпмиз.

Бухоро вилояти ичимлик суви билан таъминланиш даражаси бўйича энг ёмон вилоятлардан бири ҳисобланади. Ичимлик суви билан бор-йўғи 55 фоиз аҳоли таъминланган. 15 минг километрдан ортиқ йўлларимиз бўлса, ярмидан кўпи ёмон аҳволда. Шуларни ҳисобга олиб, 2019 йилда президентнинг вилоятга ташрифи давомида шу икки соҳага хорижий банк томонидан 1,3 миллиард доллар миқдорида маблағ жалб қилиниб, шу ишлар ташкил этилиши белгиланган.

Ўтган йили йўналишларда ИТА (иқтисодий-техник асослар) ишлаб чиқилиб, 2021 йилда молиялаштириш ишлари бошлаб юборилади. Тенг улушда 640 миллион доллар ичимлик суви ва канализация учун ажратилса, 670 миллион доллар йўллар учун ажратилади. 2025 йилга бориб, вилоят 99 фоиз ичимлик суви билан таъминланади. Барча шаҳар, туман марказлари канализация билан таъминланади ва қолган 8 минг км йўлдан, тахминан 5 минг километри тўлиқ таъмирланади.

– 2021 йилда  жуда кўп мақсадлар қўйилди, энг аҳамиятлиси, хусусийлаштириш масаласидир. Бухорода бу йил хусусийлаштириш масаласида қандай янгиликлар кутилмоқда?

– 2020 йил 27 октябрда президентнинг тегишли фармони эълон қилинди. Бу ҳужжатнинг мақсад-моҳияти иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва хусусийлаштиришга бағишланган. Шунга кўра, 2021 йил давомида вилоятда 51та давлат иштироки мавжуд бўлган корхоналар активлари хусусийлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги 22та бозор ва савдо комплекслари хусусийлаштиришга тайёрланади. Буларнинг ичида бинолар, давлат улушлари, тадбиркорларга, инвесторларга тегишли бўлган бинолар ҳам бор.

Мисол учун фаолиятини 2000 йилларда тўхтатган йирик пойабзал ишлаб чиқариш фабрикаси бор, ҳудуди 3 гектар бўлган саноат ери билан савдога чиқарилмоқда. Иқтисодиётда давлат улушини камайтириш жуда муҳим, инвесторларга доимий равишда таклифларимиз мавжуд.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид