Жамият | 15:50 / 16.01.2021
23366
8 дақиқада ўқилади

Ургутда ЭИЗга яқин уйлар бузилиши мумкин. Ҳокимлик ҳудудда нима режалаштирилганидан бехабар

Ургут тумани Мерганча маҳалласида яшаётган аҳолининг шу кунларда тинчи бузилган. Бир қатор хонадонларга туман қурилиш бўлими томонидан тарқатиб чиқилган огоҳлантириш хати уларни ташвишга солмоқда.

Таҳририятга мурожаатдан сўнг Kun.uz мухбирлари вазиятни ўрганиш мақсадида Ургут туманида бўлди.

Тасаввур ҳосил қилиш учун айтиш лозим, Ургут Самарқанд вилоятидаги энг аҳоли зич яшайдиган туманлардан бири. Бу ҳудудда ярим миллион аҳоли истиқомат қилади. Деярли барча давлат ташкилотлари туман марказида жойлашган. Кўчаларда иккита машина ёнма-ён туриб қолса, учинчисида муаммо пайдо бўлади. Аммо бу ўринда гап қайсидир марказий кўчани кенгайтириш ҳақида бормаяпти.

«Уйларимиз 1982 йилда қурилган. Яқинда огоҳлантириш хати бериб кетишди. 40-50 йилдан буён тинч яшаб келаётган уйимизда ҳеч қанақа қурилиш қилмаслигимиз керак экан. Келгусида уйларимиз бузилиши мумкинлигини айтишмоқда. Бу хонадонда ҳали уйланмаган ўғлим, катта фарзандларим билан бирга яшаётган келинларимиз бор, қаерга борамиз? Огоҳлантириш бериб кетишганига ҳатто дарвоза ҳам қурмай ўтирибмиз, кўнгилсиз бўлиб қолдик», - дейди Роҳила Муродова.

«Менга ҳам огоҳлантириш хати олиб келишди, олмадим. Чунки мана, 60 ёшга кириб ҳам уйимнинг чаласи бор. Ҳали яна қанча яшайман, бундан кейин ҳам камчиликларни тўғрилолмайман. Яқинимизга масжид келди, қариган чоғимизда намозимизни ўқиймиз, деб қувониб ўтиргандик. Масала бутунлай чаппасига айланиб кетяпти. Бизни бошқа жойга кўчириб юборишмоқчи, тушунмаяпман», - дейди Низомиддин Тўраев.

Одатда муқим яшаб келаётган аҳолининг уйи «снос»га тушишига сабаб бўладиган омиллар бор. Масалан, бирор йўлни кенгайтириш, давлат аҳамиятига молик бирор объектнинг қурилиши ва шу кабилар.

Мурожаатчиларнинг қўлидаги огоҳлантириш хатига эътибор қилдик. Унда ёзилишича, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2020 йил 6 августда туманда ўтказган сайёр йиғилиши баёнига асосан Ургут эркин иқтисодий зонасининг Мерганча массивидаги саноат корхоналари билан қўшилиб кетган аҳоли турар жой биноларини тўлиқ хатловдан ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, хатлов натижаси бўйича турар жой биноларини кўчириш орқали ҳудуднинг бош режасига ўзгартириш киритиш юзасидан таклиф ишлаб чиқиш, хатловда аниқланган уй-жой биноларининг кўчирилиши ҳақида огоҳлантириш берилишига доир топшириқ бўлган.

Дарҳақиқат, кўпгина шаҳар-туманларда бўлгани каби Ургутда ҳам сўнгги йилларда эркин саноат зонаси ташкил қилинди. Саноат ҳудуди айнан аҳолиси ташвишга тушиб қолган Мерганча маҳалласи билан туташиб кетган. Ваҳоланки, Мерганча ҳам аслида туман марказидан нари борса уч-тўрт километр масофада жойлашган. Фараз қилинг, ён-атрофда шунчаки яккам-дуккам, ўзбошимчалик билан қуриб ташланган аҳоли яшаш пункти эмас, тиғиз ҳолда яшаб келаётган фуқароларнинг уйи бор. Саноат ҳудуди эса тобора марказга кириб бормоқда.

Умуман, саноат ҳудудини аҳоли яшаш пунктига бунча яқин ҳудудга жойлаштиришдан қандай мантиқ бор эди? Энг қизиғи, саноат зонасининг одамларга зарари ҳисобга олинмай, эллик-олтмиш йиллар давомида яшаб келаётган аҳоли энди бу ерда ортиқча бўлиб қолмоқда... Ваҳоланки, корхоналардан ён-атрофга тарқалаётган турли газлар наинки экологияни, балки фуқароларни ҳам зарарлаётгани ҳақида ҳозирча ҳеч ким ўйлаб кўрган эмас.

Аҳолига тарқатилган огоҳлантириш хати юзасидан туман ҳокимлигининг муносабатини олдик.

«Мерганча массивида 144 гектар ерда саноат ҳудудимиз бор. Ҳақиқатдан ҳам, саноат ҳудудининг юқори қисмида фуқароларнинг уйи жойлашган. У уйлар эркин иқтисодий зона ҳудудига кирмайди. Ўша 144 гектар еримиз тўлгандан сўнг, Сариқтепа ҳудудида янги заводларни қуряпмиз. Саноат зона марказ томонга қараб кенгайтирилмайди», - деди туман ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Тўлқин Маҳматмуротов.

Тўлқин Маҳматмуротовнинг айтишича, эркин иқтисодий зоналарни танлаш туман ҳокимлигининг ваколатига кирмайди. Бу иш билан эркин иқтисодий зона дирекцияси шуғулланади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Ургут» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонаси тезкор бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки бўлган мулк базасида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади. У ўзига бириктирилган мулкка нисбатан, қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади, деб кўрсатилган.

Яъни, эркин иқтисодий зона дирекцияси ўзи истаган жойни ўзи учун ажратиб ололмайди. Давлат томонидан ажратиб берилган ҳудуддан фойдаланади.

Масала шундаки, ҳоким ўринбосари марказ томон силжимайди, деб таъкидлаган саноат зонасининг ўзи марказга жуда яқин жойлашган. Камига, яна ўша ерда яшаб турган аҳолининг уйи бузилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш хати бериляпти. Тўлқин Маҳматмуротовнинг огоҳлантириш хатидан хабари йўқми ёки қурилиш бўлими шунчаки, аҳоли билан «ҳазиллашган»ми?

Туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Фахриддин Ашуров 20 та хонадонга огоҳлантириш хати берилганини маълум қилди.

«Ҳақиқатан ҳам қўшимча қурилиш қилмасликларини сўраб огоҳлантириш хати бердик. Аммо аҳолининг ҳозироқ кўчиб кетиши ҳақида гап бормаяпти.Бу жараён қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Яъни, келгусида фуқаролар ҳам рози бўлса, компенсацияси тўлаб берилган ҳолда уй-жойдан чиқарилади», - дейди Фахриддин Ашуров.

Бош мутахассиснинг қўшимча қилишича, 20 та хўжаликка огоҳлантириш хати берилган ва улар ҳозирча уйдан чиқарилмайди. Аммо келгусида бу уйларнинг бузилиши ёки бузилмаслиги, ҳудудда қандай режа мақсад қилинаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди. Вилоят ҳокимининг топшириғига асосан уйлар хатловдан ўтказилган ва огоҳлантириш хати берилган.

Қизиқ, туман ҳокимининг ўринбосари аҳоли яшаётган ҳудуд саноат зонасига кирмайди, деб турган пайтда туман қурилиш бўлими 20 та оилага «уйингиз эркин иқтисодий зонага яқин бўлгани учун бузилади», деб хат бериб чиқяпти. Ҳудудда қандай лойиҳа кўзда тутилаётгани ҳақида эса ҳозирча ҳеч кимда фикр, тасаввур йўқ.

Шу ўринда битта факт: ўтган йили БМТ берган маълумотга кўра, сайёрамизда ҳавонинг ифлосланиши оқибатида етти миллион киши вафот этган. Вафот этганларнинг кўпчилиги саратон, нафас олиш йўллари ёки юрак касалликларига чалинган. Болаларда кўп ҳолларда астма, сурункали ўпка касалликлари, ўсишнинг секинлашиши, семириш ва ақлий заифлик пайдо бўлиши эҳтимоли кўпроқ экан.

Биз эса саноат зоналарни ташкил қилаётганда бу омиллар ҳақида умуман ўйлаб кўряпмизми-йўқми, деган савол пайдо бўлмоқда. Ургут тумани мисолида айтадиган бўлсак, ҳудуднинг зарарланиши мутлақо ҳисобга олинмаган, деган хулосага келиш мумкин.

Яна бир гап: Мерганчадаги 20 та оиланинг уйи бир-икки йил ичида бузилди, ҳам дейлик. Компенсация ҳам тўлаб берилар, аҳоли рози қилинар. Бу қанча маблағни ташкил қилади ва ўша миқдордаги суммани нималарга сарфлаш мумкин? Ургутда саноат зона ташкил қилиш учун очиқроқ ҳудуд йўқми ёки? Умуман олганда, битта уйни бузиш ва қуриш машаққатини эса ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.

Мавзуга оид