Жамият | 20:00 / 18.01.2021
36448
12 дақиқада ўқилади

Такрорланувчи функциялар ва ортиқча харажатлар. Ҳукумат кенгайишининг зарарлари ҳақида

Ҳукумат «семириши»дан жамият ва халқ қандай ютқазади?

«Давлатда аъёнларнинг кўплиги бир бемор атрофидаги кўплаб табибларни эслатади: уларнинг ҳар бири ўз ҳақлигини исботлаш билан овора, бемор эса даво топмай ҳалак».

Тарихчи Публий Корнелий Тацит милодий биринчи асрда шу гапларни ёзиб қолдирган. Бу сўзлар ҳозир ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

Ўзбекистонда охирги вақтда шундай тенденция кузатилмоқда: бирор муаммо кун тартибига чиқса ва уни ҳал қилиш зарурати ҳақида сиёсий доира фаол гапира бошласа, ечим йўли кўпинча бир хил бўлади: шу муаммо билан шуғулланувчи янги давлат идораси ташкил этилади. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги сингари.

Табиий савол туғилади: янги идора ташкил этиш муаммо учун ечим бўла оладими? Ҳукуматнинг бу тахлит «семириб бориши» бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкинми?

Gov.uz ҳукумат портали маълумотларига кўра, ҳозир Ўзбекистон Республикаси ҳукумати (ижро аппарати)ни қуйидагилар ташкил этади:

– 24та вазирлик;

– Вазирлар Маҳкамаси таркибида 10та давлат қўмитаси;

– 11та агентлик;

– Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 5та қўмита;

– ВМ ва вазирликлар ҳузуридаги 5та марказ ва 4та инспекция;

– 2та марказий муассаса;

– 4та департамент.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси таркибида турли йўналишлардаги котибиятлар ҳам мавжуд. Рақамлар кичик эмас.

«Давлат аппаратининг семириши фуқаролик фаоллигини сиқиб чиқариши мумкин»

Вебстер университетида адъюнкт-профессор, фуқаролик жамияти бўйича мутахассис Нозима Давлетова ҳукуматнинг таркиб жиҳатдан кенгайиб бориши бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди:

Сўнгги вақтларда давлат идораларининг сони чиндан ҳам ортиб боряпти. Аммо баъзи истисноларни айтмаса, идораларнинг иш сифати ҳақида ҳам айни шуни айта олмаймиз. Давлат секторининг бугунги кундаги асосий муаммолари сифатида паст самарадорлик, салоҳиятли кадрлар етишмовчилиги, идоралараро коммуникациянинг қониқарсизлиги, ҳатто баъзида идоранинг ичида ҳам ўзаро алоқа яхши эмаслигини кўрсатиш мумкин.

Тизимли муаммолар янги идоралар ташкил қилиш билан ҳал қилинмаслиги лозим. Акс ҳолда, кўплаб самарасиз тузилмалар пайдо бўлади, улар эски услубда иш юритишади ва давлат бюджетининг катта қисмини «еб қўйишади». Сўнгги йилларда давлат идораларида ходимлар ойлик маошини ошириш, иш соатларини тартибга келтириш билан ислоҳ қилишга уринишлар бўлди, аммо фундаментал масалаларни ҳал қилмай туриб ўзгаришга эришиб бўлмайди.

Давлат хизмати тизимини чуқур ислоҳ қилиш лозим. Ҳар бир ходимнинг KPI (Key Performance Indicator — самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари)ни аниқлаш, ходимларни саралаш мезонларини кўриб чиқиш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий базасини яратиш, давлат хизматига ишга олишнинг шаффоф тизимини яратиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, амалдорлар даромадларини декларация қилшнинг нормал тизимини яратиш керак.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон коррупция халқаро индексида 172-ўрнидан 153-ўринга кўтарилди, аммо охирги тўрт йилда бу борада сезиларли силжиш бўлгани йўқ. Демак, тизимли ўзгаришлар ҳали юз берган эмас. Мамлакатнинг жаҳон саҳнасидаги имижи ижобий ўзгаргани эса ОАВ эркинлашуви ва очиқлик сиёсати туфайли рўй бермоқда.

Фармон бўла туриб, «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун ҳалигача қабул қилинмади. «Давлат фуқаролик хизмати» тўғрисидаги қонун лойиҳаси эса 2017 йилдан бери у ёки бу шаклда кўриб чиқиляпти. Қонуннинг сўнгги лойиҳасига даромадлари декларация қилиниши шарт бўлган қатор давлат хизматчилари киритилмаган эди.

Пандемия давридаги инқирозда қатор давлат тузилмалари бюджет маблағларини самарасиз сарфлаши маълум бўлди. ОАВда идора раҳбарларининг қимматбаҳо машина харид қилиши, маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши ва коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берилди.

Давлат аппаратининг семириб бориши катта бюджет харажатларини талаб қилиш билан бирга, фуқаролик фаоллигини сиқиб чиқариши хавфи мавжуд. Исталган давлат идораси ўзининг кераклигини барча усуллар билан оқлашга ҳаракат қилади. Бунга карантин даврида шаклланган кенг волонтёрлик ҳаракатлари мисол бўла олади. Давлат идоралари уларни назоратга олишга ҳаракат қила бошлади. Натижада волонтёрлик иштиёқи сўниб қолди, маҳалла тизимида эса ўғрилик ҳолатлари қайд этилди. Яна бир мисол сифатида АОКАни кўрсатиш мумкин. Ташкил этилганининг дастлабки даврида агентлик ОАВ эркинлашувига таъсир кўрсатди, ўз вазифаларини бажарди, аммо унинг бугунги фаолияти ҳақида бундай деб бўлмайди. Бунақада биз охирги йилларда қўлга киритилган муваффақиятларни бой беришимиз мумкин.

Кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун фуқаролик жамиятига эркинлик бериш кифоя эканлигини тушуниб етиш лозим. Давлат идораларининг ишини эса оптимизациялаштириш керак. Янги нарса ўйлаб топишга ҳожат йўқ. Давлат идораларининг самарадорлигини ошириш бўйича халқаро институтлар томонидан ишлаб чиқилган механизмлар мавжуд. Уларни тўғри, турли истисноларсиз қўллашнинг ўзи кифоя.

Катта ҳукумат — катта харажатлар

Янги давлат идорасининг пайдо бўлиши бу — фуқаролар тўлаётган солиқлар учун юкламанинг ортиши демак. Рақамлар эса бюджетда давлат идораларини сақлаш харажатлари улуши ошиб бораётганини кўрсатмоқда.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2018 йилда давлат бошқаруви идоралари, адлия ва прокуратура органларини сақлаш харажатлари 2.189,8 млрд сўмни ташкил этган.

2019 йилда марказий ҳукумат органлари ҳамда суд ва прокуратура органларини сақлаш харажатлари 3.757,3 млрд сўм (жами бюджетнинг 3,5 фоизи)га тенг бўлган.

2020 йилда фуқаролар учун эълон қилинган давлат бюджети лойиҳасига кўра, 131.104,5 млрд сўмлик давлат харажатларининг 5.318,6 млрд сўми давлат бошқаруви, адлия ва прокуратура органларини сақлаш учун ажратилган.

Катта ҳукумат — чекланган ҳукумат

Жаҳон тажрибасида ҳам давлат структураси «катта ҳукумат» (big government) ва «чекланган ҳукумат» (limited government) сифатида классификацияланади.

Илмий талқинларга кўра, чекланган ҳукуматнинг фуқаролар ва иқтисодиёт устидан назорати ҳам чекланган бўлади. Ижтимоий, иқтисодий, сиёсий дастурларни амалга оширишда ҳукумат фаолияти билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари кучига таянилади. Бошқарув ва қудрат алоҳида шахслар қўлида жамланмаслиги учун ҳокимиятлар тақсимланади ва улар бир-бирини тийиб туриш тамойили асосида иш кўради.

Катта ҳукумат эса сиёсий элитани танқид қилишга йўл қўйилмаслиги (танқид қилинганда эса бунинг таъқиб остига олиниши), медиа ва иқтисодиёт устидан назорат ўрнатилиши, фуқаролар ҳуқуқларининг чекланиши билан ассоциацияланади. Катта ҳукуматнинг эгилувчанлиги паст, инқирозли шароитларга мослашувчанлиги қийин. Коррупцияга йўл қўйилиши эҳтимоли юқори ва бундай ҳолатларни яшириш ҳам осон кечади.

Ҳукумат «семириши»дан жамият қандай ютқазади?

Масъулиятнинг тақсимланиши мутлақ масъулиятсизликни келтириб чиқаради. Ҳукумат ишида ҳам шундай — бир масала учун жавобгарларнинг кўпайиши ўша масаланинг ечимсизлигига олиб келади.

Мисол сифатида ижтимоий ҳимоя тизимини олайлик. Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш функцияси кўплаб ташкилотлар ўртасида тақсимланиб кетган: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги ва ҳоказо. Аммо тизимда шунча идора мавжуд бўлиб ҳам, соҳада ижобий силжиш йўқ. Бу халқаро ташкилотлар томонидан ҳам таъкидланган. «Ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича вазифалар кўплаб давлат идоралари ўртасида бўлинган, аммо уларнинг ўзаро мулоқоти яхши йўлга қўйилмагани боис, масалага комплекс ёндашиш, самарали сиёсат юритишнинг имкони йўқ», деган эди ЮНИСЕФ вакили Тинатин Баум.

Ҳукуматнинг «семириши» ва жамият ҳаётининг барча қисмларида, ҳатто фуқаролик жамияти институтлари шаклланишига давлат аралашувининг ортишига Ёшлар иттифоқи фаолияти мисол бўла олади. Ёшлар иттифоқи — де юре нодавлат-нотижорат ташкилоти. Де факто эса у ёшларнинг ўз ташаббуслари, шароит талаби билан табиий равишда ҳосил бўлмади, балки раҳбарият кўрсатмаси билан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг тугатилиши негизида пайдо қилинди, унинг фаолияти тўлиқ давлат томонидан молиялаштирилди. Оқибатда табиий ҳосил бўлмаган, сунъий ҳосил қилинган «нодавлат»-нотижорат ташкилоти ўзини оқламади, кейинчалик биратўла муқобил давлат идораси — Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди, иттифоқ раҳбарияти ҳам агентликка «кўчиб ўтди».

Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати, ҳукумат наинки ўзи семириб боряпти, балки фуқаролик жамияти институтларини ҳам «еб қўйяпти».

Бунга мисол сифатида шу пайтгача «бошқа ҳеч бир давлатда йўқлигини айтиб, фахр қилиб келинган маҳалла институтини кўрсатиш мумкин. Номи устида — ўзини-ўзи бошқариш органи бўлган маҳаллалар ҳам ҳукумат тизимига ўтказилди — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Вазирлик «маҳалла ишига аралашмаслиги, балки унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаши ва манфаатларини ҳимоя қилиши» айтилган. Аммо ёрдамга муҳтож оилаларга республика бюджетидан ажратилган моддий ёрдам пулларини тарқатишда маҳалла тизимида сусткашликлар ва қонунбузарликлар қилингани, вазирлик асосий фигурант бўлган «Саховат ва кўмак» жамғармаси хайрия маблағларининг талон-торож қилинганлиги, тузилманинг ташкил этилганига бир йил бўлмай туриб, унинг раҳбарияти ҳайфсан олишга улгурганини эсласак, халқ ҳали бу вазирликдан наинки бирор фойда, балки фақат зиён кўраётган бўлиб чиқади.

Шунингдек, давлатнинг фаол фуқаролик ҳаракатларини ҳам ўз назоратида ушлаб туришга, марказлаштиришга уринилди. Бу қатъий карантин даврида аҳолининг муҳтож қатламига турли шаклларда ёрдамга чоғланган волонтёрлик ҳаракатлари мисолида кўринди. Барча ҳаракатлар жамланиб, ягона «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ташкил этилди. Натижа: доимий банд телефон тармоқлари, талон-торож қилинган пуллар. Шахсий амбициялар ва ташаббуслар асосида кечаётган табиий жараён сунъий тарзда марказлаштирилди, бюрократик тус олди.

Ҳукуматнинг кенгайиши зарарлари хусусида сўз борганда бир жиҳатни эслаб ўтиш ўринли. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ўз чиқишларининг бирида «тизимлардаги муаммолар кўп ҳолларда вазирликлар томонидан қонунларга зид қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши натижасида келиб чиқади», деб айтган эди. Демакки, қонун ижроси учун жавобгар бўлган ҳукуматнинг ўзи ҳам қонун белгилаган чизиқларни билиб ёки билмай кесиб ўтади.

Яна бир қизиқ маълумот. Яқинда Адлия вазирлиги бошқармаси томонидан йўл хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ўрмон хўжалиги, туризм, табиатни муҳофаза қилиш, давлат-хусусий шериклик, фармацевтика соҳаларидаги вазирлик, идоралар фаолияти таҳлил қилинган ва буларда 48та такрорланувчи функциялар аниқлангани маълум қилинган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлат тизимли муаммоларни ҳал қилишда асосий ечим сифатида янги идора ташкил этишни кўрмаслиги лозим. Бу нега шу муаммони ҳали қилмадинг, деб ҳар замонда турткилаб туриш учун айбдорни ясаб қўйишга ўхшайди. Ҳеч нарса қилмаса ҳам майли, турткиларга чидаб турса бас.

Коррупция ва бюрократиядан холилик, транспарентлик борасида ҳали мақтана олмайдиган ҳукумат таркиб борасида сонга эмас, сифатга ишласа, янги идораларни ташкил этиш ҳақида эмас, қачонлардир ҳам катта умидлар билан яратилган мавжудларини такомиллаштириш ҳақида ўйласа, самара юқорироқ бўлади.

Зеро, бераётган самараси ва ҳосил қилаётган бюрократияси тарозига тортилганда иккинчи палла оғир келадиган идорага кетадиган пулни бир мактабнинг томини ёпиш, шифохонага тоза ичимлик суви торттиришга сарфлаш халққа кўпроқ наф келтириши мумкин.

Саодат Абдураҳмонова, Kun.uz журналисти

Мавзуга оид