Жаҳон | 23:39 / 19.01.2021
8825
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши эмлашдан кейин юз нерви фалажи кузатилиши мумкин - мутахассис

Коронавирусга қарши эмланганларда юз нервининг фалажланиши юз бериши эҳтимоли мавжуд, бироқ бундай иккиламчи таъсир вақтинча давом этади. Бу ҳақда америкалик олима, биология фанлари доктори Анча Баранова маълум қилди. 

Фото: РИА Новости

Аввалроқ Исроилда коронавирусга қарши Pfizer компаниясининг вакцинаси билан эмланган 13 кишида юз нерви фалажланиши кузатилгани маълум қилинганди. Умумий ҳолда эса коронавирусга қарши эмланган 2 млн исроилликдан 1127 кишида иккиламчи таъсирлар кузатилган. 

“Юз нерви парези (юз нерви мушаклари кучсизланиши) нафақат Исроилда, балки Канада ва АҚШда ҳам қайд қилинган. Ҳа, улар эмлаш билан боғланган. Бу ёқимсиз таъсир бўлиб, маълум вақтдан кейин ўтиб кетади. Албатта, тез ўтмаслиги мумкин. Ҳозирча биз у кимда бўлиши, кимда бўлмаслигини олдиндан айта олмаймиз. Бироқ эмлашдан кейин унинг юз беришининг кичик эҳтимоли бор”, деб айтган олима Исроилда қайд қилинган ҳолатларга изоҳ бериб.

Баранованинг таъкидлашича, бундай таъсир бошқа тиббий муолажалардан кейин ҳам кузатилиши мумкин.

Таъкидланишича, Исроилда Pfizer вакцинасига нисбатан кузатилган энг жиддий иккиламчи таъсир юз нервининг бир томондан фалажланиши (Белл фалажи) бўлди. Ушбу таъсир 13 кишида кузатилган. Яна 3 киши оғзида металл таъми пайдо бўлганини маълум қилган, 2 нафар киши нафас олишдаги муаммолардан шикоят қилган, бир киши ҳушини йўқотган. Вакцинанинг иккинчи дозасини олган 600га яқин одамда укол қилинган жойда маҳаллий дискомфорт ва оғриқ қайд қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонга Pfizer/BioNTech компанияларининг вакцинасидан 100 минг доза келтирилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид