Қирғизистон сақлаш талабларини бажара олмаслиги сабабли Pfizer вакцинасидан воз кечмоқчи
Pfizer вакцинаси минус 70 даража ҳароратда сақланиши лозим. Қирғизистон вакцинани сақлаш учун 2 млн долларлик жиҳозлар сотиб олишига тўғри келади.
Қирғизистон техник сабаблар туфайли Pfizer компаниясининг коронавирусга қарши вакцинасини олишдан воз кечмоқчи. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Алимқадир Бейшеналиев маълум қилди.
"Бизга Американинг минус 70 даража ҳароратда сақланиши шарт бўлган Pfizer вакцинаси таклиф қилинди. Бизда ҳар бири 4 минг доллар турадиган музлаткичлар йўқ. Бюджетда бундай пул йўқ ва биз воз кечишга мажбурмиз", - деди у.
Вазирнинг маълумот беришича, Pfizer вакцинасини сақлаш учун республика 2 млн долларлик жиҳозлар сотиб олишига тўғри келади. Бейшеналиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон COVAX дастури доирасида Pfizer компаниясининг 1 млн доза вакцинасини олиши лозим . Бишкек яқин вақт ичида сақлаш шартлари оддийроқ бўлган яна бир вакцинага ариза бермоқчи.
Вазирнинг қўшимча қилишича, Қирғизистон минус 2 даражадан минус 18 даражагача ҳароратда сақланиши керак бўлган "Спутник V" вакцинасини сотиб олиш бўйича Россия билан музокаралар олиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирус юқтирганлар сони 82 мингдан ортиқ бўлиб, 1400 нафарга яқин киши вафот этган. Республикада ўтган йилнинг мартидан буён фавқулодда вазият режими давом этмоқда.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024