Ўзбекистон | 11:56 / 20.01.2021
13789
5 дақиқада ўқилади

«Эшитиш катта неъмат экан» — эшитиш қобилиятини йўқотиб, қайта топган Исмоилнинг ҳикояси

Исмоил Равшанов заҳарланиш оқибатида комага тушгач, эшитиш қобилиятини йўқотган эди. «Zamin» фонди дастури доирасида операция қилингач, яна эшита бошлаган Исмоил бошидан ўтказганлари ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистонда ҳозирда 15 минг нафарга яқин инсон эшитиш қобилиятида туғма ёки орттирилган заифлик билан яшамоқда. Улар орасида болалар ҳам анчагина.

«Zamin» фонди эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастурини тақдим этди. Лойиҳа доирасида жарроҳлик амалиёти йўли билан ўқувчиларнинг эшитиш қобилиятини тиклаш устида иш олиб борилади. Ҳар йили 30 нафар мактаб ёшидаги болага имплантация учун жарроҳлик амалиёти бепул ўтказиб берилади.

Исмоил Равшанов

2020 йил июн ойида бошланган дастур ҳозирга қадар 36 нафар болани товушлар дунёсига қайтарди – уларнинг эшитиш қобилияти тикланди.

Мақоламиз қаҳрамони Исмоил Равшанов ҳам шулар сирасида. 6-синфда ўқиётган Исмоил 2020 йилнинг март ойида заҳарланиш оқибатида эшитиш қобилиятини йўқотган эди.

Операциядан олдин ҳеч қандай товушни эшитмасдим. Қулоғим шиғиллаб тураверарди. Бу жуда ҳам оғир... Гапиришса-ю, мен эшитмай қолсам, жуда ҳам хафа бўлардим. Бир ўзим қолишни хоҳлардим. Ўзимга ўзим савол берардим, энди қандай қилиб ўқийман деб.

Кейин эса операция қилишди, қулоғимга аппарат қўйилди ва мен яна товушларни эшита бошладим. Шундан кейин жуда ҳам хурсанд бўлдим. Энди ҳеч қачон хафа бўлмайман, йиғламайман ҳам. Аллоҳга ҳамд айтаман, алҳамдулиллаҳ. Эшитиш жуда катта неъмат экан, мен аввал бунинг қадрига етмаган эканман. Ҳозир олдинги ҳолатимга қайтдим, – дея ўз хурсандчилигини ифодалайди Исмоил.

Исмоилнинг онаси Нозима Тожибоева ўғлининг операциягача ва ундан кейинги ҳаёти ҳақида гапириб берди.

Ўтган йилнинг 2 март куни ўғлимда заҳарланиш кузатилди. Юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик, лекин улар бу бизнинг касал эмас, деб қайтариб юборишди. Таҳлилларни топширгунимизга қадар ҳолати ёмонлаша бошлади. Бошқа касалхонага боргунча жуда оғир аҳволда эди – юраги тўхтаган, қон босими тушиб кетганди. Аввал реанимацияга, кейин комага тушиб қолди. Заҳар қонига ўтиб кетган экан. 8 кун комада ётди. Оёқ-қўли ҳам ишламасди.

Комадан уйғонди. Шифокорлар буни «Аллоҳнинг мўъжизаси, бемор уйғонадиган аҳволдамасди», дейишди. Аллоҳга шукр, уйғониши билан ақл-ҳуши жойида, оёқ қўли ишлаб кетди. Бўйнида трахеостомияси борлиги ҳисобига овози чиқмасди. Гапирсам, яхши тушунмасди, ҳолсизлиги туфайли ёзиб ҳам беролмасди. 3–4 кундан кейин қўлидан ушлаб ёздирдик – «эшитмаяпман» деб ёзиб берди. Ҳали ҳам вазиятдан энг осон йўл билан чиқдингизлар, дейишди.

Карантин пайти бўлгани учун хориждан шифокор олиб кела олмадик, битта бола учун келмас экан. Қўлимиздан ҳеч нарса келмасди. Лекин зудлик билан операция қилиш керак эди. Кейин эса «Zamin» фонди эшитишида муаммоси бўлганлар учун имплант ўрнатиб беришини, хориждан шифокор келишини айтишди. Жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Амалиётдан кейиноқ ўзига ишончи қайта бошлади. Мен эшитарканман, деб умид қила бошлади.

Илгари эса уйга биров келса ҳам дарров ичкарига кириб кетарди. «Нега ҳамма эшитяпсанми, деяверади, эшитмаяпман-ку барибир», деб хафа бўларди. «Катта бўлганимда сизларни боқишим керак-ку, қанақа қилиб боқаман, опаларимдан хабар олишим керак, нима бўлади?», дерди. Сен фақат астойдил дуо қилгин, ҳаммамиз дуо қиляпмиз, деб далда берардик. Аллоҳ фарзандимни қайтариб берди.

***

Маълумот учун, эшитиш қобилияти йўқотилишининг энг кенг тарқалган ҳолати – ички қулоқ чиғаноғининг шикастланишидир. Ҳозирда бундай ташхис қўйилган инсонларда реабилитация ва эшитиш қобилиятини тиклашнинг ягона усули кохлеар имплантация ҳисобланади.

Кохлеар имплант – эшитиш қобилиятини йўқотганлар учун атрофдаги товуш ва нутқни эшитиш имконини берувчи электрон қурилмадир. У икки қисмдан иборат: ички қисм жарроҳлик йўли билан беморнинг қулоқ ичига ўрнатилади, процессордан иборат ташқи қисм эса беморнинг қулоғи ёки бошига жойлаштирилади. Бу қурилма товушни қабул қилиб олади ва уларни бош териси орқали эшитиш нервига таъсир этувчи ички қисмга узатади.

Бундан ташқари, эшитиш қобилиятининг кондуктив ва аралаш бузилиши ҳолатида, яъни товуш ташқи қулоқдан табиий равишда ички қулоққа ўта олмаса, суяк ўтказувчанлигини таъминлаб берувчи имплантлардан фойдаланилади.

«Zamin» фонди амалга ошираётган дастур доирасида эшитиш қобилияти заиф ва кар болалар ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун кохлеар ва суяк ўтказувчанлигини таъминловчи имплантлар ўрнатиш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Даволаш уч босқичда бажарилади: болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб саралаб олиш, жарроҳлик амалиёти ва амалиётдан кейинги реабилитация.

Мавзуга оид