«Бинолар жуда тез қуриб ташланяпти». Архитектура-қурилиш институти мутахассислари билан суҳбат
10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушди. Бунинг ортидан одамларда қурилишлар сифатига шубҳа ортди.
Kun.uz мухбири шу мавзуда Тошкент архитектура ва қурилиш институти профессори Саид Маҳмудов ва кафедра мудири, доцент Самариддин Мажидовга мурожаат қилиб, мутахассис сифатида ҳолатга муносабат билдиришни сўради.
Жиззахдаги ҳолатда қандай хатога йўл қўйилган бўлиши мумкин?
— Биринчидан, бу бино шаҳарнинг бош режасига киритилмаган. Яъни мана шу ҳудудда кўп қаватли бинолар қуриш мумкин эмас. Режалаштириш ҳам мумкин эмас. Иккинчидан, конструкция нотўғри қилинган, конструкциянинг биринчи ва иккинчи қаватлари нотурар жойга мўлжалланган. Улар юқоридаги кучларни кўтариб туришга мўлжалланмаган, тепасига 4 қават қурилган, 4 қаватнинг ҳаммаси каркасдан қилинган ва оралиқлари ғишт билан тўлдирилган.
Қолаверса, ғишт билан устуннинг боғланиши йўқ. Агар боғланиш бўлганида, бундай ҳолат бўлмасди. Шу боис, юқоридаги юк катта бўлгани сабабли тепа қисми ағдарилиб кетган. Чунки пастдаги устунлар нотурар жой учун тикланган. Яна бинонинг ертўласи ҳам бор. Ўша ертўлада консол чиқариб қўйибди. У консолга ҳам юқоридан оғирлик тушади. Шу сабабдан юқоридаги оғирликни кўтаролмасдан мана шундай ҳолат юз берди.
Бино лойиҳалаштирилганидан кейин экспертизадан ўтгани ёки ўтмагани ҳақида менда маълумот йўқ. Менимча, устуннинг кўндаланг қисмини танлашда ҳисоб-китоб нотўғри бўлган. Чунки кўндаланг қисм юқоридаги кучга боғланиб танланади. Кўндаланг кесим кичик бўлса-ю, тепадан тушаётган куч оғир бўлса, устун қулаб тушади.
Тошкент шаҳрида ҳам бугунги кунда қурилаётган айрим бинолар устунга барпо қилинмоқда ва уларнинг ғишт деворлари устунларга киришиб кетмаган, боғланмаган. Шундай барпо қилиш мумкинми?
— Бу устун ва устуннинг оралиқ масофасига боғлиқ. Агар устунлар оралиғи узоқ бўлса, деворнинг ўзи ҳам оғирлик тушмасдан ағдарилиб кетиши мумкин.
Бундан ташқари, ғишт девор урилаётганда маълум бир қаторда арматуралар қўйилади. Арматура устунга боғланади, қолган қисми ғишт қаторларига кириб туради. Ўша нарса йўлга қўйилмаяпти. (Жиззахдаги ҳолатда) 4 қаватдан тушаётган оғирликни пастдаги устун кўтара олмаган, шунинг учун ҳам қулаб кетган.
Қолаверса, 6 қават бино қуриш мана шу ҳудуддаги режага мос эмас. Бундан ташқари, ишлатилган материаллар ҳам – ғиштдан тортиб қоришманинг материалигача – талабга жавоб бермайди. Уни монтаж қиладиган, терадиган, қурадиган одамлар маълум бир билимга эга эмас. Улар, менинг билишимча, бир кунлик ишга келган одамлар. Келган ва бажариб кетган, эртага бунинг ҳисоб-китобига ҳеч ким жавоб бермайди.
Бинони шу даражага олиб келишига сабабчи бўладиган қандай материаллар ишлатилган бўлиши мумкин?
— Бино қурилишида ишлатиладиган материалларнинг ҳар бирининг ўз марка ва синфлари бор. Сабаби, бино лойиҳалаштирилган вақтда смета қисмида ҳар бир материалнинг маркаси киритилади. Цемент 400 маркали бўладиган бўлса, 400 маркалини ишлатиш керак.
Бугунги кунда, қурилиш объектигача 400 маркали цемент етиб келмаяпти. Бу – биринчи катта камчилигимиз. Шунингдек, олинган цементларни ортиқча муддатда сақлаб туриш. Сақлаш муддати ўтгани сайин цемент кучи янада пасайиб бораверади.
Бундан ташқари, уларда ишлатилган майда ҳамда йирик тўлдирувчилар – қум ва шағалларнинг таркибидаги чанг миқдорлари албатта боғловчининг сифатига таъсир қилади.
«Бинолар жуда тез суръатда қурилмоқда»
— Мамлакатимизда қурилаётган биноларни оладиган бўлсак, жуда ҳам тез суръатда қурилмоқда. Аммо қўйилган пойдевор камида бир йил қолиб, чўкиши керак. Пойдевор қўйилганидан кейин заминда жойлашгунча биз шошиб уни кўтарадиган бўлсак, юқоридаги ҳолатларга дуч келиб қоламиз.
Шу сабабли қурувчи-муҳандислар, лойиҳачилар ва ишчилар – ҳамма ўз ишини белгиланган муддатда қилса, бундай ҳолатларга дуч келмаймиз. Ғишт билан девор уриладиган бўлса, устунга боғловчи билан киришиши керак.
Битта камчиликни ҳаммамиз тан олишимиз керак: назорат йўқ.
Аслида ҳар бир қават битганида ғиштлар боғланишини мутахассис ходимлар бориб текшириши керак эди. Мутахассис текширмасдан 2-қават қурилмоқда. Ғишт терувчи эса, фақат ғишт теришни билади. У ерда устун тайёр турибди, орасига ғишт териб кетмоқда. Оралиқ қанча катта бўлса, ғиштнинг ўзини териб қўйсангиз ҳам устунга боғланиш бўлмаса, ғишт маълум бир вақтдан кейин ўзидан ўзи йиқилиши мумкин.
Зилзилада бу қандай хавф туғдириши мумкин?
— Биринчи навбатда оралиқ масофа ҳисобга олиниши керак. Оралиқ 6 метрли устунга юқоридан тушаётган кучга нисбатан унинг кўндаланг кесими ҳам тўғри келиши керак.
Битта оддий ғишт 2,5–2,7 кг.ни ташкил этади. 18 метр квадрат жой бўладиган бўлса, тахминан 600 дона ғишт кетади ва оғирлиги бир тоннадан ортиқ бўлади. Қулаган бинога назар соладиган бўлсак, биринчи ва иккинчи қавати маиший хизмат кўрсатиш биноси, ундан сўнг турар жой биноси бўлганидан кейин, буларни ҳисобга олиш керак эди.
Шу билан бирга, қаватлар оралиғига оралиқ қопламалар қўйилади. У ҳам оғир бетондан қилинади ва унинг оғирлиги ҳам устунга тушади. Устун билан устунни ўзаро боғлаб турувчи ригел ҳам бўлади. У оғирлик кучини устунга беради. Геометрик шакл ўзгариб кетади. Оний ўзгарувчан схема ҳосил бўлади ва бу оғирлик кучларининг ҳаммаси келиб пойдеворга тушади. Пойдеворга тушаётган пайтда кўндаланг кесим кичкина бўлса, тепадаги оғирлик пойдеворгача келмасданоқ ўз мувозанатини йўқотади.
Жиззахдаги бинонинг пойдевори ҳам чўккани айтилди. Пойдевор нега чўкади?
— Пойдевор чўкмаслиги учун геолог ва геофизиклар ўша қурилиш майдонининг тупроқ таркибини текшириши талаб этиларди. Маълум бир чуқурликни кавласангиз, шағал, қум келиб чиқади. Яъни қум ва шағал сувга тўйинган бўлиши мумкинлигини аниқлай оларди.
Илгарилари кўп қаватли уй пойдевори бир йил чўктириб қўйиларди. Ҳозир бир ойда бино тикланмоқда. Пойдевор қурилганда ҳам об-ҳаво, бетоннинг маркаси ҳисобга олинмаяпти. У 28 суткада қуриши керак. Бизда қурилиш комбинатлар бор, улар ҳам давлат стандартлари асосида ишлайди, лекин қурилиш материалларининг сифатини текширмаяпти.
«Хорижлик қурувчилар ўз лабораторияларига эга»
— Ҳозирда четдан келиб қураётганлар ўзининг лабораторияси билан келган. Унда бетоннинг маркаси, пойдевор, ора ёпма плиталарни текшириб, оралиқ кесимлар ва лойиҳани яна қайта кўриб чиқиб, кейин қурилишни давом эттиришга рухсат бермоқда.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, рухсат бергандан кейин назорат ҳам бўлиши керак. Жиззахдаги бинони қурганлар эса, мутахассис эмас, менимча, лойиҳани ҳам экспертизадан ўтказмаган. Қолаверса, ҳозирда, хусусий лойиҳалаш фирмалари бор, ўшалардан ўтгандир, балки.
Тадбиркор қурилишга катта маблағ ажратар экан, унга тендер эълон қилиши, бинони ким қурадиган бўлса, унинг барча моддий-техник базаси етарли эканини текшириши шарт.
Ҳозир бизда яна бир жиҳатга эътибор берилмаяпти, яъни бугунги дунё қурилишида қурилиш қоришмалари ва бетонларни ишлаб чиқаришда уларнинг мустаҳкамлигини оширувчи қўшимчалардан фойдаланилмоқда. Бизда эса, бу жорий қилингани йўқ.
Келгусида мана шундай хатоларнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак?
— Ҳар бир бинонинг турига қараб қурилиш меъёрлари бор. Ана шу меъёрий қоидаларга эътибор бериб, қурилиш режалаштирилган ҳудудни яхшилаб текшириш керак. Пойдевор қўйишдан олдин чўкиш ҳолатини аниқлаш учун маълум бир вақт берилиши лозим.
1996 йилдан бошлаб меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва ҳар бир соҳа бўйича алоҳида меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Агар мана шу меъёрий ҳужжатларга амал қилиб қурилса, бундай ҳолат юз бермайди.
Исталган жойга келиб, ҳоким ё тадбиркорнинг хоҳишига кўра, 6 ёки 9 қаватли бино қуриш мумкин эмас.
***
Kun.uz мухбири юқорида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, бино каркас усулида барпо қилинганида оралиқ деворларнинг устунларга киришмаслиги қанчалик хавфсиз, деган савол билан Қурилиш вазирлиги раҳбарларига мурожаат қилди.
Вазир ўринбосари Козим Тўлагановнинг изоҳлашича, охирги йилларда ғиштдан оғирлик кўтарувчи эмас, фақат девор сифатида фойдаланилмоқда.
«Охирги йилларда каркаслар бинонинг бутун кучини кўтаришга мўлжалланган, ғишт уларда оғирлик кўтарувчи эмас. Яъни ғишт деворлар тўлдирувчи вазифасини ўтайди, каркас билан комплексни ташкил этмайди. Ғишт кўтарувчи сифатида белгиланганида бошқа масала эди. Уларнинг барчасининг лойиҳасида каркас кўтарувчи», – деди Тўлаганов.
Қурилиш вазири Ботир Зокиров масаланинг бошқа бир томонига эътибор қаратди.
«Айрим биноларда устун ва ригел орасида ғишт изоляция қилинади. Бу – кучли зилзила содир бўлганида ўша девор ташқари томонга қулашини англатади. Бинонинг ўзи қуламаслиги керак. Албатта, бу 7 қаватгача бўлган уйларнинг лойиҳасида назарда тутилади. Қолганларида 50 қават бўлсаям туради, йиқилмайди», – деди вазир Ботир Зокиров.
Мавзуга оид
18:59 / 01.02.2021
Самарқандда мактаб қурилиши учун давлат томонидан ажратилган 631 миллион сўм талон-торож қилинди
16:33 / 29.01.2021
Янги қурилган уйлар туфайли ичимлик сув тармоқларидаги носозликларни тузатишга 19,8 млрд сўм сарфланган – «Ўзсувтаъминот»
20:53 / 28.01.2021
Тошкент шаҳри бош архитектори «Сквер»даги автотураргоҳ ўрнида қурилаётган объект атрофидаги гап-сўзларга изоҳ берди
12:48 / 28.01.2021