«Мафияни йўқотиш устида ишлаяпмиз» – Шерзод Шерматов дарсликлар тайёрлашдаги муаммолар ва янги «миллий ўқув дастури» ҳақида
Kun.uz халқ таълими тизими, бу тизимда давом этаётган чуқур турғунлик ва уни ислоҳ қилиш борасида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан таҳлилий суҳбат уюштирган эди.
Қуйида интервьюнинг 2-қисми матни билан танишишингиз мумкин.
— Бугун таълим стандартлари мукаммал эмаслиги мактабларда билим бериш даражасини ошириш йўлидаги катта муаммолардан бири. Бунда ушбу стандартлар болаларнинг ёшига доир хусусиятлари, фанлар ўртасидаги алоқалар, шунингдек, ўқувчилар ўзлаштириши керак бўлган маълумотлар ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда тузилгани мутахассислар томонидан ҳам таъкидланади.
Бу ҳақда президент Мирзиёев ҳам парламентга қилган мурожаатномасида гапирди. «Янги Миллий ўқув дастури яратамиз», деди у. Хўш, бу миллий дастур қандай бўлади?
— Тўғрисини айтиш керак, мактаб ўтган йиллар давомида ўз иши билан шуғулланмади. Пахта мавсумида ҳаттоки вазирлик ходимлари ҳам ўқитувчилар тепасида туриб пахта теришга масъул эди. Ижод ҳеч кимни қизиқтирмади.
Китоблар ҳам зерикарли ва ўқишга қийин қилиб ишланарди. Ҳа, дарсликлар стандарт билан қилинган лекин стандартнинг ўзи нима, у қандай ишлаб чиқилган, деган савол билан ҳам ҳеч ким қизиқмаган.
Менинг мақсадим ўтмишга тош отиш эмас, лекин муаммони ҳам айтиш керак.
Мана энди давлат таълим стандартлари бўйича ижодий жамоа тузилди.
Стандарт нима? Бола мактабнинг 5, 7, 9, 11-синфларида нимани билиб чиқиши, қандай тажрибаларни олиши керак? Биз мана шу саволларга жавоб топсак, миллий ўқув дастурини ҳам шу жавоблар асосида ишлаб чиқамиз.
Ҳозир бутун дунё мактабларида PISA дастурига ўтиляпти.
PISA – турли давлатларда 15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлигини (ўқиш, математика, табиий фанлар) ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини баҳоловчи дастур.
Яъни, мақсад боланинг қандайдир тест саволларини ёдлаб қолиши, формулаларни эслаб қолиши эмас. Мақсад боланинг фикрлаши, керакли маълумотларни ўзлаштириши. Бу дастурда, шунингдек, болани таҳлилий фикрлашга ўргатиш ҳам мақсад қилинади.
Биз ҳам мактабларда шу тизимга ўтишимиз керак. Лекин бир нарса аниқ, биринчи PISA натижамиз жуда ёмон бўлади.Чунки бу дастурда асосан иқтисодий бой давлатлар иштирок этади. Биз бу дастурга 2022 йилда иштирок этамиз.
Биринчидан, PISA бизга қолганлардан қанчалик ортда қолиб кетганимизни ҳам кўрсатиб беради. Лекин шундан кейин қўлимизда таҳлил бўлади.
Албатта, миллий дастур қабул қилингандан кейин янги дарсликлар ҳам чиқиши керак. Биз бу бўйича ҳам ишлаяпмиз. Масалан, бу йилги информатика дарслигини олайлик.
Аввалги дарсликлар фойдаланувчи учун чиқарилган бўлса, янгиси яратувчилар учун ишланди. Бунда ўқувчига СММ ва LMC нималигини ўргатишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, бу дарсликлар орқали ўқувчиларга 5 синфдан бошлаб дастурлашни ҳам ўргатамиз. Улар мактабдан оддий, визуал дастурлашни билган ҳолда чиқади.
Биз янги дарсликларни аввалгидек зерикарли эмас, болаларга қулай, қизиқарли тарзда ишлаб чиқаряпмиз.
Иккинчидан, дарсликларнинг ёнида ўқитувчилар китобини ҳам тайёрладик. Бу китобда ўқитувчи болаларга мавзуларни қандай қилиб ўргатиши кераклиги ёзилган бўлади. Чунки 500 мингдан ортиқ ўқитувчи ўз-ўзидан янгиликларни ўрганиб қололмайди.
Биз ёш болалар учун дарсликлар ёнида машқ дафтарларини тайёрлаб чиқаряпмиз. Бунда у ўрганганларини мустаҳкамлаб бораверади.
Таълим сифати дедик, янги дарсликлар мисолида бунга яна бир мисол келтираман. Яъни, эски дарсликда биринчи синф болаларига ҳам мавзулар бошида нота қўйилган эди. Хўш, ҳали биринчи синф боласи нотани қандай тушунади? Демак у фақат ўқитувчи учун бўлган. Янги дарсликда эса ўқувчиларга энг содда услубларда, аввал нота белгиларини чизиш, ритмларни тушунтириш ва ундан кейин ноталар тушунтириляпти.
Халқ таълими вазирлиги таълим дастури ва дарсликлар бўйича нафақат маҳаллий экспертлар, балки UNICEF, USAID каби халқаро ташкилотлар билан ҳам ишлаяпмиз. Улар инглиз тили ва информатикани бутун синфларга қўшимча ҳам олиб келиб берадиган бўляпти.
Шунингдек, рус тили фанлари ҳам россиялик экспертлар билан биргаликда қайта кўриб чиқиляпти.
— Сиз янги дарсликлар ишлаб чиқилиши ҳақида гапиряпсиз. Шу жараёнда кўп йиллардан бери танқид қилиб келинадиган бир муаммомиз бор, бу – дарсликлар чиқаришдаги монополиянинг мавжудлиги. Энг ёмони шу монополия ва кимлардир фақат ўз фойдасини ўйлаши ортидан миллионлаб ўқувчилар кераксиз, ортиқча мавзуларни ҳам ўқиб келяпти. Очиқ айтганда, бу тизим йиллар давомида мафиялашиб кетган. Айтингчи, вазирлик шу тизимдаги монополия ва мафияни йўқотиш учун нима қиляпти?
— Мафияни йўқотиш устида ишлаяпмиз. Лекин бу ҳам осон эмас.
Масалан, мафияга аралашган қайсидир муаллифни дарслик чиқарувчилар сафидан олиб, ўрнига бошқа муаллифни қўшадиган бўлсангиз, у янги дарсликларни танқид қила бошлайди. Бўлар-бўлмас мисоллар билан одамларнинг орасида норозилик чиқаришга ҳаракат қилади.
Айнан шу сабаб охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда кўплаб фейк дарсликлар ҳам пайдо бўляпти. Бу ишларнинг ортида айтганимдек, янги дарсликларга киролмай қолган муаллифлар турибди.
Бу ишлар тизимли равишда ўзгариб бораверади. Масалан, эндиликда биз дарслик чиқариш учун нашриётлар орасида албатта, тендер ўтказамиз.
Демак, энди нашриётлар ҳам кучайиши керак. Улар бизга тайёр дарслик макети билан келишга ҳаракат қилиши керак. Макет деганимки, дарсликни чиқаришгача бўлган жараённинг электрон варианти.
Дарсликларга тендер бўлди, кейинги қадам уни чоп этиш учун бўлади. Авваллари дарсликни тайёрлаш билан уни чоп қилиш битта бўлган. Оқибатда китоблар ҳам сифатсиз чиққан.
Бизда илк тендерлардан кейин дарсликлар, ундаги бўёқ, ишлатилган қоғоз сифати ҳам яхшиланди.
Суҳбат давомида сиз Шерзод Шерматовнинг давлат амалдорларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш билан коррупцияни тўлиқ йўқотиб бўлмаслиги, тик-токер йигитнинг ўқитувчидан кўпроқ пул топишига шахсий фикрлари билан танишишингиз мумкин.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
15:16 / 12.12.2024
2025 йилда дарсликлар ижараси учун тўлов олинмайди
09:30 / 04.12.2024