Ўзбекистон | 23:23 / 23.01.2021
134564
2 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков феврал ойида карантин чекловлари қайта тикланишига оид хабарларга изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда ҳам аниқлангани, бу касаллик олдингисиданда оғир кечиши тўғрисидаги аудио тарқалди. Шунингдек, Тошкент давлат педагогика университетида ҳам вируснинг янги штамми қайд этилгани айтилади.

“Гап бундоқ, феврал ойидан бошлаб карантин қайтаркан. Ковид марказлар яна очиларкан. Янги штаммда бурун битиб, томоқ йиринглаши, ич кетиши билан кечаркан. Касаллик жуда кескин кечаркан. Кимда кузатилса дарҳол шифокорга мурожаат қилсин”, – дейди кимлиги номаълум бўлган эркак. 

Kun.uz миш-мишлар бўйича изоҳ олиш учун Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков билан боғланди.

“Ўзбекистонда коронавируснинг янги штамми қайд қилинмаган. Юқоридаги аудиода айтилган белгилар олдинги штаммга ҳам хос бўлиши мумкин. Янги штамм қайд қилинмагани туфайли эҳтиёт чораларини сусайтириш ярамайди. Биз ҳамон пандемия даврида яшаяпмиз.

Карантин чораларининг феврал ойида кучайтирилиши ҳақидаги гаплар ўринсиз. Бу борада фақат республика махсус комиссияси қарор чиқариши мумкин. Бундай қарор чиқарилганда эса расман эълон қилинади.

Ўзбекистонда ҳар куни турли ҳудудларда коронавирус аниқланмоқда. Шу жумладан, Тошкент давлат педагогика университетининг талабасида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилгани рост. Аммо бу янги штамм эмас, умуман эпидемиологик вазият ҳам барқарор. Ўша факультет талабаларига маълум муддат жавоб берилгани эса стандарт амалиёт. 

Такрор айтаман, касаллик бизга кириб келмабди, дея хотиржамликка берилиш, ҳимоя ва гигиена қоидаларини унутиш тўғри эмас. Эҳтиёт чоралари ҳамон амалда”, – деди Нурмат Отабеков Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Мавзуга оид