«Биз билан ўйнамасдилар, чунки қора танли эдик». АҚШнинг янги вице-президенти – Камала Ҳаррис ким?
Америкада 4 йиллик мураккаб давр якунланди. Трамп даврида мамлакат уруш ёқасига ҳам келиб қолганди (Эрон билан). Аввалига ноодатий чиқишлари билан сиёсатга «ёриб кирган» Трамп йиллар ўтган сайин гўёки қандайдир кучлар учун ғалати қарорлар чиқара бошлагандек таассурот уйғотди. У Россия ёрдамида ҳукумат тепасига келгани деярли ҳар куни эсланди, чиқараётган қарорлари «кутилмаганда» нуқул Исроил фойдасига ишлаётгани одамларни ажаблантирди (у кетишидан бир соат олдин «Исроил билан ярашиб олганининг» мукофоти сифатида БААга кўп миқдорда қирувчи самолёт сотиш бўйича қарорга имзо чеккани айтилганди).
Байден эса хотиржамлик рамзи ўлароқ президентликка келиб, кўплаб америкаликларни хотиржам қилди. Одатда сайлов кампаниясида президент бўлажак вице-президентни ҳам танлайди ва у ким бўлиши бевосита сайлов натижасига ҳам таъсир қилади. Байден кўпчилик учун кутилмаганда бу лавозимга муҳожирлар оиласида туғилган (!), қора танли (!) ва аёл кишини (!) – Камала Ҳаррисни танлади.
Танлов ўзини оқлади дейиш мумкин, чунки Ҳарриснинг тарафдорлари ҳам кўпчилик эди ва улар сайлов натижасига оз бўлса-да таъсир қилгани табиий. Ахир у 40 миллион одам яшайдиган Калифорниядан сайланган сенатор эди. Хўш, АҚШнинг расман иккинчи одами аёл ва афроамерикалик бўлишига қарамай қандай қилиб бу даражага эришди?
«Биз билан ўйнашмасди, чунки қора танли эдик»
«Қўшни болалар биз билан ўйнашмасди, чунки қора танли эдик. Жаноб Байденга мурожаат қилмоқчиман: сизни расист деб ўйламайман, лекин карьерасини одамларни ажратиш учун кураш устига қурган сенаторларга илиқ муносабатда бўлганингизни кўриб, дилим оғриди. Улар басингга (ирқчиликни бартараф этиш учун болаларни ирқидан қатъи назар бир автобусда мактабларга олиб бориш дастури) қарши курашаётганда, улар билан бирга ишлагансиз. Калифорнияда бир қизалоқ мактаблар интеграция қилингач, мана шундай автобусларда мактабга қатнаган. Ўша қиз менман», деганди Камала Ҳаррис 2019 йил. Ҳарриснинг бу гапи зални жунбишга келтириб, уни демократлар ўртасидаги праймериз етакчисига айлантирган бўлса, Байденнинг рейтинги тушиб кетганди.
Исёнкор ота-она фарзанди
Камала Ҳарриснинг характеридаги исёнкорлик унга ота-онасидан ўтган. Ўтган асрнинг 60-йилларида Калифорниядаги зиёлилар орасида афроамерикаликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жонланиш кузатилади. АҚШнинг энг йирик штатида қора танлилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, Вьетнамдаги урушга қарши акциялар авж олади. Улар орасида айниқса талабалар фаол бўлади.
Фаоллар орасида Камала Ҳарриснинг ота-онаси ҳам бўлган. Улар Британия колонияларидаги мамлакатлардан келган муҳожирлар эди: ямайкалик отаси Дональд Ҳаррис ва ҳиндистонлик онаси Шамала Голапан. Ҳарриснинг отаси иқтисодиёт бўйича ўқиган, онаси эса эндокринология сирларини ўрганган.
Камаланинг ота-онаси ана шундай намойишлар вақтида танишиб, турмуш қуришади. 1964 йил оиладаги катта фарзанд – Камала туғилади. Бўлажак вице-президентнинг ота-онаси аввал Иллинойс, кейинчалик Висконсинга бориб, яхшигина карьера қилишади. Ҳарриснинг отаси Стэнфорд университетидаги иқтисодиёт бўйича илк қора танли профессор бўлади. Бироқ оила ажрашиб кетади. Она Камала ҳамда Майяни олиб Канадага кетади ва кўкрак саратони касаллигини чуқур ўрганишга киришади.
Сўзида турадиган прокурор
1990 йил юридик йўналиш бўйича ўқишни тамомлагач, Камала Окленд прокурорининг ўринбосари бўлади. 14 йил ўтиб эса Сан-Франциско прокурорлигига сайланади (ҳа, АҚШда ҳатто прокурор ҳам сайланади). Ҳаррис сайланишидан аввал жиноятчилар учун ўлим жазоси сўрамасликка сўз беради. Камала ҳатто полициячини ўлдирган жиноятчига ҳам ўлим жазоси эмас, бир умрлик қамоқ жазоси сўрайди. Бу қарори учун уни сенаторлар ва мэр кескин танқид қилади, лекин Ҳаррис берган сўзида туриб, қарорини ўзгартирмайди.
Ҳаррис Сан-Францискода жиноят қилганлар бу ишга қайта қўл уришининг олдини олиш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқади. Яъни қамоққа олинган ёшлар наркотикка тест топшириш, махсус курсларда ўқиш ва жамоат ишларига жалб этилиши эвазига муддатининг қисқартирилиши билан мукофотланган. Бу дастурда қатнашган 200 киши орасида рецидив жиноятлар одатдагидан 5 баравар камайган ва натижада дастур бутун Калифорния бўйлаб тарғиб қилинган. Кейинчалик бу дастур бутун Америка бўйлаб амалиётга киритилади.
Ҳаррис прокурорлик вақтида Сан-Францискода оғир жиноятларда айбланганларнинг жазо олиш фоизи ошади. У ҳудудида марихуана сақлаганлар учун қамоқ жазоси сўрашни тўхтатади. Бўлажак вице-президент Сан-Франциско прокуратурасида экологик жиноятларни аниқлаш бўйича махсус бўлинма тузади.
Камаланинг Калифорния сиёсатидаги ўрни шунчалик катта эдики, унинг фаоллиги кўплаб қатламларга фойда келтирган. Масалан, Ҳаррис Open Justice номли интернет платформа очилишига эришади ва унда полиция томонидан қўлга олиш давомида жароҳатланган ёки вафот этган одамларнинг рўйхати шакллантирилади. Шунингдек, Ҳаррис нохолис кредит тизими сабаб уй-жойидан айрилган одамларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун ажратиладиган субсидия миқдорини оширишни талаб қилади. Натижада, ҳукумат Калифорния учун ажратилган субсидия миқдорини 4 миллиард доллардан 20 миллиард долларгача оширади.
Сан-Франциско прокурори лавозимида муваффақиятли иш олиб борган Камала Калифорния бош прокурорлигига биринчи марта 2010 йил, иккинчи марта 2014 йил муваффақиятли сайланади. Штат прокурори лавозимида ишлаётганда Камала ўзи каби юрист бўлган Даг Эмҳоффга турмушга чиқади. Уларнинг фарзанди йўқ, оила Эмҳоффнинг биринчи турмушидан туғилган икки фарзандни тарбия қилади. Камала Ҳаррис 2016 йил губернатор ва демократлар қўллаб-қувватлаши билан Конгрессга сайловларда қатнашади ва сенаторга айланади.
Либерал сенатор
Камала Ҳарриснинг ёшлиги ҳукуматдаги республикачилар гегемонлиги даврига тўғри келди. Билл Клинтон 1968 йилдан буён демократлардан сайланган иккинчи президент бўлгани бу фактни исботлайди. Консерватор республикачилар жиноятчиликка қарши кескин курашга киришганди. Клинтон даврида демократлар ҳам бу борадаги қатъиятини кўрсатиб, бутун бошли криминал жиноятчиликка қарши қонунлар тўпламини қабул қилади. Масалан, Клинтон даврида ўлим жазосига лойиқ кўриладиган жиноятлар тури кенгайтирилади. Ҳатто машина ўғирлаганлар ҳам ўлим билан жазоланиши белгиланади.
Ўша қонунларини ишлаб чиқишда ҳозирги президент Жо Байден фаол бўлган. Шу сабаб уни сайловолди кампанияси вақтида иккиюзламачиликда ҳам айблашди. Чунки Байден охирги йилларда либералча фикрларни айтмоқда.
Камала Ҳаррис сенаторлик фаолияти давомида АҚШ сиёсатида тобора катта фигурага айлана борди. У Трамп тарафдори бўлган республикачиларнинг таклифларини биринчи бўлиб рад этиши билан эсда қоларди. Уни машҳур қилган яна бир воқеа бевосита Дональд Трамп билан боғлиқ. Собиқ президент Бретт Каванонинг номзодини Олий суд кенгаши аъзолигига тавсия қилади. Ўз вақтида жинсий зўравонликда айбланган бу одам мамлакатнинг энг олий суд кенгашига аъзо бўлишини Камала Ҳаррис кескин қоралайди. Шунда Трамп уни «қўрқинчли аёл» деб атаганди.
Президентлик учун кураш ўхшамади
АҚШ президентлиги учун номзодлар шунчалик кўпки, ҳатто партиялар ичидаги асосий номзод бўлиш учун ҳам кураш жиддий кечади. Камала Ҳаррис ҳам ўтган йили бирламчи президентлик сайловларида қатнашганди.
Одатда президентлик сайловларида муваффақиятсизликка учраган номзодларда нимадир ўхшамайди: кимгадир пул етмай қолади, кимдир дебатларда «қовун туширади», кимдир рақибининг катта фарқ билан устунлигига бардош беролмайди. Ҳаррисда эса ҳаммаси яхши кетаётганди, Байденга «ташлангач», рейтингини яхшигина кўтариб ҳам олди. Бунинг ортидан Ҳарриснинг штаби кўп пул тўплашга муваффақ бўлди, бироқ кейинчалик у баъзи хатоларга йўл қўйиб, курашни эрта тарк этди.
Масалан, дастлаб ижтимоий ҳаётда катта ўзгариш қилиш шарт эмаслигини айтган Ҳаррис кейинроқ камбағаллар учун солиқларни камайтирмоқчи эканини гапириб, ўз фикрига қарши чиқди. Ёки кампания бошида Берни Сандерснинг давлат ўз тиббиёт тизимига эга бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаб, кейинчалик бу таклифни танқид қилди-да, ўзининг тиббиёт борасидаги бошқа таклифини билдирди.
Ҳарриснинг штабига раҳбарлик қилган синглиси Майя унга кампания давомида прокурорлик фаолиятини пеш қилмаслигини маслаҳат берди, аммо опаси унга қулоқ солмади ва гўёки Трампни жавобгарликка тортишга асосланган кампания бошлади. Бу эса унга муваффақият келтирмади. Шунингдек, Ҳарриснинг иккита штаби унга турлича маслаҳатлар бериб, чалғитгани айтилади. Масалан, Ҳаррис қайси штатга урғу бериш кераклигини ҳам билмай қолганди. Бироқ Камаланинг сиёсатдаги обрўси бекор кетмади – Байден уни вице-президент сифатида танлади.
У қандай вице-президент бўлади?
АҚШда вице-президент жуда катта лавозим. Масалан, президент вафот этса ёки импичмент олса, вице-президент унинг ўрнини эгаллайди. Сенат раҳбари ҳисобланувчи вице-президент овоз бериш жараёнида кучлар тенг келса, ҳал қилувчи сўзни айтади. У мамлакатдаги ислоҳотлар лойиҳасига ҳам етакчилик қилиши мумкин, агар президент билан муносабатлари яхши бўлса. Вице-президент айнан президент билан муносабатга боғлиқ лавозим ҳисобланади.
АҚШ тарихида президент ва вице-президент доим ҳам бир хил фикрламаган. Улар орасида турли йўлдан борган, ҳатто рақобатлашганлар ҳам бор. Сўнгги йилларда эса қарама-қаршилик кўзга ташланмади. Пенс Трампнинг ғояларини қўллагиси келмаётгани сезилиб турса-да, унга садоқатни охирги дақиқаларгача сақлаб қолди. Обама ва Байден эса жуда яхши тандем сифатида ишлаганди. Обама ёш бўлгани учун кўп йиллик сиёсатчи Байденни вице-президент сифатида танлаганди.
Байден нега Ҳаррисни танлади?
Байденни демократлар асосий номзод сифатида танлагани бежиз эмас. Партия ичида кўпчилик айнан у Трампга қаршилик қилишга қодир деб ҳисобларди. Праймериз аввалида Берни Сандерс қисқа муддат давомида устунлик қилганида ҳам демократлар Байденни асосий номзод сифатида кўришда давом этишди. Байденнинг сайланишига вице-президент сифатида аёл киши ва қора танли номзодни танлагани ҳам таъсир қилмай қолмади. У биринчи праймериз вақтидаёқ вице-президент сифатида аёл кишини танлашини айтганди.
Бу борада Байденда вариантлар бошни айлантирадиган даражада кўп эмасди: Мичиган губернатори Гретчен Уитмер, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Сьюзан Райс ва сенатор Элизабет Уоррен. Райс сайловда фаол бўлмади, Уоррен ва Уитмер эса қарашларига кўра Байденга жуда ўхшаш эди. Асосийси эса улар қора танли эмасди. Шу сабаб Байден бошидан Ҳаррисни танлаши аниқ бўлган.
Ҳаррис вице-президент бўлган 2020 йилдан роппа-роса 100 йил аввал Америкада аёллар сайлов ҳуқуқига эга бўлганди, Ҳаррис мамлакатдаги жуда катта рутбага эришган қора танли аёл сифатида илк нутқини ҳам шунга боғлади: «Мен бу лавозимдаги илк аёлга айландим, лекин охиргиси эмас. Бугун бизга қараб турган ҳар бир қизалоқ бу имкониятлар мамлакати эканини ҳис қилиши керак».
Обама билан дўстлик ва можаро
Камала Ҳаррис АҚШ тарихидаги биринчи ва ҳозирча ягона қора танли президент Барака Обама билан яхши дўст экани маълум. Обама 2004 йил ўз номзодини сенаторликка кўрсатганда, Ҳаррис биринчилардан бўлиб уни қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик Обама президентликка сайлангач, уларнинг ўзаро суҳбати аудиоси тарқалиб, кичик можаро келтириб чиқарди. Аудиода Обама Ҳаррисга «прокурорларнинг энг гўзали» деб хушомад қилади. Бу «шўхлик» Обаманинг манзилига ахлоққа зид ҳаракат қилгани борасидаги танқидлар ёғдирилишига сабаб бўлди.
Президент Ҳаррис билан дўстлигини эслатиб, бу гапи учун оммавий тарзда узр сўраганди. Кейинчалик Обама Ҳаррисни Олий суд кенгаши аъзолигига тавсия қилиши борасида миш-мишлар тарқалди, бироқ Ҳаррис бу лавозимга қизиқмаслигини айтади.
Камала Ҳаррис New York Times дам олиш кунлари эълон қиладиган рецептлар бўйича таом тайёрлашни хуш кўради. Айтишларича, унинг севимли таоми – печда димланган товуқ гўшти. Эрининг биринчи турмушидан бўлган икки фарзанди Ҳаррисни Момала деб чақиради. Википедияда Ҳаррис ҳақидаги саҳифа нақ 408 марта таҳрирланган. Аксар таҳрирлашни айнан бир киши амалга оширган. Бу фактни эътиборга олган Википедия яқинда Ҳаррис ҳақида пост эълон қилди. Унда айтилишича, Ҳаррис ҳақидаги саҳифа Википедияда охирги бир йил давомида энг кўп ўқилган 4та инглиз тилидаги мақолалардан бири бўлган.