Ўзбекистон | 11:12 / 25.01.2021
12765
2 дақиқада ўқилади

«Ўзсувтаъминот» ҳисоблагич билан қанча маблағни тежаб қолиш мумкинлигини эслатди

“Ўзсувтаъминот” ҳисоблагич билан қанча маблағни тежаб қолиш мумкинлигини тахминий ҳисоблаб чиқди. Корхона бу борада батафсил маълумот берди.

Фото: Euroradio.fm

Қайд этилишича, тариф асосида сув ҳақи ундирилганда истеъмолдан тортиб суғориш ва бошқа хўжалик ишларига сарфланган сувларнинг ҳам ўртача миқдори ҳисобга олинади. Тариф бўйича бир кишига бир кунда ўртача 250-300 литр сув тўғри келади. Сув ўлчагич билан эса ҳисоб-китоб фақат истеъмол қилинган сув учун бўлади. Ортиқча сарфлар инобатга олинмайди.

“Дейлик, оилада 5 киши яшайди, тариф асосида сув ҳақи ҳар бир киши учун ўртача 3000-3500 сўмдан ҳисобланади ва бир ойда 17 500 сўмлик тўлов келиб чиқади. Агар ҳисоблагич ўрнатилса, ўша оила бир ойда ўртача 7 куб метр сув ишлатиши мумкин, бу 2 800 сўм (амалдаги тариф бўйича ҳудудларга қараб 1 куб ичимлик сувининг аҳолига мўлжалланган нархи 225 сўмдан 1240 сўмгача) дегани. Шу тариқа беш кишилик оила бир йилда жами ҳисобда сув учун тариф асосида 200 000 сўм атрофида маблағ сарфласа, ҳисоблагич билан ўртача 40 000 минг сўм тўлайди. Шу тарзда 150 минг сўм иқтисод қилинмоқда.

Демак, сув ҳисоблагичлари нафақат истеъмолчи ҳамёнига фойдали, шунингдек, сувнинг беҳуда исроф бўлишига йўл қўймайди. Ичимлик суви муаммоси глобал тус олган бир паллада бу ўта муҳимдир”, - дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, “Ўзсувтаъминот” АЖ таркибидаги сув таъминоти корхоналари томонидан республикада 2020 йил якунига қадар якка тартибдаги сув иншоотлари, маҳалла ва кўчалар кириш нуқталарига камида 1000та сув ҳисоблагич ўрнатиш бўйича режа-график тасдиқланганди. Ҳозирда “Сув таъминоти” МЧЖларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилган 700дан зиёд сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланмоқда.

“Замонавий сув ҳисоблагичларни “Ўзсувтаъминот” АЖнинг Watercontrol биллинг дастурига улаш ишлари давом этмоқда ҳамда ягона маълумотлар базаси яратилмоқда”, - дейилади корхона хабарида.

Мавзуга оид