Тиагу ва Диогу. Юрген Клоппнинг якунланган «Ливерпул»и ҳақида
«Ливерпуль»нинг «Энфилд»да «Бёрнли»да дарвозасига гол ура олмаган ўйини жамоанинг Англия Премьер-лигасидаги қаторасига тўртинчи голсиз ўйини эди. Бундай серия яқиндагина учовлон бутун бир жамоалардан кўпроқ гол урадиган ҳужумчилар майдонда мавжуд бўлганида рўй бермоқда.
Бу майли, энг қизиғи, аввалги турда «Юнайтед» билан ўйин (0:0) студиясида иштирок этган, «Ливерпуль» мухлиси бўлган рус шарҳловчиси тинмай Диегу Жотанинг йўқлиги гапиргани бўлди. Янаям ажабланарлиси, мен учун ҳам бу анча мантиқли фараз кўринди – қаранг, дунёни титратган Фирмино – Салоҳ – Мане туриб, «нега сотиб олинди экан?» деб ҳайрон қолганимиз Жота ҳақида бўляпти бу гаплар.
Аксарият муваффақиятли мураббийлар трансфер бозорида тизимли ишлашни маъқул кўришади. Масалан, Жозе Моуриньо. Келибоқ, ўзи қурмоқчи бўлган таркибни пишитиб олади ва аста-секинлик билан бўш ўринларни тўлдиради. Жозе жамоа учун таянч яримҳимоячиси керак бўлса, бозордан айнан мана шу амплуадаги савияли футболчи қидиради. Агар биринчи танлов – юлдуз сотиб олинса, яхши, мабодо ўхшамаса, бюджет варианти ҳам қониқтиради, хуллас, ўша бўш турган нуқтани тўлдириши керак. Кейин айтайлик, иккинчи ҳужумчи, яна бир марказий ҳимоячи ва ҳоказо. Оқибатда, 12-14 футболчидан иборат асосий таркиб ташкил топади. Кучли ва совриндор жамоа тузиш учун энг қисқа йўл, аммо кейинчалик муаммолар юзага келиши табиий. Бу тамойил асосида бир клубда узоқ муддат ишлашнинг иложи қийин.
Юрген Клопп ўз фаолияти давомида илк маротаба мана шу йўлдан борди. Майнц ёки Дортмундда бунинг иложи йўқ эди, чунки ҳар йили етакчи футболчилар билан хайрлашишга мажбур бўлинар, бундай шароитларда ҳатто 2-3 йиллик режа қилиш имконсиз. Шаҳин, Кагава, Гётце, Левандовски – ҳар йили «Боруссия» бир юлдузини топ клубларга кузатар эди.
Ливерпулда бундай муаммо йўқ, Клопп аста-секинлик билан мукаммал жамоасини тузиб борди. Ҳатто Коутиньонинг сотилиши ҳам Юргеннинг режаларига у қадар ҳалақит қилмас, гоҳида муваффақиятли скаутинг (Трент, Робертсон), гоҳида қимматбаҳо мақсадлар (Ван Дейк, Кейта, Алисон), гоҳ кутилмаган нишон (Салоҳ) якунда пазлни ажойиб картинага айлантирди. Дарвозада Алисон, ҳимояда Трент, Робертсон, Ван Дейк ва кимдир, яримҳимояда Ҳендерсон, Вейналдум ва яна кимдир, ҳужумда Фирмино, Салоҳ ва Мане. Кимдирлар ўрнида Матип, Гомис, Кейта, Фабиньо – мана сизга 13 футболчидан иборат супертаркиб.
Бу таркиб билан «Ливерпуль» шу даражада чўққига чиқдики, бир тизимли машинага айланди, ҳар бир футболчи эса, бир алмаштириб бўлмас мурват. Улар алоҳида олганда ҳам яхши футболчи бўлиб қолаверадилар, аммо айнан биргаликда юлдузга айланадилар, мана шу тизимнинг ичида. Трент ҳам, Фирмино ва ҳатто Салоҳ ҳам миллий жамоаларда, бошқа шериклар билан бу қадар самарали бўла олишмаган. Табиийки, бу ҳолат қайсидир маънода салбий таъсирини ҳам кўрсата бошлайди.
Биринчидан. Яқинда бир ерда ўқиб қолдим, «Барселона»нинг Мессига ёки «МЮ»нинг Фернандешга боғлиқлиги ҳақида айтамиз-ку, лекин тизимли жамоаларда ҳам муаммо каттароқ. Хўп, Месси ёки Фернандеш жароҳат олса, жамоа кучсизланиб қолади, лекин «Ливерпуль»да бундай футболчилар бир эмас саккизта, тасаввур қиляпсизми? Яъни жароҳатлар туфайли ўйинга путур етиш эҳтимоли саккиз баробар кўп – Ван Дейк жароҳат оладими, Манеми ёки Фирмино, фарқи йўқ, «Ливерпуль» олдингидан икки баробар кучсизланиб қолаверади. Яқинда «Юнайтед» «Лидс»ни 6:2 ютгач, таркибда 9 та ўзгариш қилди ва «Эвертон»ни 2:0 енгди. Қизиғи, 9 футболчи алмашгани билинмади ҳам, чунки, Магуайр ва Бруно майдонда қолганди. «Юнайтед»да муаммо пайдо бўлиши учун, ё Бруно ёки Магуайр, ё Рэшфорд жароҳат олиши керак, «Ливерпуль»да эса, бундай ўйинчилар саккиз нафар. Месси, Де Брюйне ёки Бруно ҳар қанча ҳал қилувчи бўлишмасин, «Ливерпуль» каби машиналардаги «риск» янада каттароқ, тушуняпсизми?
Иккинчидан. Яқинда «Ливерпуль» Тимо Вернер трансферидан воз кечиб, сабаб сифатида молиявий имкониятларни рўкач қилганида, ёзгандим – аслида гап фақат молиявий ҳолатда эмас, агар истак етарли бўлганда бу трансфер албатта содир бўларди. Ахир кейинроқ, Жотанинг деярли ўша суммага сотиб олиниши гап пулда эмаслигини исботлади-ку, тўғрими? Шунчаки, футболчи томонидан қараганда ҳам, Фирмино – Мане – Салоҳ учлигидан бирини рақобатда енгиши имконсиздек кўринган. Таркиб юқорида айтилгандек, шу даражада мукаммалки, бирор футболчини қўшиш қийин, чиқариб юбориш эса, катта жасорат талаб этарди. Шу йилнинг ёзида Трент ўрнига бирор қанот футболчи олиб келинишини тасаввур қила олармидингиз? Бир пайтлар Европанинг энг кучли яримҳимоячиларидан бири бўлган Сеск Фабрегас «Барселона»га келиб, жой топа олмаганини, эсланг. «Барселона», айниқса, Хави – Бускетс – Иньеста учлиги мана шундай ўзгартириб бўлмас тизим бўлганди. Жамоа эса, айниқса, барча совринларни ютгандан сўнг, янгиланишга, қон алмашинувига эхтиёж сезади.
Мана шу ерда Алекс Фергюсоннинг узоқ умр сирини ечгандек бўламиз. У ҳеч қачон трансферларга тизимли ёндошмаган. У ҳеч қачон, деярли, «менга фалон амплуа керак» деб бозорга чиқмаган. Аксинча, маълум даврда қайси жавоҳир порласа, қайси кучли футболчи трансфер учун имконли бўлса ҳаракат қилган. Европада Рууд ван Нистелрой деган гол машинаси чиқдими, сотиб оламиз. Верон? Унинг ўрнида Скоулз бор, лекин, рекорд суммага олиб келинади. Англияда ёш вундеркинд Руни чиқдими? Оламиз. «Спортинг»даги бола жуда кучли экан. Керак. «Арсенал» Робин ван Перси билан келиша олмаяпти. Таклиф билан чиқинглар.
Бекҳэм яшин тезликда ҳужумни ривожлантирадиган ва тезда тўп билан ажраладиган яримҳимоячи. Криштиану Роналду унинг бутунлай тескариси. Сэр Бекхэмнинг ўрнига Роналду бўлишига ҳеч қандай қарши бўлмаган. Руни АПЛда бомбардир, лекин ушбу совринни у билан баҳам кўрган Робин ван Персини олиб келишда (ҳозир «Тоттенҳэм» Вардини сотиб олиб, Кейн билан бирга ўйнатишига ишонасизми? Мен йўқ, аммо Фергюсон бундан қўрқмаган. Гап майдондаги позиция эмас, тўпурарлик амбицияларида) ҳеч қандай муаммо кўрилмаган. Нистелрой «МЮ»нинг 60 фоиз голларини урган голеадор, лекин у кетгач, ўртамиёна Луи Саанинг трансфери масалани ҳал қилиб қўйган. Натижада Нистелройнинг кетиши Руни ва Роналдунинг тезкор ҳужумларига замин яратди, ван Перси эса Рунидан ажойиб диспетчер кашф қилди.
Клуб рекорд суммага у қадар зарур бўлмаган Веронни сотиб олиши, шу билан бирга дарвоза чизиғида Таиби-ю Ҳовард билан муаммолар ичида юраверади. Клуб марказдаги муаммоларни ечиш учун Скуолзни пенсиядан қайтаради, худди бошқа футболчи йўқдек, лекин уч ой ўтиб захирада ўтирадиган Кагава учун катта пул сарфланади. Яъни, Фергюсон кўп муаммоларни олдиндан ёки қоғозда эмас, жараёнда ечишни афзал биларди. Бундай қараш билан «Юнайтед»да доим қайсидир чизиқда муаммолар бўлган, ЕЧЛни ютган таркибларида ҳам умуман у савияга мос бўлмаган ижрочиларни учратасиз. Чемпионлар лигасини ютган Европанинг энг кучли жамоаси «Манчестер Юнайтед» бемалол ўша ёзда ўнг қанот ҳимоя муаммосини қандай ечиш устида бош қотира оларди.
Бир қараганда, Фергюсон фаолиятида ўнлаб мана шундай трансфер «хато»ларини кўришимиз мумкин, аммо айнан мана шу «хато»лар жамоанинг умрини узоқ қилган – доим ечилиши керак бўлган муаммолар, янгиланишлар жамоани доим ҳаракатда, тетикликда, ривожланишда ушлаб турган. Фергюсоннинг «Юнайтед»и ҳеч қачон Моуриньонинг «Челси»си, Венгернинг «Арсенали» ёки Пепнинг «Барселона»си каби чўққига чиқмаган, аммо доим юқорига қараб юрган. Менимча, чўққи Фергюсонга керак ҳам эмасди, чунки у ерга чиққандан кейин, тушиш бор. Шунинг учун ҳам Сэр Алекс Манчестерда ўзининг биринчи, иккинчи, учинчи ва яна нечанчи чемпион жамоаларини туза олган.
Диего Жотага қайтамиз. У Вернердан фарқли равишда «Ливерпуль»нинг захирасида ўтиришга рози эди. Ўйин унинг атрофида қурилиши шарт эмас, Жотанинг роли «Ливерпуль» системасидан бироз узоқ бўлган, демак вазиятга тизимли эмас, фарқли ёндошиш керак бўлганда ишлатиладиган опция. Айтиш керакки, португалиялик ҳужумчи бу ролни ажойиб тарзда бажариб турганди.
Жота АПЛда атиги 9 ўйинда (5 таси асосий таркибда) майдонга тушди ва 5та гол урди. Эътиборлиси бу голларнинг 3таси ўта муҳим бўлиб, «Ливерпуль»нинг одатий ўйини ўхшамай турганда, Жота захирадан тушиб бурилиш ясади. «Шеффилд» ва «Вест Ҳэм»га қарши ўйинларда (2:1) у ғалаба голини урган. «Брайтон» билан ўйин сценарийси ҳам деярли шундай кечди, аммо 90-дақиқада «Брайтон» ҳисобни тенглаштирганди. Яъни, деярли уч ўйинда Жота «Ливерпуль»нинг ўхшамаган ўйинини қутқариб қолишнинг уддасидан чиққанди. Англаш мумкинки, Жота жамоанинг яхши кунларида Фирмино – Салоҳ – Мане билан биргаликда ансамбл иштирокчи бўлишига анча бор, у айнан янги қон вазифасини яхши бажараётганди.
Энди, яна бир факт. «Ливерпуль»нинг муваффақиятсизлигида Ван Дейкнинг жароҳати асосий фактор сифатида тилга олиняпти. Қизиғи, Ван Дейк жароҳат олгач, кейинги 6 ўйинда «Ливерпуль» 4 ғалаба қозонди ва 2 дуранг (бири «Сити» билан) ўйнади. Кейин Жота ҳам жароҳат олди. Кейинги 8 ўйинда 2 ғалаба, 4 дуранг, 2 мағлубият. Хўш, Ван Дейкнинг жароҳати кўпроқ таъсир қилганми ёки Жотанинг? Қизиқ савол.
Аслида, албатта нидерландиялик ҳимоячининг ўрни беқиёс – унинг жароҳати «Ливерпуль»даги айнан системанинг бузилишига олиб келган. Буни кўриш осон, биринчидан, Ҳендерсон ҳимояда ўйнашга мажбур бўлиб, яримҳимоя асосий қуролдан айрилди, иккинчидан, ҳимоя марказидаги муаммо туфайли, икки қанот, Трент ва Робертсон ҳужумда аввалгидек фаол бўла олмадилар ва натижада вазият яратишда имкониятлар чекланди. Аммо Жотанинг голлари бу муаммони ёпиб, натижани барқарор сақлаб турганди. Ўша юқорида гўёки, Ван Дейкдан кейин «Ливерпуль» муваффақиятли натижа кўрсатган 6 ўйин ҳам айнан Жотанинг қаҳрамонликлари содир бўлган давр. Жота, қўшимча опция ҳам, жароҳатлангач эса «Ливерпуль»да гўёки «бузилган система»дан бошқа ҳеч нарса қолмади.
Яна бир савол, тасаввур қилинг, Ван Дейк эмас, айтайлик, Мане, Салоҳ, Ҳендерсон, ҳатто балки Трент шу тарзда узоқ муддатга сафдан чиққанида ҳам шундай муаммоларга дуч келинармиди? Менимча, ҳа ва ўшанда ҳам, барча сабабни айнан ўша футболчининг жароҳатланишига боғлаган бўлардик – агар Салоҳ бўлганида, мана бундай бўларди, Ҳендерсоннинг йўқлиги (ўтган йилнинг февралини эсланг) жамоани кучсизлантирди, деб баралла айтаётган бўлардик.
Ана энди, фақат бир футболчига қаттиқ боғлиқ жамоаларда (у жароҳат олса нима бўлади?) кутиладиган фаразий муаммолардан кўра, тизимли жамоалардаги (ҳар қайси футболчи жароҳат олса нима бўлади?) «риск» каттароқ эканини тушунгандирсиз? Агар бунга «Ливерпуль»нинг сўнгги икки ярим йилда космик кучли футбол намойиш этганини сабабли, тизимнинг пасайиш эҳтимоли яқинлашганини ҳам қўшсак-чи?
Эврика! Балки, шунинг учун ҳам Тиаго Алкантара ҳозирда «Ливерпуль»да энг яхши ўйинчи сифатида кўринаётгандир. Балки, яқиндагина дунёнинг энг кучли учлиги тўп сурган ва сураётган жамоада Жотанинг етишмаслигини айтишса, у қадар абсурд кўринмаётгандир. Ахир бу икки футболчи «Ливерпуль» тизимига, ўша мукаммал «Ливерпуль»га бегона бўлган футболчилар-ку?
Хулоса қилсак, «Ливерпуль» албатта кучли бўлиб қолаверади, ҳали қайтади, ҳатто бу йил ҳам чемпион бўлиши, Европа Чемпионлар лигасини олиши мумкин, бу эҳтимолдан у қадар йироқ эмас.
Аммо бу энди бошқа, Тиагу ва Диогули «Ливерпуль» бўлади, биз билган, бизни махлиё қилган Клоппнинг биринчи «Ливерпул»и энди йўқ. Алвидо!
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
23:49 / 08.11.2024
Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди
14:28 / 28.10.2024
«Арсенал» жароҳатлар гирдобида, Италия дербисида янги юлдуз порлади. Кун ўйинлари
13:56 / 21.10.2024