Жамият | 16:19 / 28.01.2021
55700
6 дақиқада ўқилади

«Никотинли снюс – ёш авлод учун янги наркотик» — Соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперти

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамаки билан кураш бўйича бош маслаҳатчиси Шуҳрат Шукуров ёшларни никотинли снюсга ўрганиб қолиши тўғрисида огоҳлантирди.

— Сизнингча, ёшлар, хусусан, мактаб ўқувчилари снюсдан фойдаланишлари нималар билан боғлиқ?

— Бугунги кунда ўспиринлар орасида «шайбача» ёки никотинли снюс деб аталадиган, ёқимли таъми ва хушбўй ҳиди бўлган ва ёқимсиз ҳид тарқатмайдиган моддалар мавжуд. Бироқ, қисқа муддатли ва тартибсиз ишлатилгандан сўнг никотинга қарамлик ривожланади. Вақт ўтиши билан никотинга нисбатан толерантлик ривожланиб боради ва худди шу таъсирни бошдан кечириш учун кўпроқ нарса талаб этилади.

— Ушбу тоифадаги ёшларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва снюслар тарқалишининг олдини олиш бўйича қандайдир чора-тадбирлар режалаштирилганми?

— Спиртли ичимликлар ва тамаки бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда «Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг айланмаси ва истеъмол қилинишини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳозир у ҳукумат томонидан кўриб чиқилмоқда, хусусан, унда носвой, тамаки ва никотинли снюсни тақиқлаш кўзда тутилган. Аксарият вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари, шунингдек, жамоатчилик ушбу ёндашувни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

— Бундай қатъий тақиқ ўзини оқлайдими?

— Никотиндан заҳарланиш эпидемияси Ўзбекистонда аллақачон бошланиб бўлган, аммо у бугун тақиқланмаса, эртага кеч бўлади. Фарзандларимизнинг келажаги ҳимояланган бўлиши керак. Никотинли снюс — бу ёш авлод учун янги гиёҳванд модда. Стабилизаторлар, ширинлаштиргичлар, лаззатлар, консервантлар ва бошқа қўшимчалар қўшилган никотин, целлюлоза аралашмаси асосида тайёрланади.

Яқинда никотинли снюслар Ўзбекистон бозорига кириб келганини ҳисобга олиб, аҳоли ва ёшлар ўртасида янги эпидемиянинг олдини олиш учун никотинли снюсларни, шу жумладан, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг барча турларини олиб кириш ва сотишни қонуний равишда тақиқлаш зарур. Бу энг самарали чорадир.

Истеъмолчилар, агар айнан ўспирин ёшлар ҳақида алоҳида гапирадиган бўлсак, агар никотин снюсида тамаки бўлмаса, улар зарар етказмайди, деб нотўғри ўйлашади. Шунингдек, ушбу маҳсулотлар чекишни ташлашга ёрдам бериши ҳақидаги маълумот ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ишлаб чиқарувчиларнинг маркетинг стратегияси натижасидир.

Қўшимчасига, кучли таъмга эга бўлган никотинли снюс, айниқса ёшлар орасида тамаки чекишдан олдинги дастлабки қадам бўлиши мумкин.

Никотинли снюсни қабул қилиш натижасида ёш фойдаланувчилар худди чекиш аломатларига ўхшаш гиёҳвандлик ва абстиненция аломатларини бошдан кечирмоқдалар, уларни ташлаш эса қийин.

Снюс оғиз бўшлиғида сўрилгани сабабли, унинг ишлатилиши, бошқа ҳар қандай тамаки маҳсулотлари сингари, тиш милки, суяк тўқималари, тиш пайларининг емирилишига, тишларнинг бевақт тушишига ва кейинчалик қандли диабет, оғиз саратони, тил, тиш милки, ошқозон ва ошқозон ости бези касалликлари ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

— Никотин аралашмасининг қанча миқдордаги дозаси мактаб ўқувчилари учун хавфли ҳисобланади?

— Мактаб ўқувчилари учун ҳатто энг кичик дозаси ҳам хавфли бўлиши мумкин. Никотинли снюс фойдаланувчилари таъсирчан битта дозада никотин олишади. Унинг сўрилиш сеанси 5 дақиқадан 1,5 соатгача давом этади. Битта кучли сигаретни чекиш пайтида никотиннинг «қисми» 1,0 мг.дан ошмайди ва чекиш жараёни 3-5 дақиқадан ортиқ бўлмайди. Никотинли снюсдан фойдаланганда унинг таркиби битта маҳсулотда 20 мг никотингача боради.

Болаларда никотин билан заҳарланиш кўнгил айниши, қусиш, диарея, тупукнинг кўпайиши, нафас олиш қийинлашуви ва тутқаноқларга олиб келиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти никотиннинг кучли гиёҳвандлик таъсирига эгалигини ва психологик ва жисмоний қарамликни келтириб чиқаришини исботлаб берган. Ушбу хавф кокаин, героин, алкогол ва каннабисга қарамлик ривожланиш хавфидан ҳам юқори.

Ўсмирлик миянинг ривожланишидаги ҳал қилувчи давр саналади, никотин таъсирида эса кучли қарамлик, хотира сусайиши, концентрация йўқолиши, ўқиш қобилияти ва хатарли невроз бузилиши кузатилади.

Агар қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, у ҳолда вейплар ва чилимлар тамаки маҳсулотларига тенглаштирилади, сигаретлар савдо расталаридан олиб ташланади ва 21 ёшдан катта одамларга сотилади, қутиларда чекишнинг зарари тўғрисида эслатмалар 65 фоизгача кўпаяди. Бир қатор жамоат жойларида чекиш тақиқланади, умумий овқатланиш ҳудудида, иш жойида, меҳмонхоналарда ва бошқа баъзи жойларда чекишга фақат махсус ажратилган жойда, кириш жойидан 10 метр масофада рухсат этилади.

Аввалроқ депутат Расул Кушербаев унинг оқибатлари ҳақида гапириб берганди: «Яна бир ҳушёрликка чорлайдиган масала қаршисида турибмиз. Бу муаммони ечишда зудлик билан қонунчиликни такомиллаштириш зарурлиги кўринмоқда. Акс ҳолда кимларнингдир лоббизми, деб анча кеч қоламиз ва оқибати учун ёшлар билан жавоб берамиз».