Жамият | 09:58 / 29.01.2021
36429
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда олтинли руда қазиб олаётган фуқароларни тош босиб қолди, 2 киши вафот этди

Жорий йилнинг 26 январь куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманининг Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 4 нафар фуқаро ҳудуддаги тоғдан олтинли рудани ноқонуний равишда қазиб олмоқчи бўлган.

Фото: jviib.uz

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур жараёнда уларни тош босиб қолган. Оқибатда йигитларнинг 2 нафари воқеа жойида вафот этган, икки нафари эса шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. 

Билдирилишича, мазкур фожиа муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг масъуллари томонидан муҳокама уюштирилди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Мансур Сатторов амалдаги қонунчиликка асосан фойдали қазилмаларни лицензиясиз қазиб олиш, худди, шунингдек, олтин изловчилар усулида лицензиясиз қазиш жавобгарликка сабаб бўлишини таъкидлади.

Муҳокамада маълум қилинганидек, 26 январь куни Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғини Авлиё қишлоғида яшаган тўрт нафар фуқаро аҳоли яшаш жойидан тахминан 7-8 км узоқликда жойлашган тоғ бағрига 12-15 метр қазиб кириб, руда олишаётган пайтда фуқароларни тош босиб қолган. Бунинг оқибатида икки нафар фуқаро чуқурдан чиқа олмасдан вафот этган, қолган 2 нафари эса турли хил даражадаги синиш ва бошқа тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Таъкидланишича, 2017 йилдан то шу кунга қадар ушбу тоғга чиқиб, таркибида қимматбаҳо олтин зарралари бор бўлиши мумкин бўлган руда тошларни талон-торож қилганлик ҳолати бўйича бир неча фуқаро жавобгарликка тортилган. 

Мавзуга оид