Жаҳон | 23:36 / 29.01.2021
3990
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ҳудудидан коронавирусга қарши вакцинани олиб чиқиш тақиқланди

Тақиқ фақат ЕИ билан харид бўйича дастлабки келишувни тузган компанияларга нисбатан амал қилади.

Фото: Reuters

Евроиттифоқ 30 январдан 31 мартгача ЕИ ҳудудидан коронавирусга қарши вакцина олиб чиқилишини тақиқлади.

«Ушбу чорадан мақсад – вакцина ЕИнинг барча фуқаролари учун ўз вақтида етказилишини таъминлаш ва ЕИ ташқарисига вакцина экспорт қилишда шаффофлик йўқлиги муаммосини ҳал қилиш», — дейилади ЕИ сайтида.

Ушбу баёнот AstraZeneca компанияси Евроиттифоққа вакцина етказиб беришда муаммога дуч келиши ортидан эълон қилинди.

Тақиқ фақат ЕИ билан харид бўйича дастлабки келишувни тузган компанияларга нисбатан амал қилади. Вакцина экспорти бўйича чекловлар Албания, Андорра, Босния ва Ҳерцеговина, Черногория, Норвегия, Сербия, Швейцария, Жазоир, Миср, Беларус ва Украина ҳамда COVAX дастури асосида вакцина оладиган қашшоқ мамлакатларга жорий этилмайди.

 Аввалроқ ЕИ Буюк Британияга вакцина экспортига тўсиқ қўйиши ҳақида The Independent нашри хабар берганди. Нашрнинг ёзишича, бунга AstraZeneca Британия-Швеция фармацевтика компанияси келтириб чиқарган «вакцина уруши» сабаб бўлди. Компания ЕИга вакцина етказиб бериш бўйича мажбуриятини бажара олмади, аммо ЕИни тарк этган Буюк Британияни вакцина билан таъминлашда давом этмоқда. Компания буни Брюссел билан шартнома Лондондан кўра кечроқ тузилгани билан изоҳлаган.

 Reuters агентлигининг маълумот беришича, AstraZeneca ЕИга ваъда қилинган 80 млн ўрнига 31 млн доза вакцина етказиб беради. Агентлик манбасининг сўзларига кўра, компания ўз мажбуриятини иккинчи чоракда бажаришга ҳам кафолат бермаган ва биринчи ярим йиллик учун вакцина етказиб бериш жадвалини тақдим этмаган.

Мавзуга оид