Ўзбекистон | 18:58 / 30.01.2021
14259
6 дақиқада ўқилади

Судья алиментга оид низоларда давлат божи ундирмасликни таклиф қилди

Аксарият ҳолларда шундоқ ҳам топиш-тутишини тайини бўлмаган, ўз боласи ёки ота онаси учун ихтиёрий равишда таъминот бермаган/тўламаган ёки таъминот бериш имконияти бўлмаган ёхуд бир эмас, икки оиласи бор шахслар учун давлат божи – ортиқча юк, дейди Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди судьяси Нуриддин Муродов.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Судя Kun.uz'га тақдим этган мақоласида алиментга оид низоларда давлат божини бекор қилиш кераклиги ҳақида сўз юритади.

Аввало, алимент/таъминот нима?

Алимент (лотинчадан – аlimentum– озиқ-овқат) – қонунда турмуш ўртоғидан бирини иккинчисига тўлашга мажбур қиладиган, озиқ-овқат, парваришлаш учун пул ёки натура шаклида, ота-она-вояга етмаган бола, вояга етган бола кекса ота-она ва ҳоказаларга суд тартибида мажбуран пул тўлаш ёки ўтказиш, вояга етмаган болаларни тарбиялаш тўғрисида ота-оналар ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, суд томонидан бир бола учун ота/онанинг ойлик иш ҳақи ва(ёки) бошқа даромадларининг ¼ қисми, икки бола учун 1/3 қисм, уч ва ундан ортиқ бола учун ½ қисм миқдорда ундириладиган маблағдир.

Ўзбекистон Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Оила кодексининг 96, 100-моддаларида, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган. Албатта, бунда «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенция талаблари асосланади.

Кимлар алимент тўлашга мажбур?

Таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган:

  • ота-оналар;
  • вояга етган, соғлом фарзандлар.

Кимлар алимент олиш ҳуқуқига эга?

  • вояга етмаган болалар ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар;
  • кекса ва таъминотга муҳтож ота-оналар.

Айтиш лозимки, вояга етмаган болаларига, вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Алимент ундириш ҳақида кимлар даъво қўзғатиши мумкин?

  • ота-она (эр ёки хотин бир-бирига нисбатан);
  • ота-она (кекса ота она фарзандларига нисбатан);
  • васийлик ва ҳомийлик органлари;
  • 14 ёшга тўлган бола.

Алимент ФИБ судларининг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан ундирилади.

Машҳур япон руҳшуноси Масара Ибукининг айтганидек, болага асосий тарбияни 3 ёшгача бериш лозим. Айнан 3 ёшга қадар фарзандингиздаги яширин иқтидорни юзага чиқариш мумкин...

Демак, болага парвариш ҳам айнан шу ёшда жуда зарур деган хулоса қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам бир бола учун ота/онанинг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадларининг ¼ қисми, икки бола учун 1/3 қисм, уч ва ундан ортиқ бола учун ½ қисм миқдорда алимент ундирилишидан бола 3 ёшга тўлгунга қадар она учун таъминот ундириб бериш ҳам қонунларимизга бежиз киритилмаган.

Кириш қисмни шу жойга келганда якунлаб, асосий масалага ўтамиз.

Мисол учун, икки бола учун алимент тўлаши лозим бўлган шахсдан бир йиллик тўлаши керак бўлган алимент миқдорининг 4 фоизи миқдорда – 457 000 сўмдан ортиқроқ давлат божи ёки бола 3 ёшга тўлгунга қадар она таъминоти учун йиллик ўртача ундириб берилиши керак бўлган сумманинг масалан 4 фоизи – 223 000 сўм давлат божи тўлаш лозим деб олайлик.

Пойтахтнинг битта туманлараро ФИБ судида бир йилда тахминан 1000 та ана шундай алиментга оид иш кўрилиб, давлат божи ундирилса, ушбу суммани ҳисоблаб чиқиб, мазкур маблағни айни ўша алимент тўловчиларнинг ўз ҳисобида қолдирсак-чи, дейсизми?

Жуда ўринли таклиф.

Негаки, мантиқан ҳам ўйлаб кўрсак, аксарият ҳолларда шундоқ ҳам топиш-тутишининг тайини бўлмаган, ўз боласи ёки ота-онаси учун ихтиёрий равишда таъминот бермаган/тўламаган ёки таъминот бериш имконияти бўлмаган ёхуд бир эмас, икки оиласи бор шахслар ё бўлмаса алимент билан бирга бошқа харажатлари ҳам бўлган кимсаларга давлат божи – ортиқча юк.

Шу маблағни алиментга қўшиб болалари учун тўласа, ана шунда давлатнинг ҳам шу оилага беминнат кўмаги бўладими, деган асос ҳам йўқ эмас.

Бундан ташқари, асосий қонунимиздаги «ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга», «вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар», «давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради» «оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади», деган концептуал нормаларнинг асл моҳият ва мақсадидан келиб чиқсак ҳам, ушбу нормаларда давлат томонидан шу оилалар, болаларга кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш, айниқса уларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилади.

Шундай экан, алимент ундирганда давлат божи ундирилмаса ҳам анча-мунча шу тоифа оилаларни оғири бир озгина бўлса-да енгил бўлармиди дейишга асос бор.

Баъзида, «ўзим ҳеч қаерда ишламасам, топиш-тутишимни тайини йўқ, ўз болаларим учун амаллаб алиментни-ку тўлайман, лекин шу давлат божини ҳам мендан ундириш қанчалик тўғри бўлади, қозибобо», – деб қолишади. Балки уларнинг ҳам бу эътирозларида эътиборга молик важлар бордир, бу масалани ҳам ҳукумат бир таҳлил қилиб қўйса, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Гапнинг индаллосини айтганда эса, бюджетнинг даромад қисми юқорида айтилган низолардан келиб тушадиган маблағга сира муҳтож эмас.

Нуриддин Муродов,
Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди судьяси

Мавзуга оид