Иқтисодиёт | 15:02 / 01.02.2021
68431
2 дақиқада ўқилади

1 февралдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, жарималар ва стипендиялар миқдори оширилди

Президент қарорига кўра, 2021 йил 1 февралдан бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 1,1 баробарга (10 фоизга) оширилди.

Шунингдек, 2021 йил 1 февралдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ) ва базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) ҳам 10 фоизга кўтарилди.

Илгари МҲТЭКМ ойига 679 330 сўм, БҲМ 223 000 сўм бўлган бўлса, эндиликда бу миқдорлар мос равишда 747 300 сўм ва 245 000 сўм этиб белгиланди.

БҲМ миқдори ошиши ортидан, унга боғланган қуйидаги тўловлар ҳам ошмоқда:

  • солиқлар;
  • йиғимлар;
  • жарималар;
  • давлат божлари;
  • кўрсатилаётган давлат хизматлари, тадбиркорлик фаолиятининг муайян тури билан шуғулланиш учун патент (лицензия) тўловлари;
  • БҲМга боғланган бошқа тўловлар.

Бундан ташқари, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа миқдори ҳам 1 февралдан 10 фоизга оширилди ҳамда қуйидаги миқдорларда белгиланди:

  • битта болали оилаларга – 144 100 сўм (илгариги миқдор – 131 000 сўм);
  • иккита болали оилаларга – 238 700 сўм (илгариги миқдор – 217 000 сўм);
  • учта ва ундан ортиқ болали оилаларга – 334 000 (илгариги миқдор – 304 000 сўм).

Қуйидагилар миқдори ўзгаришсиз қолмоқда:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 238 610 сўм;
  • энг кам ёшга доир пенсиялар — ойига 466 680 сўм;
  • болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 466 680 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 286 390 сўм;
  • бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа (434 000 сўм);
  • кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам (326 мингдан 653 минг сўмгача);
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари (434 мингдан 1 млн 85 минг сўмгача).

Мавзуга оид