Иқтисодиёт | 15:35 / 03.02.2021
5267
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги давлат харидларида импорт товарлар чекланганига изоҳ берди

Ўзбекистон ҳукумати хорижда ишлаб чиқарилган 529 хил маҳсулотнинг давлат харидларидаги иштирокини тақиқлаб қарор чиқарган эди. Адлия вазирлиги мазкур қарорга изоҳ берди.

Пандемия даврида аҳолининг харид қуввати пастлиги туфайли экспорт имкониятлари сезиларли даражада қисқарган. Бунинг оқибатида бир қанча маҳаллий тадбиркорлар фаолиятида узилишлар рўй берган. Уларнинг фаолиятини яхшилаш учун давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжлари учун маҳаллий тадбиркорлар маҳсулотларидан фойдаланилади. Адлия вазирлиги «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорини шундай изоҳлади.

Вазирлик масъул ходими Д.Ражабоев имзоси билан эълон қилинган муносабатга кўра, бу қарор қуйидагича изоҳланади:

  • Ички бозор ва маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилиш тенденцияси бошқа давлатларда ҳам амалга оширилган. Хусусан, Россия давлат харидларида 170 дан ортиқ товарлар ва хизматлар импортини тақиқлаган.
  • 2019 йилда республикада 55 мингта корхона ташкил этилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 96 минг 743 тани ташкил қилган. Демак, янги ишлаб чиқариш қуввати икки баробар ошган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сонининг ортиши аҳоли бандлигини таъминлаш, солиқ тушумларининг ҳам кўпайишига замин яратади.
  • Тақиқ ва чеклов фақат давлат харидлари доирасида мавжуд, хусусий тадбиркорлар ёки фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун исталган товарни харид қилиши ёки хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил январда хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг давлат харидларидаги иштирокини вақтинчалик тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Қарорда давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чекланган хорижий товарлар рўйхатига 529 турдаги маҳсулот ва хизматлар киритилган.

Мавзуга оид