Ўзбекистон | 18:31 / 03.02.2021
56832
3 дақиқада ўқилади

Марказий сайлов комиссиясининг 16 йиллик раиси ваколатини топширмоқда

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг ваколати тугатилмоқда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида маълум қилинишича, Қонунчилик палатасида Марказий сайлов комиссиясининг 7 нафар аъзоси ваколатлари тугатилиши масаласи кўриб чиқилган:

  • Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, Марказий сайлов комиссияси раиси;
  • Жанабай Содиқов, ҳуқуқшунос;
  • Отагалди Бобожонов, Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Халқ қабулхонаси мудири;
  • Муҳайё Жўраева, «Ҳунарманд» уюшмасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи;
  • Эсанбой Ражабов, Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлаpи бирлашмаси pаиси маслаҳатчиси;
  • Эркин Хўжақулов, Тошкент шаҳар умумюрисдикция судининг раиси;
  • Жалил Норов (марҳум).

Шунингдек, Қонунчилик палатаси 8 нафар янги аъзолар номзодини кўриб чиқди ва маъқуллади:

  • Эргаш Юсупов, Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси;
  • Зайниддин Низомхўжаев, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари;
  • Александр Фармонов, «Ўзэлектроаппарат» АЖ бошқарув раиси маслаҳатчиси;
  • Муяссар Қодирова, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сурхондарё вилояти масъул ташкилотчиси;
  • Баҳром Қўчқоров, Адлия вазири ўринбосари;
  • Шуҳрат Жўраев, пенсияда;
  • Орифжон Бозоров, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори;
  • Алишер Усмонқулов, Жиззах политехника институти ректори.

Маълумот учун, Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 1952 йилда туғилган,  Тошкент давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги - ҳуқуқшунос, юридик фанлар номзоди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

У 1995-2004 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси, 2004-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси бўлиб ишлаган. 2005 йил 7 майдан буён Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Бундан олдинроқ, МСК раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов Бухоро вилоятининг прокурори лавозимига тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, январ ойи охирида Қонунчилик палатаси Конституция ва Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ўзгаришлардан бири сайлов санасини декабрдан октябрга кўчиришни кўзда тутади. Сенат ҳам ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб, президент имзоласа, 2021 йилги президентлик сайловлари 24 октябр куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид