Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа: жабрланувчиларга етган зарар тўлиқ қопланмаган бўлиши мумкин
Kun.uz суриштирувидан маълум бўлишича, қурувчиларнинг ўлими туфайли уларнинг оиласига етказилган зарар етарлича қоплаб берилмаган бўлиши мумкин. Прокуратура зарар тўлиқ қоплангани важи билан ишни ёпган, айбдорлар жазога тортилмаган эди.
2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўли қурилишида авария рўй берган, 6 нафар ишчи тупроқ остида қолиб ҳалок бўлганди.
Одамлар ўлимига олиб келган ҳодиса айбдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши 2020 йил 18 март куни, айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб тугатилган.
Терговнинг бундай тугатилишига – вафот этганларнинг оила аъзоларига етказилган зарар ўрни иш берувчи томонидан «тўлиқ қоплангани» асос қилиб олинган.
Kun.uz суриштирувининг аниқлашича, жиноят иши тугатилган вақтда жабрланганларга етказилган зарар суммалари тўлиқ ҳажмда қоплаб берилмаган. Бундан ташқари, товон пулларининг тергов иши тугатилганидан 4–5 ой ўтганидан кейин тўлаб берилгани ҳам жиддий қонунбузилиш ҳисобланади.
Фожиа оқибатларини бартараф этиш юзасидан тузилган Ҳукумат комиссияси топшириғига мувофиқ, ҳалок бўлган ишчиларнинг ҳар бири учун уларнинг оила аъзоларига 100 миллион сўмдан компенсация пули берилган эди.
Маълум бўлишича, марҳумларнинг бир нафари «Ўзбекистон темир йўллари минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ходими ва қолган 5 нафари «SBK Universal Construction Group» МЧЖ ходимлари бўлган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йилнинг 24 январдаги буйруғига асосан тузилган комиссия уларнинг ҳар бири учун зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган қарамоғидаги шахсларга 261,9 млн сўмдан (марҳум З.Каримовга 281 млн сўм тайинланган) бирйўла тўланадиган нафақа белгилаган.
Бундан ташқари, комиссия:
- Яккабоғ туманидан бўлган марҳум Анвар Диёровнинг қарамоғида бўлган 4 нафар (турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзандлари) меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг ҳар бирига 727,6 минг сўмдан ҳар ойлик боқувчисини йўқотганлик нафақаси;
- Шаҳрисабз туманидан бўлган марҳум Даврон Абдуллаевнинг қарамоғида бўлган 1 нафар (онаси) меҳнатга лаёқатсиз шахсга 1 млн 212 минг сўм ҳар ойлик боқувчисини йўқотганлик нафақаси;
- Шаҳрисабз туманидан бўлган марҳум Ойбек Абдуллаевнинг қарамоғида бўлган 4 нафар (ота-онаси ва икки нафар фарзандлари) меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг ҳар бирига 606 минг сўмдан ҳар ойлик боқувчисини йўқотганлик нафақаси;
- Шаҳрисабз туманидан бўлган марҳум Жонибек Равшановнинг қарамоғида бўлган 4 нафар (ота-онаси ва бир нафар фарзанди) меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг ҳар бирига 519 минг сўмдан ҳар ойлик боқувчисини йўқотганлик нафақаси белгилаш тўғрисида қарорга келган.
Самарқанд туманидан бўлган марҳум Ихтиёр Раҳматовнинг қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз шахслар бўлмагани учун унинг оиласига фақат бирйўла тўланадиган товон пули белгиланган.
Аммо, Kun.uz қўлга киритган маълумотларга кўра, «SBK Universal Construction Group» МЧЖ марҳумларнинг оила аъзоларига махсус комиссия тайинлаган нафақа пулларини ўз вақтида ва етарли миқдорларда тўлаб бермаган.
Жумладан, бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган Анвар Диёровнинг яқинлари бирйўла ва ойма-ой тўланадиган нафақалар ўз вақтида тўлаб берилмагани сабабли «SBK Universal Construction Group» МЧЖга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризаси киритган.
Боқувчисини йўқотган даъвогар Лобар Раҳмонова (марҳум А.Диёровнинг беваси) судда оиланинг фарзандлари учун тайинланган ҳар ойлик компенсация ва бир марталик нафақа умуман тўланмаганини маълум қилган. Бундан ташқари, Лобар Раҳмонова турмуш ўртоғининг вафоти туфайли етказилган маънавий зарар учун тўлов ундиришни ҳам сўраган.
Суднинг ҳал қилув қароридан маълум бўлишича, жавобгар «SBK Universal Construction Group» МЧЖ суд жараёнлари давомида бир марталик компенсация 161 миллион 938 минг сўм миқдорида тўлаб берилганини, унинг қолган 100 миллион сўмлик қисми эса марҳумнинг яқинларига моддий ёрдам сифатида айнан бир марталик тўланадиган компенсация ҳисобидан тўлаб берилганини билдириб изоҳ берган.
Суд эса 100 миллион сўмлик маблағ корхона раҳбарияти томонидан ихтиёрий равишда, ҳеч бир ҳуқуқий асоссиз, бундан ташқари қонунга мувофиқ боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс – марҳумнинг акасига тўлаб берилгани учун Лобар Раҳмонова фойдасига компенсациянинг тўлаб берилмаган 100 миллион сўм қисмини ундириш ҳақидаги талабни қонуний ва асосли деб топган.
Судья Олим Шамсиев раислигида кўриб чиқилган судда даъвогар Лобар Раҳмонованинг жавобгар корхонага нисбатан боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан компенсация ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво талаблари қаноатлантирилган.
2020 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар «SBK Universal Construction Group» МЧЖдан даъвогар Лобар Раҳмонованинг 3 нафар фарзандларининг ҳар бирига 16 ёшга тўлгунга қадар ҳар ойда 727 минг сўмдан компенсация, 100 млн сўм бир марталик компенсация ва етказилган маънавий зарар учун 300 млн сўм компенсация ундириш белгиланган.
Ишни кўрган судья О.Шамсиевнинг Kun.uz'га тасдиқлашича, ҳал қилув қарори 2020 йил 18 декабрда қонуний кучга кирган.
Лекин, қарор ижроси бир ойдан буён ҳам амалга оширилмаётгани учун 2021 йилнинг 14 январь куни жабрланувчи Лобар Раҳмонованинг адвокати Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўлимига зарарни мажбурий ундирувга қаратишни сўраб, сўров киритган.
Kun.uz мухбири мазкур суд иши сабаб бўлиб, Юнусобод фожиаси оқибатлари қай даражада бартараф этилгани билан қизиқди ва яна бир бор марҳумларнинг хонадонларида бўлиб, яқинлари билан суҳбатлашди.
- Шаҳрисабз туманининг Бешкапа қишлоғидан бўлган марҳум Ойбек Абдуллаевнинг онаси Ҳаловат Шукурованинг айтишича, уларга дастлаб 100 миллион сўм пул берилган. Қолган 161 миллион сўм эса 2020 йилнинг сентябрь ойида пластик карта очиб, шунга тушириб берилган. Бундан ташқари, ҳар ойлик нафақа тўловлари ҳам 5 ойда бир қилиб туширилган.
- Айнан шу тумандан Марҳум Жонибек Равшановнинг онаси Рисолат Бобомуродова ва Даврон Абдуллаевнинг онаси Сабоҳат Жамолова ҳам дастлаб ўғилларининг жасади билан 100 миллион сўмдан, кейин эса 2020 йилнинг сентябрь ойида яна 161 миллион сўмдан пул берилганини маълум қилишди. Оилаларга белгиланган ҳар ойлик нафақа тўловлари тегишли пластик карталарига тушириб берилмоқда.
- Самарқанд туманидан бўлган марҳум Ихтиёр Раҳматовнинг бобоси ҳам дастлаб 100 миллион сўм олганини айтди. Қолган 161 миллион сўмни марҳумнинг, айни вақтда асраб олган болалари билан Тошкент шаҳридаги чиқинди йиғиш пунктида яшаётган онаси Фароғат Туропова 2020 йилнинг сентябр ойида қабул қилиб олган.
1-хулоса: Прокуратура жиноят ишини асоссиз тугатган бўлиб чиқмоқда
Гувоҳи бўлганимиздек, айбланувчилар марҳумларнинг оилаларига етказилган зарарни тергов тугатилган вақтда қопламаган бўлган.
Компенсация пуллари жиноят иши тугатилиб, айбдорлар жазодан қутулиб қолганидан бир неча ой ўтгандан кейин тўлаб берилган.
Пойтахт прокуратураси жиноят ишини 2020 йил 18 март куни ёпган эди. Бунга «жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қоплангани» сабаб қилиб кўрсатилганди.
Шу ўринда, «зарар тўлиқ қопланди» деганда тергов органи нимани назарда тутгани анча шубҳали хулосаларга замин яратмоқда.
Аён бўлиб қолган мазкур ҳолатлар юзасидан изоҳ олиш мақсадида дастлабки терговни олиб борган Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат қилдик.
Шаҳар прокуратураси Меҳнат вазирлигининг комиссияси белгилаган зарар суммалари қопланмасдан туриб, тергов тугатилишини шундай изоҳлади:
«Ўзбекистон Республикаси Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуннинг 33-моддасига асосан, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги белгиланган бўлиб, мазкур модда талаби доирасида, Махсус комиссия томонидан бахтсиз ҳодисанинг шарт-шароитлари, меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрлари бузилиши ҳолатлари ўрганиб чиқилиб, ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарлар ва товон тўловлари миқдори ҳисоблаб чиқилган.
Терговда, бахтсиз ҳодиса натижасида жабрланган шахсларнинг оила аъзоларига уларнинг дафн маросимлари учун дастлабки кунда 100 млн сўмдан ёрдам пули ажратилганлиги ҳолатини жабрланувчиларнинг жиноят иши бўйича сўроқ қилинган оила аъзолари ўз кўрсатмаларида тасдиқлаб ўтишганлиги назарда тутилган», – дейилади пойтахт прокуратураси Kun.uz'га тақдим этган изоҳда.
Демак, тергов органининг фикрича, дафн маросимларини ўтказиш учун 100 млн сўмдан берилган тўлов – жиноят оқибатида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда (!) қопланганини англатмоқда.
Ваҳоланки, марҳумларнинг оилаларига етказилган зарар 100 млн сўм эмас эди.
2-хулоса: 6та оиладан 5таси яна 100 млн сўмдан олишга ҳақли
Масаланинг яна бир баҳсли тарафи – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида тузилган комиссия қарорига кўра марҳумларнинг оила аъзоларига тўлаб берилиши керак бўлган компенсация миқдори бўлиб қолмоқда.
Чунки жабрланувчилардан бири ушбу ҳолатда судга мурожаат қилганида, суд марҳумнинг вафотидан бир неча кун ўтиб берилган 100 миллион сўм комиссиядан ташқари махсус комиссия белгилаган 261 миллион сўмдан алоҳида тўланиши лозим, деган қарорга келган.
Лекин, «SBK Universal Construction Group» барча жабрланувчиларнинг яқинларига товон пулини тўлашда дастлаб берилган 100 миллион сўмни ҳам ҳисобга олган. Ваҳоланки, 100 млн сўмдан компенсация пули ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ўрганиш бўйича комиссиянинг эмас, Вазирлар Маҳкамасининг 18 декабрдаги фармойиши билан тузилган Ҳукумат комиссиясининг топшириғига биноан берилган эди.
Ҳозирча, Ҳукумат комиссиясининг топшириғига биноан дастлабки тўланган 100 млн сўмлик компенсация марҳумлардан фақат бир нафарининг фойдасига ҳал бўлган. Ҳақдорларнинг бунга эришиши осон кечмагани ҳақида юқорида айтилди. Қолган 5 оила эса яна 100 млн сўмдан ҳақ талаб қилишлари мумкинлигидан бехабар қолмоқда.
Ушбу ҳолатда Бош прокуратура терговни тугатиш асослари қонунийлигини қайта кўриб чиқиши, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса баҳсли 100 млн сўмларнинг тақдири ҳақида ўзининг узил-кесил хулосасини бериши мақсадга мувофиқ.
Kun.uz ҳолат юзасидан суриштирувини давом эттиради.
Kun.uz мухбирлари:
Фаррух Абсаттаров,
Шуҳрат Шокиржонов,
Исомиддин Пўлатов.
Тасвирчилар – Жамшид Абдиев,
Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
08:08 / 08.11.2024
Юнусободда бир кунда иккита ЙТҲ содир бўлди
20:56 / 20.10.2024
9 ойда иш ҳақи ва нафақа пулларидан 5,2 млрд сўм талон-торож қилингани маълум қилинди
18:34 / 11.10.2024
Прокуратура тизимида сунъий интеллект жорий қилинади
20:03 / 09.10.2024