Azon.uz бош муҳаррири таҳририят босимга учраганини маълум қилди
Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлаётганини маълум қилди. АОКА давлат идоралари журналистларга босим ўтказмаслиги, журналистлар эса қонунлардан четга чиқмаслиги кераклигини таъкидлаб чиқди.
Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак (Абдулазиз Раимов) таҳририятга босим ва таҳдид бўлгани сабаб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди.
Бу ҳақда у 3 февраль куни Facebook'даги саҳифасида эълон қилган «Azon.uz'га босим қачон тугайди?» сарлавҳали баёнотда маълум қилган.
«Бугун муассисимиз Мубашшир Аҳмад йиғилиш чақирдилар. Сайтимизда эълон қилинган айрим мақолаларни олиб ташлашимизни айтдилар», – деб ёзади Абдулазиз Муборак.
Унинг айтишича, сайтдаги қуйидаги мақолаларнинг олиб ташланиши айтилган (ҳозирда бу мақолалар сайтдан ўчирилмаган):
- “Қорилар маҳалласи” – Президентнинг таклифи аҳли илмларни тўлқинлантириб юборди
- Шавкат Мирзиёев диний соҳада қандай эркинликларни қайтарди? (Kun.uz'да эълон қилинган мақола републикацияси)
«Билишимизча, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев Мубашшир Аҳмадга қўнғироқ қилиб, юқоридаги мақолалар учун жуда қаттиқ ҳақорат ва таҳдид қилибди. Шундай ҳақоратларки, уни айтиш тилга, эшитиш қулоққа оғирлик қилади. Мен домланинг гапларига кўнмадим (мақолаларни ўчиртирмадим), чунки ҳар икки мақолада ҳам муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ёритилган, яъни бир сўз билан айтганда, сиёсатга қарши эмас, аксинча, уни қўллаб-қувватлайдиган фикрлар ёзилганди.
Авваллари ҳам бир неча мақолалар олиб ташланган эди, бугун билишимча, ўша мақолалар ҳам айнан Д.Эшнаевнинг қўнғироқлари орқасидан ўчирилган экан.
Д.Эшнаевнинг хизмат ваколатига сайтлардаги диний мазмунда ёзилган хабар ва мақолаларни кузатиш, таҳлил қилиш кирар, аммо у нега айнан давлатимиз раҳбарининг фикрлари, ислоҳотлари, ташаббуслари ёритилган мақолаларга эътироз билдиради?
Мақсад-муддао не?
Бунақа туришда Янги Ўзбекистон деган гапнинг маъниси қаерда қолади?
Наҳотки, президентнинг ташаббуслари ҳақида ёзиш айб, гуноҳ, хато бўлса?!
Бу давлатимиз раҳбарининг очиқлик, ошкоралик сиёсатига зид эмасми?
Ё юртбошимиз айтаётган, диндор халқимизни умидлантираётган сиёсатлар тил учидаги гаплар, холосми?
Мубашшир Аҳмад домла йиғилишда бизни қаттиқ уришдилар. Айбимиз – сўнгги пайтларда президентимизнинг гапларига, ташаббусларига катта урғу бериб юборибмиз. Мен у кишини тушунаман, бундан хафа эмасман, фақат ўзи шундоқ ҳам ёмон соғлиқларидан хавотирдаман.
Камина бош муҳаррир сифатида Azon.uz сайтида ўз эътирозларимизни билдирмоқчи бўлдим, аммо... бунга рухсат беришмади...
Пичоқ бориб суякка етди...» деб ёзади Абдулазиз Муборак.
Azon.uz бош муҳаррирининг бу чиқиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан батафсилроқ маълумот олиш мақсадида Абдулазиз Муборак билан боғланди.
«Мен тушунмаган ҳолат – Azon.uz'дан ўчиришимизни сўралган мақолалардан бири Kun.uz'да чиққан, Islom.uz сайти ҳам шу мақолани эълон қилган. Мақолада Мирзиёев президент бўлганидан сўнг диний соҳада берилган эркинликлар санаб ўтилган. Ушбу икки сайтда турибди бу мақола ҳали ҳам. Нима учундир қўмитадагилар фақат Azon.uz'да бўлишини исташмаяпти.
Иккинчи мақола президентимизнинг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида айтган гапларидан олиб тайёрланган. Осмондан олмаганмиз, Эски шаҳардаги маҳаллалардан бирида Қуръон, бошқасида ҳадис ва тавҳид илмлари ўргатилиши йўлга қўйилсин, дея шахсан давлат раҳбари кўрсатма берган.
Ҳалигача тушунолмаяпман, бу икки мақолада нима нотўғри, давлат сиёсатига зид жойи борлигини. Шу ҳақда ўйлаб ўйимга етолмаяпман. Агар хатоси бўлса, нега у бошқа сайтларда турибди, билишимча, уларга ушбу мақолаларни ўчириш бўйича ҳеч қандай талаб бўлмаган. Хатоси бўлмаса, нега Azon.uz таҳририятига бундай босим бўлмоқда?
Энг ҳайрон бўлган жойим, президент айтган гапнинг нимаси ёқмади экан?! Давлат раҳбарининг Ислом цивилизацияси марказига ташрифини кузатиш асносида шу сўзлари диний соҳага оид ва сайтимиз йўналишига мос бўлгани учун алоҳида хабар қилиб бергандик. Бу гаплар сиёсий-ижтимоий янгиликларга ихтисослашган сайтларнинг эътиборини ўзига тортмаган бўлиши мумкин, лекин исломий нашр сифатида биз буни ёритишимиз керак, аудиториямиз биздан шуни кутади. Ҳаракатимизнинг нимаси қонунга зид ёки нотўғри эканини англолмай диққат бўлиб ўтирибман тўғриси» – деди Абдулазиз Муборак Kun.uz мухбирига берган изоҳида.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳозирча ҳолатга изоҳ бермади.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги баёнот билан чиқиб, давлат идораларидан журналистларга босим ўтказмасликни сўради.
«Ўзбекистоннинг янги очиқлик ва ошкоралик сиёсатида давлат идоралари ва журналистлар ўртасидаги баҳсли масалалар имкон қадар ўзаро келишув, агарда бунинг иложи топилмаса ҳуқуқий меъёрлардаги тартиблар асосида ҳал этилиши мақсадга мувофиқдир. Хусусан, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишда низоли ҳолатлар юзага келганда ҳам масаланинг ечими суд орқали ҳал этилиши белгиланган.
Агентлик доимгидек давлат органлари ва оммавий ахборот воситаларини қонунчиликда кўрсатиб ўтилган қоидалар ҳамда ўрнатилган талабларни ҳурмат қилган ҳолда ўзаро муносабатларга киришишга чақиради. Шунингдек, давлат идораларини журналистларга нисбатан босим ўтказмаслик, таҳририят ходимларини эса журналистлик одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишини сўрайди», – дейилади АОКА расмий сайтида эълон қилинган релизда.
Мавзуга оид
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
15:50 / 15.10.2024
“Бу катта миқдор эмас” – Диний қўмита раиси Умра лицензиясининг 1 миллион долларлик шарти ҳақида
16:46 / 26.08.2024
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
07:45 / 07.08.2024