Ўзбекистон | 08:02 / 04.02.2021
12780
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 9-синф ўқувчиси босқинчилик содир этди

2021 йилнинг 1 февраль куни соат 15:00ларда вояга етмаган шахс, 9-синф ўқувчиси Эрлан З. Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳудудида жойлашган “Водий” шоҳбекати олдида Cobalt автомашинаси ҳайдовчиси 29 ёшли Абдунаби Х. билан уни ва оила аъзоларини Андижон вилояти Асака туманига олиб боришига келишган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у оила аъзоларини Оҳангарон тумани ҳудудидан олиб кетишларини айтиб, автомашинанинг олд ўнг томон ўриндиғига ўтирган ва йўлни кўрсатиб борган.

Қайд этилишича, улар Ўзар қишлоғига етмасидан Эрлан З. ёнида бўлган ошхона пичоғини Абдунаби Х.нинг бўйин қисмига тираб, ёнида бўлган бор пуллари ва буюмларини беришини талаб қилган ҳамда ҳайдовчи Абдунаби Х.га тегишли бўлган нархи 1 500 000 сўмлик уяли телефон аппаратини, автомашинаси бошқарув пультини босқинчилик йўли билан қўлга киритган.

Шундан сўнг Эрлан З. ҳайдовчи Абдунаби Х.дан автомашинасини Нурафшон шаҳар йўналиши бўйлаб бошқаришини талаб қилган, ҳайдовчи Абдунаби Х. машинасини Оҳангарон тумани Ойбулоқ МФЙ Ўзар қишлоғидан чиқишдаги автобус бекати рўпарасида тўхтатиб, бекатда турган нотаниш шахслардан ёрдам сўраган ва автобус бекатида ўтирган нотаниш фуқаролар Эрлан З.ни ушлаб, ИИБ ходимларига топширишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Эрлан З.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид