Ўзбекистон | 12:20 / 05.02.2021
34337
2 дақиқада ўқилади

«Республикамизда эпидемик вазият барқарор» – Отабеков карантин қайтиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

30 январь куни мамлакатда коронавирус инфекциясининг “британча” штаммига чалинган илк бемор аниқланди. Орадан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда яна карантин жорий қилиниши ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга асос қилиб овозли хабар қолдирилган. Аудиохабарда бош вазир ўтказган йиғилишда бу ҳақда айтилгани, барча чегаралар ёпилиши, мамлакатга кириш-чиқиш тўхтатилиши маълум қилинган.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев бу овозли хабар унга тегишли эканини ва 2020 йилнинг 15 март куни саҳифасида эълон қилганини айтиб ўтди.

“Шу кунларда Telegram гуруҳларида ўтган йили каналимда эълон қилинган эски хабарлар яна қайта тарқатилмоқда.

Биринчиси - 16 мартдан карантин эълон қилиниши ҳақидаги овозли хабар. Бу 2020 йил 15 март кунги хабар эди.

Жорий йилда карантин қайта эълон қилиниши ҳозирча кутилмаяпти (илоҳим, бунга эҳтиёж ҳам бўлмасин)”, - деб ёзган блогер ўз саҳифасида.

Kun.uz бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков билан боғланди.

Штаб аъзосининг таъкидлашича, айни кунларда янги штаммнинг кириб келиши билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бундай хабарлар тарқалиши аҳолини саросимага солмоқда. Шу ўринда, фуқаролардан эътиборли бўлиш сўралган. Турли ёлғон маълумотларга ишонишдан олдин уни асосли ёки асоссиз эканлигини текшириб кўриш лозим. Бу борада фақат Республика махсус комиссияси топшириғига биноан расман хабар берилади.

“Авваламбор, бу каби “совуқ”, асосланмаган, нотўғри хабарларни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-5- моддасига мувофиқ жавобгарлик бор. Минг афсуски, орамизда шу каби ёлғон хабарларни тарқатишга ишқибоз, “касал” одамлар ҳам учраб турибди. Карантин ва чеклов тадбирларига келсак, унга сабаб бўладиган асос ва ҳолат йўқ. Республикамизда эпидемик вазият барқарор”, - деди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид