Ўзбекистон | 15:38 / 05.02.2021
5071
2 дақиқада ўқилади

Сан-Марино Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 136-давлат бўлди

Жорий йил 3 февраль куни Ўзбекистон ва Сан-Марино ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги протоколни расмий имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: dunyo.info

Мамлакатнинг Италиядаги элчихонаси маълумотига кўра, ҳужжатни Ўзбекистон томонидан элчи Отабек Акбаров, Сан-Марино томонидан эса ушбу давлатнинг Италиядаги элчиси Даниэла Ротондаро имзолади.

Икки мамлакатда ички процедуралар ўтказилгандан сўнг, мазкур ҳужжат кучга киради ва Сан-Марино Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 136-давлат бўлади.

Сан-Марино дунёдаги энг кичик давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат тўрт томондан ҳам Италия билан чегарадош. Сан-Марино аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи бўйича (2020 йил – 56 минг 690 доллар) дунёдаги энг бой мамлакатлардан биридир.

Элчи Даниэла Ротондаронинг фикрига кўра, икки мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ҳамда камбағалликни бартараф этишда биргаликда ишлаши мумкин. 

Шунингдек, у ўзаро муносабатларни савдо-иқтисодий ҳамкорлик орқали ривожлантиришдан манфаатдорлигини қайд этди. Хусусан, элчининг сўзларига кўра, Сан-Марино инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, икки томонлама солиққа тортмаслик тўғрисидаги шартномаларни ишлаб чиқиш ва имзолашга тайёр. 

Мавзуга оид