Бухорода газ портлаши рўй берган уй ноқонуний қурилиш бўлган — Қурилиш вазирлиги
2021 йил 4 февраль куни Бухоро шаҳри Ислом Каримов кўчаси йўл ёқасида жойлашган 9 қаватдан иборат бўлган уйнинг 3-қаватидаги хонадонда газнинг сизиб чиқиши натижасида портлаш юз берганди.
Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, вазирлик томонидан бу борада ўрганиш ишлари олиб борилди.
Қайд этилишича, “White group trading” МЧЖ (раҳбари Жамшид Кароматов) томонидан мазкур кўп қаватли бинонинг қурилиш ишлари ўзбошимчалик билан бошланган бўлиб, бу ҳақида Қурилиш бош бошқармаси ва ҳудудий инспекция томонидан (2019 йил 16 январдаги №48- ва 49-сонли хатлар билан Бухоро шаҳар ҳокимлиги ва прокуратурасига) маҳаллий ҳокимият ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қонуний чора кўриш учун хабардор қилинган.
Бухоро шаҳар ҳокимининг 2019 йил 7 июлдаги 2894-сонли қарори билан Бухоро шаҳрининг Ислом Каримов кўчаси 7-уй манзилида жойлашган 12та хонадон ва 9-уйда жойлашган 12та хонадон, шу билан бирга, ҳудуддаги савдо дўконлари эгалари билан тузилган келишув битимлари инобатга олиниб, 1220 кв. метрда жойлашган ер участкасида “White group trading” МЧЖга 1- ва 2-қаватлари савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш ва юқори қаватларида кўп хонадонли турар жой биноси қурилишига рухсат берилган. Мазкур қарорга асосан вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан 2020 йил 26 июлда 1578-сонли архитектура-режалаштириш топшириғи тайёрланиб, лойиҳа ташкилоти “Аркада Архстрой Сервис” ХК томонидан 1-қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш 7-8 қаватли турар жой биносига лойиҳа ечимлари ишлаб чиқилган.
Маълум қилинишича, лойиҳа вилоят шаҳарсозлик кенгашида тасдиқланмаган ва ижобий экспертиза хулосаси олинмаган. Шунингдек, Бухоро вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бораётганлиги учун инспекция ходимлари томонидан “White group trading” МЧЖ раҳбарига огоҳлантириш берилган.
“Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда прокуратура органларига бир неча бор ноқонуний қурилиш олиб бораётган “White group trading” МЧЖга нисбатан чора кўриш учун (2020 йил 13 июлда 1029-, 1030- ва 1031-сонли) хатлар чиқарилган.
Бундан ташқари, тасдиқланган концепция лойиҳасини бузиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сонини оширганлиги сабабли ноқонуний қурилаётган қурилмани бартараф қилиш учун Бухоро туманлараро иқтисодий судига даъво аризалари киритилган. Бунда даъвогар сифатида инспекциянинг бош мутахассиси ва Бухоро шаҳар қурилиш бўлими мутахассислари иштирок этган. Суд томонидан эса 2020 йил 23 октябрда 4-2001-2003/928-сонли ишнинг ноқонуний қурилмани бартараф қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган”, - дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, ҳудудларда рухсатнома ва шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилаётган объектларда буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик ва пудратчининг ички назорат тизими тўғри йўлга қўйилмагани қайд этилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Бухородаги портлаш натижасида жабр кўрган 12 нафар фуқаронинг 6 нафарига уйга жавоб берилган. Шифохонада қолаётган 5 кишининг аҳволи қониқарли, бир беморнинг ҳолати нисбатан оғирлигича қолмоқда.
Мавзуга оид
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
10:34 / 05.12.2024
Ҳокимлик балансидаги ордерли уйни расмийлаштириб беришни ваъда қилган шахс ушланди
15:29 / 03.12.2024
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл ва скутер кабиларнинг ҳаракати чекланди
11:04 / 02.12.2024