Пойтахт ва Тошкент вилояти ўртасида талаш бўлаётган ҳудуд: воқеаларнинг кейинги ривожи
Kun.uz ўзига хос юридик воқеликни ёритишда давом этади. Тошкент шаҳри ва вилояти чегарасидаги 1,1 гектар ер иккала ҳудуд ва уч нафар тадбиркор ўртасида низо объекти бўлиб қолмоқда.
Муаммо тарихи билан Kun.uz эълон қилган қуйидаги мақолалар орқали танишишингиз мумкин:
Кадастр соҳасида узоқ йил фаолият юритган Олий Мажлис депутати Нуриддин Султонов жумбоқли вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида соҳа мутахассислари билан жойига чиқиб ўрганиш ўтказилишини айтиб, бунга Kun.uz вакилларини ҳам таклиф қилган эди.
Kun.uz депутат таклифига асосан мазкур низоли ҳудуднинг бевосита ўзида олиб борилган ўрганишларни кузатди.
Низоли ер бўйича дастлаб Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Ер назорати шуъба раҳбари Бекзод Тошхўжаев фикр билдирди.
Унинг айтишича, низоли ер 1994 йилда Тошкент шаҳри ҳудудига ўтган ва қандайдир тушунарсиз сабабларга кўра Зангиота ҳудудига ўтиб кетган. У низоли ер Тошкент шаҳри ҳудуди бўлиб келган вақтда Тошкент вилояти бу ҳудуддан суғориладиган ер сифатида фойдаланиб келганини, аммо бу ернинг вилоятга ўтиб қолишини англатмаслигини билдирди.
Шунингдек, Бекзод Тошхўжаев ҳудуд Тошкент вилоятига ўтадиган бўлса, аввал Тошкент шаҳар ҳокими билан келишилиши лозим бўлгани, бироқ бу иш қилинмаганини таъкидлади.
«Тошвилерлойиҳа» бўлинмаси директор ўринбосари Камолиддин Умаровнинг фикрлари эса бироз бошқачароқ бўлди.
Унга кўра, 1996 йилдаги 464-сонли Ҳукумат қарорига асосан, низоли ер тўлиқ Тошкент шаҳрига ўтказилгани билан, шу пайтгача Тошкент вилоятининг ер балансида турган, 2017 йилда Сенат қарорига асосан Тошкент вилоятига ўтган.
Депутат Нуриддин Султонов эса Сенатнинг бу қарори Тошкент вилояти таркибида Тошкент туманини тузиш тўғрисида экани ва қандай қилиб вилоят ичидаги ҳудудий масалани ҳал қилувчи ушбу қарор билан Тошкент шаҳрининг бир қисми вилоятга ўтиб кетганидан ҳайратда эканини яширмади.
Кадастр агентлиги хулосасида бир қисм ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани айтилган тадбиркорнинг вакили ҳам фикр билдириб, вазият аслида бошқача экани, уларга ер ажратиш масаласи қонуний бўлганини таъкидлади ва унга кадастр соҳаси масъуллари расмийлаштириб берган ҳужжатларни кўрсатди.
«Univer Business House» МЧЖ иш юритувчиси Камолхўжа Зайниддинов қурилиш жараёнида кадастрчилар чизиб берган ҳудуддан бир сантиметр ҳам ташқарига чиқилмаганини билдирди.
Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Aбдусаттор Ҳасанов эса низоли ер 1994 йилдан бери пойтахтга тегишли бўлиб келганини ва ҳеч қанақасига Тошкент вилоятига қайтиб берилмаганини билдирди.
Унинг фикрича, Тошкент вилояти таркибида Тошкент туманини тузиш тўғрисидаги 2017 йилги Сенат қарорининг иловасида тушунарсиз равишда пойтахт ҳудудидан 16 гектар ер майдонини Тошкент вилоятига ўтказиш масаласи тасдиқлатиб юборилган.
Айтиш жоизки, айни шу 16 гектар ер майдони таркибидаги 1,1 гектар ер бир нечта тадбиркор ўртасида низо келтириб чиқармоқда.
Aбдусаттор Ҳасанов пойтахт ҳудудининг бир қисми Тошкент вилоятига «ўтиб кетганидан» Тошкент шаҳри ҳокими ва шаҳарнинг бошқа масъуллари бехабар қолганини маълум қилди.
Ваҳоланки, ўша вақтда амалда бўлган «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги қонунда вилоятлар ва туманларнинг чегараларини ўзгартириш тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимларининг илтимосномасига асосан, Вазирлар Маҳкамасининг таклифига мувофиқ, Олий Мажлис томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Aбдусаттор Ҳасановнинг қўшимча қилишича, агар Тошкент шаҳрининг чегараси ўзгарганида Тошкент шаҳрининг ҳудудий тузилишига доир бир қатор ҳужжатлар, жумладан Олий Кенгаш Раёсатининг 1994 йил 16 мартдаги 1031-XII-сонли ҳамда Ҳукуматнинг 1996 йил 28 декабрдаги 464-сонли қарорларига ўзгартириш киритилиши лозим эди, амалда эса бундай бўлмаган.
Ўрганиш якунида депутат Нуриддин Султонов масъуллар ер ажратиш ҳақидаги дастлабки қарорларни, уларга илова қилинган ҳужжатлар ва хариталарни ҳали тақдим этишмагани туфайли вазият ҳануз ўз ечимини топмаётганини билдирди.
Шунингдек, депутат ўрганиш олиб боришдан мақсад тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш эмас, балки низоли ернинг 2018 йилда қайси ҳудудга тегишли бўлганини ҳамда кадастр соҳаси мутахассисларининг ер ажратиш жараёнида қонуний ҳаракат қилган-қилмаганлигини аниқлаш, қолаверса, низолашаётган учала тадбиркор учун ҳам масаланинг ижобий ечим топишига эришиш эканини таъкидлади.
Масъуллар депутатга сўралган ҳужжатларни тақдим этишга ваъда беришди.
Kun.uz ўзига хос юридик воқеликни кузатишда ва ёритишда давом этади.
Аббос Салайдинов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
18:20 / 16.12.2024
Damasʼдан Kia Sonetʼгача: “Halol Avtolizing”чилар юзлаб одамни алдагани маълум бўлди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
11:09 / 08.11.2024