Ўзбекистон | 09:19 / 06.02.2021
36452
6 дақиқада ўқилади

Сирларга бой Бойқўнғир. Илон Маск бу космодром тарихига якун ясайдими?

Қозоғистон ҳудудида жойлашган, айни пайтда Россия Федерациясига тегишли Бойқўнғир (Байконур) комплекси – дунёдаги биринчи ва йирик космодром. У узоқ йиллар давомида самога кема учириш борасида етакчилик қилган (2016 йилга келибгина Канаверал бурни бу борада олдинга ўтиб кетган).

Фото: Роскосмос

Гарчи Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти ҳудудида 6717 км² ҳудудни эгаллаган бўлса-да, Бойқўнғир космодроми ҳам, унга ёндош Бойқўнғир шаҳарчаси ҳам йиллик 115 млн доллар тўлаш шарти билан 2050 йилга қадар Россияга ижарага берилган.

Россиянинг тўлови фақат бундан иборат эмас – космодром фаолиятини молиялаштириб туриш, шаҳарча инфратузилмасини сақлаш ва бошқа қатор лойиҳалар учун Россия ҳукумати йилига 10 млрд рублдан ортиқ маблағ сарфлайди.

Хўш, бунча пул сарфлаш Россияга нима учун керак, аслида бу космик давлатнинг ўз ҳудудида ҳам қатор космодромлари ҳам бор-ку?

Аввало, бунинг тарихий аҳамияти бор. Бойқўнғир космодроми собиқ иттифоқнинг фахри ҳисобланган. Россия эса иттифоқнинг вориси сифатида космодромга эга бўлишни истайди.

Союз-ФГ ракетаси 2012 йил 22 июл / Фото: Роскосмос

Космодром қурилишида бир неча омиллар ҳисобга олинган: географик жойлашув – ён-атрофи саҳро бўлган Бойқўнғир ҳудуди радиолокацион тизимларнинг яхши ишлаши учун қулай. Ўрмонлар, ботқоқлар, йирик сув ҳавзалари ва тоғ тизмалари каби табиий тўсиқлардан холи. Аҳоли жуда сийрак, айнан космодром ҳудуди тинч аҳолидан анча нарида, фавқулодда вазиятларда қурбонлар эҳтимоли кам, шунингдек унумдор ерлардан воз кечиш зарурати йўқ.

Чўл ҳудудида бўлса-да, космодром қурилгунига қадар ҳам темирйўл тизимига эга экани таъминот учун муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шунингдек, совитиш тизими ва шаҳарча ҳаёти учун зарур чучук сув манбаси бўлган Сирдарёнинг яқинлиги ҳам, йилнинг 300дан ортиқ куни қуёшли бўлиши ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳарбий аҳамият ҳам бор: Бойқўнғир ҳудудидан учирилган ракета 7000 км наридаги Камчаткада жойлашган Кура базасига келиб тушиши мумкин.

Бойқўнғир космодроми ва шаҳарчасининг қурилишини собиқ иттифоқдаги барча халқларнинг кучли иродаси ва катта ютуғи, дея баҳолаш адолатдан бўлади. Бу шунчалик йирик ва мураккаб режа эдики, бир неча йил давомида давлатнинг энг йирик лойиҳаси бўлиб қолди. Ҳатто, Бойқўнғир лойиҳасини беркитиш мақсадида Қозоғистон ҳудудидаги бепоён бўз ерларни ўзлаштириш учун «Қўриқ» («Целина») кампанияси ўтказилган, деган тахминлар ҳам бор.

Лойиҳа устидаги ишлар 1954 йилда бошланди. 1955 йилда эса шартли равишда «Тайга» номини олган ҳарбийлашган ракета қисмлари қурилиши бошланди.

Космодром қурилиши ва фаолият хронологияси:

  • 12 январ 1955 йил. Биринчи ҳарбий-қурувчилар ишга киришди.
  • 12 феврал 1955 йил. Собиқ СССР ҳукумати қитъалараро баллистик ракеталар полигонини яратиш ҳақида қарор чиқарди.
  • 20 июл 1955 йил — биринчи старт майдончаси қуришга киришилди.
  • 15 май 1957 йил — космодромдан биринчи Р-7 ракеталари учирилди, лекин натижа кўнгилдагидек бўлмади. Бир ойдан кейинги иккинчи уриниш ҳам омадсиз чиқди.
  • 21 август 1957 йил — биринчи самара – ракета шартли юкни Камчаткадаги базага етказди.
  • 4 октябр 1957 йил, соат 22:28 — космик эранинг бошланиши. Р-7 ракетаси ёрдамида ернинг биринчи сунъий йўлдоши учирилди.
  • 3 август 1960 йил. Мудофаа вазири томонидан «2 июн — полигонга асос солинган кун», дея белгиланди.
  • 24 октябр 1960 йил. МБР Р-16 қурилмасини синаш давомида кучли ёнғин чиқди. Бунинг натижасида 76 киши ҳалок бўлди.
  • 12 апрел 1961 йил, соат 09:07. Космик эранинг янги ва ёрқин саҳифаси — Ю. А. Гагариннинг самога парвоз қилиши.
  • 1966 йил 25 июнда ракетанинг самога кўтарилишини томоша қилиш учун Франция президенти Шарл де Голл ташриф буюрган. Шунингдек, яна бир қанча президентлар сирли ташрифлар амалга оширгани ҳақида тахминлар бор.
  • 20 феврал 1986 йил. «Мир» станцияси самога кўтарилди.
  • 15 ноябр 1988 йил. «Энергия» ракетаси «Буран» космик кемасини самога олиб чиқди.

60 йилдан ортиқ тарихи давомида Бойқўнғир космодромидан олти мингдан ортиқ ракеталар учирилган, 1 500 дан ортиқ фазогир айнан шу космодромдан коинот сари йўл олган.

Космодромнинг жойлашган жойини жосуслардан сир сақлаш учун унга яқин ҳудудда ёлғондакам космодром қурилган.

Бойқўнғир узоқ вақт давомида СССР ва Россиянинг само пойгасида етакчилигини таъминлаб келди. Аммо сўнгги йилларда АҚШ анча бу борада анча илғорлаб кетди. Айниқса, Илон Маскнинг SpaceX лойиҳаси самони забт этишда ўзига хос инқилоб яратди ва 2020 йилда бу компания ракетаси илк бор астронавтларни ўз бортига олиб, Халқаро космик станция томон учди.

2011 йилда АҚШнинг Space Shuttle дастури ниҳоялангач, Россия Халқаро космик станцияга экипаж элта олиш имкониятига эга ягона давлатлигича қолаётган эди. «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Рогозин эса бундан ғурурланиб, «америкаликлар астронавтларни коинотга фақат батутдан фойдаланиб олиб чиқа олиши мумкин» деб юқори минбардан туриб айтган эди.

Бу гаплар маълум асосга эга бўлган. NASA бош инспектори Пол Мартиннинг ҳисоботига кўра, 2019 йилнинг июлига қадар NASA «Союз» космик кемаларида 70та ўринни – АҚШ ва ҳамкор астронавтларни Халқаро космик станциясига элтиш ва қайтариб Ерга қўндириш учун қарийб 4 млрд долларга сотиб олган. Яъни «Союз» орқали бир кишининг парвози 82 млн долларга тушган.

Рогозиннинг сўзларидан уч йил ўтиб, қўшҳокимлик ўрнатилди. Бунинг устига, шунча суммага Crew Dragon'да 4 нафар астронавт парвоз қилиши мумкин. Бу эса парвозларни русларникидан қарийб 4 баробар арзонлашувига олиб келади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид