Жаҳон | 15:17 / 08.02.2021
6004
3 дақиқада ўқилади

ЖАР AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни тўхтатди. Бу вакцина маҳаллий штаммга қарши самарасизлиги айтилмоқда

Фото: Olivier Chassignole / Pool via AP

ЖАР ҳукумати швецияликлар ва британияликлар компанияси томонидан тайёрланган AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш жараёнини кейинга қолдирди. Reuters агентлиги хабарига кўра, бунга олимлар ушбу вакцина Жанубий Африкадаги коронавирус штаммига қарши самарали эмаслиги ҳақида хулоса бергани сабаб бўлган.

ЖАР соғлиқни сақлаш вазири Звели Мхизе AstraZeneca вакциналарини қўллаш бўйича қарор олимлар билан маслаҳатлашувдан кейин қабул қилинишини маълум қилган. Шу билан бирга, у февралда эмлашни бошлаш бўйича режа ўзгармаслигини, AstraZeneca вакциналари ўрнига Американинг Pfizer ва Johnson & Johnson компаниялари вакциналаридан фойдаланилишини маълум қилган.

ЖАР Pfizer компаниясига 20 миллион доза, Johnson & Johnson вакциналарига 9 миллион доза буюртма қилган. AstraZeneca билан эса 1,5 миллион доза вакцина бўйича келишувга эришилган, 1 феврал куни миллион доза вакцина етказиб берилганди. Хабар қилишларича, ЖАР швед-британ вакциналарининг ҳар бир дозаси учун 5,25 доллардан тўлаган — бу Африка ва ҳатто Евроиттифоқ учун белгиланган нархлардан қимматроқ.

7 феврал куни Буюк Британия ва ЖАР олимлари AstraZeneca вакцинаси Жанубий Африкадаги коронавирус штамми келтириб чиқарган касалликнинг енгил ва ўрта даражадаги шаклларига қарши наф бермаётганини таъкидлашган: ушбу вакцина билан эмланган гуруҳда 748 кишидан 19 нафари касал бўлган, плацебо гуруҳида эса 714 кишидан — 20 нафари. Препаратнинг касалликнинг оғир формасига қарши самарадорлиги ва унинг ўлим ҳолатларига таъсири ўрганилмаган. Тадқиқотлар тор доирада ўтказилган ва натижалар ҳали илмий журналларда нашр қилинмаган.

AstraZeneca компаниясидагилар тадқиқотлар кенг кўламда ўтказилмагани, унда иштирок этганларнинг аксарини ёшлар ташкил қилиши ва шу туфайли натижалар тўлақонли деб ҳисобланмаслигини маълум қилган. Компания вакцина коронавирусни оғир шаклда ўтказаётган беморларда самарали бўлишини, препарат 2021 йил кузига қадар Жанубий Африка штаммига қарши мослаштирилишини қўшимча қилган.

  • Расмий маълумотларга кўра, ЖАРда пандемия бошидан буён 1,476 миллион касалланиш ҳолати қайд этилган. 1,36 миллион бемор тузалган, 46 минг киши вафот этган.
  • Ҳозирда мамлакатнинг катта қисмида 2020 йил охирида аниқланган коронавируснинг Жанубий Африка варианти кенг тарқалган. Бу штамм нисбатан тез юқувчан ва эмлашга чидамли ҳисобланади.
  • Ноябр ойида AstraZeneca компанияси коронавирусга қарши ўз вакцинаси самарадорлиги 70 фоиз атрофида эканини маълум қилганди. Шу билан бирга, самарадорлик эмлаш тартибига кўра турлича бўлади. Икки доза тўлиқ қабул қилинганда самарадорлик 62 фоизни, дастлаб ярим доза, кейин тўлиқ доза қабул қилинганда эса — 90 фоизни ташкил этади.

Мавзуга оид