Ўзбекистон | 13:04 / 10.02.2021
17182
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иш бошлаган «Carrefour» ўзининг «Akfa Group» билан муносабатлари ҳақида маълумот берди

«Самарқанд Дарвоза» ва «Compass» савдо-кўнгилочар марказларида фаолият бошлаши кутилаётган «Carrefour» супермаркетлари «Akfa Group» билан тузилган шартномалар ҳақида маълумот берди.

«Carrefour» супермаркетлари бошқарувчиси – «Majid Al Futtaim Hypermarkets» масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги барча улуш Бирлашган Араб Амирликларидаги «Majid Al Futtaim»га тегишли, деб маълумот берди супермаркет тармоқлари ахборот хизмати.

«Majid Al Futtaim» (БАА) – Франциянинг «Carrefour» чакана савдоси франшизасига эга бўлиб, Яқин Шарқ, Африка ва МДҲ каби 30дан ортиқ мамлакатларда эксклюзив ҳуқуқларга эга. Бугунги кунда компания дунёнинг 17 мамлакатида 320та дўконни муваффақиятли бошқариб, ҳар куни 750 000дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатмоқда», – дейилади расмий баёнотда.

Айни пайтда Ўзбекистонда 3та «Carrefour» савдо дўкони фаолият кўрсатмоқда. Аслида, «Majid Al Futtaim» Ўзбекистонда 7та «Carrefour» савдо дўконини ишга туширишни режалаштирган. БАА компанияси режалаштирган Ўзбекистондаги барча савдо нуқталари «Akfa Group» эгалик қиладиган биноларда очилиши айтилганди. Бу бўйича 2019 йил октябрда «Akfa Group» ва «Majid Al Futtaim» ўзаро шартнома ҳам имзолаган.

2021 йили 7 январ куни эса «Majid Al Futtaim» ва «UzOman» стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ҳақида хабар тарқалди. Таъкидланишича, ушбу узоқ муддатли шериклик доирасида иккала компания ҳам ўз имкониятлари ва тажрибаларини бирлаштириб, мамлакатда замонавий чакана савдони ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатига катта ҳисса қўшиш мақсад қилиб олинган.

«Majid Al Futtaim» Тошкентда иккита янги «Carrefour» гипермаркетини жорий йилнинг март-апрел ойларида ишга туширишни режалаштирган. Гипермаркетлар «UzOman»га тегишли бўлган энг йирик «Самарқанд Дарвоза» ва «Compass» савдо-кўнгилочар марказларида жойлашади.

Англашиладики, Ўзбекистондаги йирик савдо-кўнгилочар «Самарқанд Дарвоза» ва «Compass» марказлари маъмури – «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» МЧЖ ўз биноларида ижара ҳуқуқи асосида фаолият юритаётган «Makro» супермаркетлари билан тузилган шартномани бекор қилмай, ушбу нуқталарда «Majid Al Futtaim» компаниясига тегишли «Carrefour» супермаркетлари иш бошлашини маълум қилди.

2019 йили «Akfa Group» билан имзоланган шартномада барча – 7та дўкон ҳам «Akfa Group»га тегишли мулкларда жойлашиши ҳақида таъкид мавжуд эди.

Ушбу вазиятга «Carrefour» қуйидагича изоҳ берди:

«Катта режаларни ҳисобга олган ҳолда, биз шерикларимиз-ҳамкорларимиз рўйхатини кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз ва кейинги дўконларни жойлаштириш учун турли истиқболли савдо майдонларини кўриб чиқмоқдамиз».  

Баёнотда таъкидланишича, «Akfa Group» ва Ўзбекистондаги бошқа чакана кўчмас мулк эгалари билан ҳамкорлик ўз навбатида узоқ муддатли ижарага асосланган ҳамкорликдир.

«Унга мувофиқ бизнинг компаниямиз дўконларни очиш учун замонавий чакана савдонинг юқори стандартларига эга чакана савдо майдончаларини ижарага олади», – дейилади хабарда.

«Carrefour»нинг ушбу баёноти «Самарқанд Дарвоза» савдо-кўнгилочар маркази ва «Макро» ўртасида юзага келган зиддият фонида пайдо бўлди.

«Makro» вакилининг Kun.uz'га айтишича, «Самарқанд Дарвоза» маъмурияти шу йилнинг 6 январ куни («Majid Al Futtaim» ва «UzOman» стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ҳақидаги хабар тарқалишидан бир кун аввал) ижарага олинган майдонни қайтариб беришни сўраб, хат йўллаган.

Мавзуга оид