Жаҳон | 22:24 / 10.02.2021
13696
2 дақиқада ўқилади

Шарм-ал-Шайх курорти бетон девор билан ўраб чиқилди

Эндиликда курортга кириш учун кузатув камералари ва сканерлар билан жиҳозланган текширув пунктларидан ўтишга тўғри келади.

Фото: Getty Images

Туристлар хавфсизлигини таъминлаш учун Мисрдаги Шарм-ал-Шайх курорти 36 километр узунликдаги бетон девор билан ўраб чиқилди, деб хабар берди Middle East Monitor газетаси.

 "36 километрли тўсиқ саҳрони курортдан ажратиб турувчи бетон девордан иборат. Ҳукумат мазкур иншоот ёрдамида хавфсизлик даражасини ошириш ва туристлар хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган, чунки Шарм-ал-Шайх Синайнинг исёнчилар ҳаракати тўпланган соҳилидан атиги 360 километр масофада жойлашган", - деб ёзади нашр.

Газетанинг қайд этишича, эндиликда курортга кириш учун кузатув камералари ва сканерлар билан жиҳозланган текширув пунктларидан ўтишга тўғри келади.

Жанубий Синай губернатори Холид Фуда курортда туристларга ҳеч нарса хавф солмаслиги, бу шунчаки эҳтиёт чораси эканлигини таъкидлади.

"Курорт ва исёнчилар ўрнашган жойлар орасидаги масофа катта. Бундан ташқари, Миср армияси Шимолий ва Жанубий Синайни қўриқлайди. Шубҳали шахслар текширилади, улар курортга шундоққина кириб кела олишмайди", - деди у.

Курорт атрофига девор қурилиши 2019 йилда бошланганди.

Мавзуга оид