Ўзбекистон | 11:13 / 11.02.2021
13790
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари вилоят ҳокимига ўринбосар бўлди

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига Муҳаммаджон Нишонов тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Муҳаммаджон Нишонов 1969 йилда Андижон шаҳрида туғилган. 1992 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини, 2004 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академиясини битирган.

У меҳнат фаолиятини 1992 йилда Андижон вилояти сув хўжалиги бошқармаси мутахассиси сифатида бошлаган. 1995-1997 йилларда Андижон шаҳар хусусий қурилиш фирмаси тайёрлов таъминот бўлими мутахассиси, 1997-1998 йилларда Андижон вилояти ИИБ ЖТСБ 1-махсус вазифаларни бажарувчи ротаси взвод командири, 1998-1999 йилларда Андижон шаҳар ИИБ 1-милиция бўлинмаси жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили, 1999-2001 йилларда Андижон вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси 1-бўлим тезкор вакили, 2-бўлим тезкор вакили, 2001 йилда Андижон шаҳар ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлинмаси бошлиғи бўлган.

Муҳаммаджон Нишонов 2001-2003 йилларда Андижон шаҳар ИИБ жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Босқинчилик ва ўзгалар мулкини талон-торож қилишнинг бошқа турларига қарши курашиш бўлинмаси бошлиғи, 2003-2004 йилларда Хўжаобод тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари – Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаси бошлиғи, 2004-2006 йилларда Андижон вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси терроризм ва унинг турли кўринишларига қарши курашиш бўлими тезкор вакили, жазони ижро этиш гуруҳи катта тезкор вакили сифатида ишлаган.

2006-2007 йилларда Қўрғонтепа тумани ИИБ Қорасув шаҳар милиция бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари - Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи, 2007-2011 йилларда Қўрғонтепа тумани ИИБ Қорасув шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, 2011-2014 йилларда Пахтаобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, 2014 йилда Шаҳрихон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, 2014-2016 йилларда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари - жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, 2016-2017 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари  фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари, 2017-2018 йилларда Марҳамат тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, 2018-2020 йилларда Андижон вилояти ИИБ пост патрул хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

У тайинловга қадар Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари - Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

2020 йил сентябридан буён Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Шокиржон Болтабоев соғлиғи ёмонлашгани сабаб ўз аризасига мувофиқ лавозимидан озод этилди. Муқаддам бу лавозимда кўп йиллар давомида Манзурахон Юнусова ишлаганди.

Мавзуга оид